Шарҳ
Баҳор келиб, борлиқ яшилликка бурканди. Ўт-ўлан, турли дарахтлар қаторида тутлар ҳам барг ёзди. Бу пиллачилик мавсуми яқинлигидан дарак. Президентимизнинг жорий йил 6 мартдаги «Ипакчилик соҳасини янги тизим асосида ривожлантириш ҳамда озуқа базасини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори пиллачилар учун имкониятлар эшигини янада кенгроқ очганидан илҳомланган тармоқ фидойилари бугун тараддудда. Марралар белгилаб олинди, уларга эришиш асносида қишлоқ иқтисодиётини қайта шакллантириш, одамларнинг турмуш тарзини ўзгартириш, янги даромад манбаларини яратиш стратегияси ҳам амалга оширилиши назарда тутилган.
Қисқа ва лўнда қилиб айтганда, қарорнинг мақсади республикамизда ипакчиликни янада ривожлантириш, ипак қуртини парваришлаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, пилла етиштириш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда ипакчилик корхоналари қувватларини ошириш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлашдан иборат.
РЕЖА МАЪЛУМ, РАFБАТ ЗЎР
Қарорда 2030 йилгача ипакчилик соҳасини ривожлантириш ҳамда озуқа базасини мустаҳкамлашнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланган. Унга кўра, республикада тирик пилла етиштиришни 2026 йилда 30 минг тонна, 2030 йилда 36 минг тоннага, экспорт ҳажмини эса мос равишда 120 миллион АҚШ долларидан 300 миллион АҚШ долларига етказиш кўзда тутилган. 200 миллион туп тут кўчати экиш орқали озуқа базаси 45 фоизга оширилади. Пиллани чуқур қайта ишлаш даражаси 2026 йилда 30 фоизга, 2030 йилга бориб 75 фоизга етказилади. Ҳар йили камида 500 минг киши мавсумий ва 50 минг киши доимий иш ўрни билан таъминланади.
Мазкур ҳужжатда юртимизда ипакчиликни ривожлантиришнинг аниқ мақсадлари, амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар, имтиёзлар батафсил ўз ифодасини топган. Унга кўра, энди Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан пилла етиштирувчиларга, яъни ипак қурти боқувчи бўладими, касаначими, уларга «маҳалла еттилиги»нинг коллегиал қарори асосида пиллачилик кластери ҳақиқатда пилла учун тўлаб берган маблағларнинг 35 фоизи миқдорида субсидия ажратилади.
Яна бир жиҳати, Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги балансидаги ер майдонларида ташкил этиладиган тутзорларда пилла кооперативи тузиш мақсадлари учун ушбу кооператив аъзоси ҳисобланадиган камбағал оилаларга, яъни битта оиланинг бир нафар аъзосига фақат бир марта 4 миллион сўмдан субсидия ажратилади.
Уруғчилик корхоналарига ипак қурти уруғларини тайёрлаш фаолиятига жалб этиладиган ҳар бир мавсумий ишчи ойлик иш ҳақининг 50 фоизи, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки бараваридан ошмаган қисми компенсация қилиб берилади.
Бундан ташқари, ипак қуртини парваришлашда зарур бўладиган асбоб-ускуна ва жиҳозларни сотиб олиш учун касаначиларга 3 йил муддатга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача миқдорда фоизсиз ссуда берилади.
ТУТ ЭКИШ – БУ ФАҚАТ ИПАКЧИЛИК УЧУН ЭМАС
Ипакчиликнинг асоси – тут дарахти. Қарорда айнан шу масалага катта урғу берилиши бежиз эмас. Чунки озуқа базаси бўлмаса, пиллачилик ҳам ривожланмайди.
Тут эса шундай экинки, у нафақат иқлимга мос, балки ерни «тирилтиради», унинг унумдорлигини оширади. Демак, тут экиш – бу фақат ипакчилик учун эмас, балки экология ва ер учун ҳам фойда. Энг муҳими, қарорда назарда тутилганидек, бу жараёнда қишлоқ аҳолиси янги иш ва даромад манбаига эга бўлиши.
Озуқа базасини 2026-2030 йилларда босқичма-босқич кенгайтириш мақсадида мамлакатимизда 8 минг гектар майдонда янги тутзорлар барпо этилади. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 41,5 минг гектар майдонда якка қатор тут кўчатлари экилади. 15 минг гектардаги тутзорлар реконструкция қилинади. Бу даврда 64 минг 539 гектар майдонга 198 минг 894 туп тут кўчатлари ўтқазилади.
Тутзорлар майдонининг кенгайиши маҳсулот ҳажмининг ошишини таъминлайди. Натижада пилла етиштириш кўрсаткичлари ҳам ортиб боради. 2030 йилга қадар умумий қиймати 200 миллион долларлик 21 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш хом ипакни қайта ишлаш ҳажмини 3 минг тоннага етказиш ҳамда 18,5 миллион погон метр ипак мато ишлаб чиқариш имконини беради.
Қарорда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда пиллачилик кластерлари томонидан 2026-2028 йилларда 450 та янги қуртхона қурилиши режаси ҳам акс этган.
Яна бир муҳим янгилик – кластер тизими. Бу тизим орқали тут экишдан тортиб, тайёр маҳсулотгача бўлган барча жараёнлар бир занжирга бирлаштирилади. Бу нима беради? Аввало, ишлар тизимли ташкил этилади. Иккинчидан, маҳсулот сифати ошади. Учинчидан эса ҳар бир иштирокчи, фермердан тортиб ишчигача манфаат кўради.
МЕҲНАТНИНГ «МЕВА»СИ ҲАМ БЎЛАДИ
Меҳнатнинг самараси яратилган имконият ва шарт-шароитларга кўп жиҳатдан боғлиқ. Қарорда ипакчиликни ривожлантириш борасида бир қанча солиқ имтиёзлари ҳам белгиланган. Хўш, бу имтиёзлар нималардан иборат?
– 2026 йил 1 январдан 2029 йил 1 январга қадар пиллачилик кластерларининг пилла етиштириш ва сақлаш учун фойдаланиладиган бино ва иншоотлари мол-мулк солиғидан ҳамда улар эгаллаган ер участкалари ер солиғидан озод қилинади, – дейди вилоят солиқ бошқармаси давлат солиқ бош инспектори Суҳроб Боқиев. – Бу даврда ипакчилик фаолиятидан, яъни сертификат асосида «4 А» ва ундан юқори сифатдаги хом ипак, ипак момиғи, ипак калаваси, ипак мато, ипакдан тайёр маҳсулотлар учун олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг камида 70 фоизини ташкил этган ипакчилик корхоналарига фойда солиғи ставкаси 2 фоиз миқдорида белгиланади.
Қарорда ипак мато ва ипакдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни жорий қилган корхоналар учун ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада белгилаш ҳам кўзда тутилган. Бунда ушбу имтиёз ҳар ойда ўртача иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланган ва ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш фаолиятидан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг камида 60 фоизини ташкил этган корхоналарга тақдим қилинади.
Эътиборли жиҳати, ипак қурти уруғларини тайёрлаш ва қуртхоналарда пилла етиштириш бўйича мавсумий ишларга жалб қилинган аҳолининг мазкур фаолиятдан олган даромади жисмоний шахслардан олинадиган даромад ва ижтимоий солиқларнинг солиққа солиш объекти сифатида ҳисобланмайди.
Янги қарорнинг энг аҳамиятли жиҳатларидан бири – инсон манфаатининг устуворлигидир. Энди пилла етиштирувчи оддий оила ҳам ўз меҳнати натижасини яққол ҳис қилади. 35 фоизлик субсидия, фоизсиз ссудалар, кам таъминланган оилалар учун ажратиладиган маблағлар – барчаси одамларнинг бу соҳага қизиқишини оширишга хизмат қилади.
83 ТА ҚУРТХОНА ЯНГИДАН ҚУРИЛАДИ
Қашқадарё – меҳнаткаш инсонлари, кенг далалари ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзига хос тажрибалари билан танилган ҳудуд. Ана шу имкониятлардан унумли фойдаланиш лозим.
– Вилоятимизда 2030 йилга қадар тирик пилла хомашёсини етиштириш ҳажмини 3 минг 475, хом ипак тайёрлашни эса 386 тоннага етказиш режалаштирилган, – дейди «Қашқадарё агропилла» МЧЖ бош агрономи Баҳодир Шоймардонов. – Қарорга кўра, пилла хомашёсини қайта ишлаш ҳажмининг 77 фоизга етказилиши натижасида 2 минг 980 погон метр ипак мато ишлаб чиқаришга эришилади. 2026-2028 йилларда воҳамизда қиймати 16,6 миллиард сўмлик 83 та қуртхона янгидан қурилади.
2026-2030 йилларда 5 минг 367 гектар майдонда 14,6 миллион туп тут кўчатини ўтқазиш мўлжалланган. Бундан ташқари, янги барпо қилинадиган 1 минг 102 гектар тутзорларда 4,7 миллион туп тут ниҳоли экилади. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 4 минг 102 гектар ерда 9,09 миллион туп тут кўчатини экиш мўлжалланган. Шунингдек, бу давр мобайнида вилоятдаги мавжуд 7 минг 864 гектар майдондаги тутзорлардан 163 гектари реконструкция қилинади.
Жорий йилда вилоятимиз пиллакорлари 48 минг 391 қути пилладан 2 минг 904 тонна ҳосил олишни мақсад қилишган. Бу кўрсаткичлар йиллар кесимида ўсиб боради ва 2030 йилга бориб жами 3 минг 475 тонна пилла тайёрлаш кўзда тутилган.
Китоб, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларининг тоғ олди ҳудудларида пиллачилик комплексларини ташкил этиш мақсадида йирик тут плантациялари барпо этилади.
БАРЧАСИ МАМЛАКАТ ТАРАҚҚИЁТИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Янги қарор билан аввало мамлакатимизда ипакчилик соҳасини ривожлантиришнинг янги даври бошланди. Аниқ мақсадли кўрсаткичлар кейинги тўрт йилдаги натижаларни таҳлил қилиш имконини беради. Пилла етиштирувчилар ва аҳолининг даромади ортади. Банд бўлган кишилар сони кўпаяди. Меҳнатга муносабат яхшиланади.
Яна бир гап, ипакдан тайёрланган маҳсулотлар хорижий мамлакатларда анча харидоргир бўлиб, қиммат баҳоланади. Шундан келиб чиқиб, ипакчилик билан боғлиқ ҳунармандлик турларини ривожлантириш ҳам долзарб ҳисобланади. Бу, бир жиҳатдан, вилоятда туризмни ривожлантириш борасидаги муҳим омиллардан бири бўлиши аниқ.
Соҳага рақамли технологияларни кенг жорий қилиш ҳам шу куннинг муҳим масалаларидан бири. Озуқа базасининг ҳисоби, корхоналар реестри, соҳадаги ҳисоботлар ва ҳисоб-китобларни электрон шаклда юритиш бўладими, уруғлик ва пилла хомашёси ҳажмлари, пилла қабул қилиш пунктларини реал вақт режимида мониторинг қилиш жараёнларини қамраб олган ягона ахборот тизими ишлаб чиқиш бўладими – барчаси мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилади.
Абдураззоқ МУРОДОВ