АҚШнинг Флорида штатида ўн уч ёшли ўқувчи ChatGPT чат-ботига қотилликни режалаштириш бўйича сўров киритгани ортидан ҳибсга олинди. Бу ҳақда Techoreon нашри маълум қилган.
Воқеа Волуша округидаги South Western Middle School ўрта мактабида рўй берган. Gaggle мактабни мониторинг қилиш тизими ChatGPT фойдаланувчиси берган: «Дарс ўртасида дўстимни қандай қилиб ўлдираман?» деган саволни аниқлаган. Бу маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари ва таълим маскани раҳбариятининг масалага зудлик билан аралашувига олиб келган.
Округ шерифи офиси воқеани мактабдаги фавқулодда ҳолат сифатида баҳолаган. Етиб келган ходимлар ўсмирни ҳибс қилиб, уни вояга етмаганларни сақлаш марказига олиб кетишган. Ўқувчига нисбатан илгари сурилган айблов ва унга берилиши мумкин жазо ҳақида маълумот йўқ.
Сўроқ вақтида ўсмир ChatGPT берган жавобни ўзининг жаҳлини чиқарган синфдошига жўнатиб, шунчаки ҳазиллашганини айтган. Бироқ расмийлар «бундай мулоҳазани зарарсиз ҳазил деб бўлмайди», деган фикрда.
Округ шерифи бу ҳолатни «мактабда фавқулодда вазият келтириб чиқарувчи яна бир найранг» деб атаган ва ота-оналарни болалари билан рақамли платформалардаги бундай хабарларнинг жиддийлиги ҳақида суҳбат ўтказишга чақирган.