Покистон хавфсизлик кучлари Исломободда уюштирилган ва ўттиздан ортиқ инсон ҳаётига зомин бўлган теракт ташкилотчиси ҳамда унинг уч нафар ҳамтовоғини қўлга олди. Бу ҳақда The News газетаси хабар тарқатган.
Нашр маълумотларига кўра, жиноятчилар шимоли-ғарбий Хайбер-Пахтунхва провинциясида ушланган. Ҳужум ташкилотчиси «Ислом давлати» террорчилик гуруҳига алоқадор бўлган ва Афғонистонда тайёргарликдан ўтган. Қўлга олиш амалиёти вақтида хавфсизлик кучларининг уч нафар ходими жабрланган. Яна бир нафари эса олган жароҳатлари сабаб вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган жума куни Исломободдаги масжидда портлаш бўлганди. Натижада жароҳатланган 200 кишидан 31 нафари ҳаётдан кўз юмган.
Масжид назоратчиси сўзларига кўра, уч нафар теракт ижрочиси портлашдан олдин бинога бостириб кириб, маҳаллий қўриқчини жароҳатлаган.
Мамлакат мудофаа вазири Хўжа Асиф «ҳужумга алоқадор террорчилар аввалроқ Афғонистонга бориб-қайтишгани аллақачон исботланган»ини айтган.