Қашқадарё газетаси Маънавият КЎПЧИЛИК МУҲАББАТ ИЗҲОР ҚИЛГАН АЁЛНИ АСЛИДА ҲЕЧ КИМ СЕВМАЙДИ
Маънавият

КЎПЧИЛИК МУҲАББАТ ИЗҲОР ҚИЛГАН АЁЛНИ АСЛИДА ҲЕЧ КИМ СЕВМАЙДИ

Сараланган сатрлар

Гапни бироз узоқдан бошласак.

Биласиз, ирландиялик ёзувчи Жеймс Жойснинг “Улисс” романи дунё адабиёти оёғини осмондан қилиб ташлаган. Муаллифнинг ўзи бу ҳақда “…шунчалик кўп бошқотирма ва топишмоқларни йиғдимки, асрлар бўйи олимлар уларни еча олмай бош қотирсинлар, бу менинг абадий ўлмас бўлишимга кафолатдир”, дея ёзган.

Семюэл Беккет романга “Инглиз адабий тилида ёзилмаган, умуман ёзилмаган… у фақат кўриш ва эшитишга мўлжалланган” матн сифатида таъриф берган. Шу боис асар яратилгандан кейин француз ва итальян тилларига тўлиқ таржима қилинган бўлса-да, Европадаги бошқа тилларга ўгирилмаган. Сосреализм қолипидаги совет адабиётшунослиги романни “ХХ асрнинг энг маъюс, пессимистик руҳдаги асарлардан бири – “Улисс” романида ўзининг тўлиқ ифодасини топган Жойснинг нигилизми (ҳар қандай меъёр, принцип ва қонунларни инкор этиш) модернизм “евангелие”сига айланди”, дея субъектив тарзда баҳолаб, уни таржима қилишга шошилмаган.

Ёзувчи Назар Эшонқул роман ва унинг ўгирмаси ҳақида қуйидаги фикрларни баён этади: “Кўлами ва салмоғи жиҳатидан ХХ асрнинг энг йирик ва энг шов-шувли асари ҳисобланган, бутун Ғарб маданиятини ларзага келтирган “Улисс” дунёнинг қайси тилига таржима қилинмасин, ўзига хос миллий ҳодиса сифатида эътироф этиладиган асарлар сирасига киради. Бу асар таржимаси ҳар қандай тилни синовдан ўтказади, унинг қудратини кўрсатади, имкониятларини кенгайтиради. Таржима учун таниқли таржимон Иброҳим Ғафуровнинг жасоратига алоҳида тасанно айтиш керак. Чунки “Улисс” ҳар ким ҳам таржима қиладиган ёки таржима қилишга жазм этадиган асар эмас. Бу асарни машҳур Виржиния Вулф “роман-энциклопедия” деган бўлса, бошқа бир тадиқиқотчи ундаги мавзулар ва шарҳлар қамровини бутун бошли илмий текшириш институтига тенглаштирганди”.

Психиатр, психолог ва файласуф олим Карл Юнг асарни ўқиб, бундай деган: “Бўшлиқни ўзига жо этган етти юз эллик саҳифа бу – оппоқ қоғоз белгилари эмас, асло, аксинча улар тиғиз ва ўта зич мағиздор матн билан тўлдирилгандир. Сиз ўқийверасиз, ўқийверасиз, ўқийверасиз ва худди ўзингизни бир нарса ўқиётгандек тасаввур этасиз. Баъзи вақтларда баъзи жумлаларга дуч келиб, ўзингизни ҳаво бўшлиғи теранликларига қулагандай сезасиз ва шу тариқа тақдирга тан берганингиздан сўнг, ниҳоят ўқишга ўрганасиз…”

 “Улисс”нинг аксарият қисми импрессионистик руҳдаги стенограмма шаклида ёзилган бўлиб, бу асосан матнда “онг оқими”ни акс эттириш ниятида қўлланилган.

Ана энди асосий мавзуга яқинлашдик. Гап шундаки, шунча шов-шувларга, баҳс-мунозаралар-у эътироф ва инкорларга сабаб бўлган “Улисс” романи услуби ва ёзув техникасини Жойс француз адиби Эдуард Дюжардин қаламига мансуб “Дафналар кесилди” романи таъсирида кашф қилганини айтган экан!

Эътиборлиси, айни шу асар ўтган йили “Алп” нашриётида ёш таржимон Алишер Файзуллаев таржимасида ўзбек китобхонлари қўлига етиб борди. Янги нашриётнинг илк китобларидан бири!

Аслида асарда у қадар оламшумул гаплар ҳам йўқ. Даниел Принснинг кечки олти яримдан ярим тунгача бўлган ҳаёти ва ўй-хаёллари. “Улисс”да ҳам шундай: бир кунлик воқеалар тилга олинади. “Дафналар кесилди”да Париж манзараларини кўрсак, “Улисс”да Дублиннинг жуғрофий харитаси гавдаланади. Қаҳрамон ёлғиз, табиат гўзалликларига ошуфта, эҳтимол унинг ягона юпанчи ҳам табиат. Ёш актриса қизга кўнгил қўйган, қиз учун эса йигит пул ундириш воситаси, холос. Қачон қараманг, арзимас муаммолар гирдобида, буни эса камхарж йигит мўмай пул билан бартараф этиши керак.

Биласиз, қадимги Римда урушларда ғалаба қозонганлар бошига лавр япроғини қўйиб, музаффарлик, ғолибликни шу орқали акс эттирганлар. Дафналар кесилиши эса умидларнинг ўлиши, севги-муҳаббатнинг поёнига етишига ишорадир.

“Дафналар кесилди” романини ўқиб кўринг. Онг оқими йўналишидаги биринчи асар мазмуни нима эканини англаш, янгилиги, дунё адабиёти ривожига берган улуши не эканини тушуниш учун ҳам мутолаадан четда турманг.

*  *  *

Ва шакллар тартибсизлиги аро, жой ва маконлар, кўпаювчи ва туғилувчи ҳодисалар иллюзиясида бири қолганларидан, бири қолганлари каби, бошқаси бошқаларидан фарқ қилмайдиган, худди қолганларидек яна бир чексиз мумкин бўлган ҳаётларнинг биридан мен чиқиб келаман; ниҳоят замон ва макон пайдо бўлади; бу ҳозир; бу шу ер; соатлар занг уради; ва ҳаммаёқдан ҳаёт уфуради; вақт, жой, апрель оқшоми, Париж, ёруғ ғира-ширада қуёш ботади, якранг овозлар, оппоқ уйлар, шарпалар оқими; ёқимли шом ҳамда кимдир бўлиш шодонлиги, сайр; кўчалар ва одамлар оқими, узоқ осмоннинг – кўкнинг ҳадсизлиги; атрофда Париж куйлайди ва ноаниқ шакллар тутунида сассиз ўйларни шаклга келтиради.

*  *  *

Қани энди ўша ерда, қишлоқда, отамнинг уйида бўлиб қолсам, тунги далаларда ёлғиз, ёлғиз, ёлғиз кезсам! Кечаси қишлоқда таёқ кўтариб, қаддингни ростлаб, ҳар хил нарсаларни орзу қилиш, жимжитликда, улкан қишлоқларда, узоқ йўлларда кезиш бунча яхши, бунча яхши!..

*  *  *

У ўзига ишонади, демак, бахтиёр.

*  *  *

Ажойиб кунларнинг бирида у ўта тасодиф билан кўришиб қолган хонимча; хонимчаки, шаҳар паркига икки дугонаси билан борган; кейин йигит уни роса кузатган; кейин хат тутқизган; яна олти ой ўзидан тақводор ясайди; хонимча эса агар у журъат қилганида биринчи сафардаёқ “хўп” дермиш. Анави онахон ҳам; майда судхўр; албатта, тул бўлса керак; бирон зобитнинг беваси; ўзини Янсенда ғимир-ғимир қилиб юргандек кўрсатади; абадий муҳаббат романси. У нима деган бўларди, бизнинг гўл муҳандис? Ҳа, улар йигитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишибди. У ўзини севаман деб тасаввур қилади, қила бошлайди, аллақачон қилади ҳам; ўзини ўзи лақиллатганини ҳали билмайди; икки ойдан кейин бари ноз-у фироқ ўтиб кетишини хаёлига ҳам келтирмайди; уйланади. Ҳақиқий севги бундай бўлмайди, бундай тузилмайди, дунёга келмайди бундай, ва юрагимиз қинидан чиқса ҳам бу гўзал кунларнинг бирида, Монсо паркида шляпадўз-у беваларнинг бечора қизларига қармоқ ташлаб, уч гўзал қаршисида Парис ролини ўйнаб изғиганингда содир бўлмайди…

*  *  *

Оқшомги бекорчиликда, дераза олдида хаёл суриш, севгинг, севикли ёринг ҳақида ўйлаш ҳамда осойишта оқшомни томоша қилиб, орзу қилиш яхши; бахтиёр кечада севги ҳақида, пок ва маъсум бўлиши мумкин бўлган севикли ёр ҳақида хаёл суриб ўтириш яхши; оқшом сакинатида хаёл суриш яхши…

*  *  *

Бирор нарсага киришсанг, ҳе йўқ-бе йўқ ундан воз кечиш ярамайди.

*  *  *

Соддагина майин кўтарилаётган қўшиқ ва оддий ритм; муздек япроқлар ичра, тасодифан, ими-жими чиққан товушлар остида, ўсувчан, чинқироқ, ингичка овоз, майин қўшиқ, бир маромдаги ибодат, оҳиста рақснинг қатъий ритми; муҳаббат шундай пайдо бўлади…

*  *  *

…Чексиз ҳаётлар ичра якка-ёлғиз, фақат шундагина ўз йўлимни тутаман, бошқалар орасида бутунлай ёлғиз.

*  *  *

Умид деганлари бунчалар олис бўлмаса!

*  *  *

Муҳаббат севикли кўнгилда барқ уради; истак чорлар ва жазб этар; муҳаббат оҳанрабо дегани.

*  *  *

Оҳ, бунча оғир, ўлимдек зил-замбил бўлмаса бу зерикиш! Ақлдан озаман; ахир мен бахтли эмасми, бўлишим керакмасмиди?..

*  *  *

Шунчаки кутиш-у қай оламдалигингни билмасликдан даҳшат нарса йўқ.

*  *  *

– Севса бўладиган аёл жудалар кам; кўпчилик муҳаббат изҳор қилган аёлни аслида ҳеч ким севмайди.

Унинг ўзидан буни эшитиш нохуш; бу гапга нима деса бўлади, уни ранжитмаслик учун? нега севикли эмас у аёлларнинг бари; уларнинг ўзи буни истамаса керак.

– Агар аёл, – дейман, – севикли эмас экан, кўпинча у буни истамаслигидан.

…Чунки ҳар қандай аёл, у айбдорми ёки муносиб – нима қилганда ҳам суймаганга шерик.

*  *  *

Дераза ромига, боғга, дарахтлар орасига, деразам ортидаги баланд оғочлар ичига қўнган ажиб оқшом, бўм-бўш ва қуруқшаган улкан боғ, очиқ деразадан келаётган туннинг муаттар иси; кейин эса – бўм-бўш кўчалар-у суронли хиёбонларда сайр қилаётган тун, шарманка-ю содда лапарларда, қоронғида ҳам ўша-ўша майинлиги сезилган яна худди ўша тун…

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version