Қашқадарё газетаси Олам Лорд саройга ўрнатилган қимматбаҳо эшик нархидан норози
Олам

Лорд саройга ўрнатилган қимматбаҳо эшик нархидан норози

Британия парламенти ҳисоб палатаси Вестминстер саройи биноси қисмларидан бирида янги эшик ўрнатилиши факти бўйича текширув ўтказиш тўғрисида сўров олди. Бу ҳақда Sky News манбаси ёзган.

Сўров муаллифи юқори палата спикери лорд Жон Макфолл ҳисобланади. У эшик нархи ўрнатилиш вақтида нега 60 фоиз ўсганига аниқлик киритишни талаб қилган. Бундан ташқари, уни қиймати 9,6 миллион фунт бўлган жиҳоз тўғри ишламаётгани ташвишлантирган. Бу, ўз навбатида, ҳафтасига 2,5 минг фунт қўшимча харажатга олиб келади.

Эшик лордлар палатаси аъзолари Вестминстер саройига Эски сарой ҳовлиси томонидан кириши учун ўрнатилган. Аввалида унинг нархи ўрнатиш хизмати билан 6,1 миллион фунтни ташкил қилган, якунда эса қарийб 10 миллион фунтга етган.  Маълум бўлишича, эшик фақат ичкаридан тугмани босиш орқали очилади. Шу сабаб лордлар палатаси аъзолари ундан кириши учун доимо эшик олдида қўриқчи навбатчилик қилади.

Лордлар палатаси комиссияси муаммо қачон – ишлаб чиқариш, юкни етказиш ёки ўрнатиш босқичида пайдо бўлганига аниқлик кирита олмаган. Шунингдек, эшик тўғри ишлаши учун унинг конструкциясига қандай ўзгариш киритиш кераклиги ҳам номаълум.

Жон Макфолл ҳисоб палатасидан лойиҳадаги эшик ўрнатиш, ишлаб чиқарувчини танлаш ва таснифлаш қарорининг сифатини баҳолашни сўраган.

Exit mobile version