Қашқадарёга оид
Манғит номли уруғ, қишлоқлар ҳақида эшитгансиз албатта. Бу номнинг маъноси ҳақида ҳеч қизиқиб кўрганмисиз?
Тўра Нафасовнинг «Қашқадарё қишлоқномаси» китобига кўра, манғит ўзбек халқи таркибидаги энг қадимий йирик қабила бўлиб, оқманғит, қораманғит, чолманғит, бойғундиманғит, тўқманғит, ўникки, чаламанғит каби бўлинмалари, темирхўжа, эсабой, эсат, гувалак, кўса, тоз, қорабайир, бақирчи, човқай, кулатамғали, манғитқозоқ, галаботир, бешкал, чолбакчак, уз, уволай каби уруғ тармоқлари бўлган. Айни шу бўлинма ва уруғ тармоқларидан ҳам кўпгина қишлоқларимиз маъносини янада яқинроқ билиб олсак бўлади.
«Ўзбекистон жой номларининг изоҳли луғати»да қайд этилишича, манғит – туркий, мўғул, тунгус-манжур тилларига, яъни уларнинг ўтмишдаги олтой боботилига тегишли сўз бўлиб, мўғулча шакли «мйангат», яъни «минглар» демакдир. Мўғулча-русча луғатда бу сўзга «монгол қабиласи» деб изоҳ берилган, минг сони мўғул тилида «манга»(н) сўзи билан ифодаланган. Мянгат – мингталик дегани. Уруғ-қабила номларида уч, беш, олти, етти, тўққиз, қирқ, юз, минг сонлари қўлланганини эътиборга олиб, мутахассислар манғит этнонимини «минглар» дея изоҳлашган.
Манғит деган ном Ўзбекистоннинг қарийб барча туманларида учрайди. Хусусан, Қаршининг шундоқ биқинида Тўқманғит, Ғузорда Манғитгузар, Қамашида Манғиттўп, Иштихонда Манғиттепа, Пастдарғом ва Ургутда Оқманғит, шунингдек, Хўжаобод, Жондор, Бувайда, Данғара туманларида манғит номи билан аталган жойларни кўриш мумкин. Хоразмнинг Гурлан, Ҳазорасп туманларида Мағитсолма, Манғитйоп каби қишлоқлар ҳам бор.