Актёр ва жанг санъати устаси Брюс Лига бағишланган Гонконгдаги мухлислар музейи ёпилди. Бу ҳақдаги хабар Брюс Ли расмий мухлислар клубининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасига жойланган.
Музей коллекцияси икки мингта артефакт – ҳайкаллар, журналлар ва ноёб кадрларни ўз ичига олган.
«Харажатлар бизни Брюс Ли руҳини қўллаб-қувватлаш учун бор ресурсларимиздан самаралироқ фойдаланиш ҳақида ўйлаб кўришга мажбур қилди», деган музей вакили.
Музей даромадлари коронавирус пандемияси давридаёқ тушиб кетган. У қайта очиладими ёки йўқлиги номаълум.
Расмий мухлислар клубига Брюс Лининг оиласи асос солган. У билан боғлиқ артефактлар жой олган кўчма музей дастлаб 2000 йилда Гонконгдаги бошқа нуқтада очилган. Кейин кўп йиллик танаффусдан сўнг 2019 йилда қайта фаолият бошлаган.