Сараланган сатрлар
Тарихдан яхши биласиз, Эроннинг сўнгги шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавий 1979 йилда тахтдан ағдарилган ва мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган. АҚШ, Буюк Британия ва совет иттифоқи босими остидаги мамлакатда ўша йилдан эътиборан монархлик тузумига чек қўйилган. Паҳлавийнинг кейинги ҳаёти эса хор-у зорликда кечган. Муттасил у давлатдан – бу давлатга кўчишлар, сиёсий хўрлик ва бир неча оғир касалликлар оқибатида сўнгги шоҳ бу ёруғ оламни тарк этган.
Муҳаммад Козим Мазиноний қаламига мансуб “Сўнгги (ш)оҳ” романи ХХ асрнинг машҳур ва мунозараларга бой давлат арбобларидан бири сифатида тарих саҳифаларидан ўрин олган, Эрондек мавқеи баланд давлатни 37 йил мобайнида бошқарган шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий ҳаётининг сўнгги, аянчли кунлари ҳақида ҳикоя қилади.
Ҳозирги замон Эрон шоири, адиби ва танқидчиси Юсуф Али Миришкор “Сўнгги (ш)оҳ” романи Мазинонийнинг шоирлик, тарихнавислик ва носирлик истеъдоди қоришмаси ҳосиласи бўлиб, асар форс адабиётига магик реализм тамойилларини олиб кирди, роман замонавий форс адабиётида алоҳида ўринни эгаллаб улгурди. Бошқача қилиб айтганда, “Сўнгги (ш)оҳ” “Насрда ёзилган тарихий шеърдир”, дея таъриф берган бўлса, замонавий Эрон адибаси Билқис Сулаймоний романни “тавбанома” деб атаган.
Асарни ўзбек тилига таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад ўгирган.
* * *
Тарих сенга мана шундай – кўз кўриб, қулоқ эшитмаган энг мудҳиш ва кулгили даврларда шоҳлик мартабасига эришиш ва жирканч ўлим топиш қисматини раво кўрганди. Подшоҳлик тахтида ўтирар экансан, адо этаётган мартабангдан маст бўлиб ҳамманинг ва ҳар бир кишининг кўз ўнгида майна бўлдинг. Ўзингни шафқатсиз кўрсатмоқчи бўлар эдингу аслида ўтакетган нозик ниҳол эдинг, курашмоққа шай тургандек эдингу ўтакетган қўрқоқ эдинг.
* * *
Худди мана шу жойда бир ёш аёл оғир касал гўдагини ўлиб қолди деган хаёлда қор бўралаб ёғаётган ва бўрон забтига олган бир пайтда сағана қоровули ихтиёрига топширгану эрининг ортидан пойтахтга жўнаворган. Қоровул кейин дафн этарман деган ўйда майитни отхонага олиб бориб қўйган. Она эса ўша об-ҳаво шароитида пойтахтга етиб боришига кўзи етмай изига қайтган ва отхонага кириб не кўз билан кўрсаки, боласи тирик! Музлаганидан ўлар ҳолга тушган, лекин эшакларнинг иссиқ нафасида жон сақлаган ўша гўдак мен… мен эдим… Мен – Ризо Паҳлавий эдим!
* * *
Вориси бўлмаган шоҳнинг паймонаси аянчли тугаши муқаррар: юз карра ишонч билан айтиш мумкинки, бундай подшоҳ охир-оқибат маҳв этилади! Мамлакатга эгалик – майнабозчилик ёхуд ўйин эмас. Истиқбол борасида ҳеч бир банда аввалдан башорат қилолмагай.
* * *
Эҳромларни кўряпсанми? Минг йиллардан буён турибди улар вақт залварини зиммаларига ортиб. Ҳаёт шарпасидан мосуво бўлган бу маҳобатли иншоотлар ўлимни қўриқлаш мақсадида бунёд этилган – фиръавнлар ўлимни масхаралаш мақсадида ўз жасадларини мумиёлаб уларнинг ичига жойлаштириб қўйганлар, эҳтимол улар ўлимнинг устидан тоабад майна қилиш учун ҳам шундай қилишган чиқар? Айни шу боисдан ҳам на қушлар, на гуллар, на-да дарахтлар эҳромлар билан дўст тутинадилар…
* * *
Уч валломат-раҳнамодан фақат Сталин онанг ва эгизак синглинг билан биргаликда қабулига таклиф қилди; ва мамлакатингда “ириб-чириган монархлик тузуми”га барҳам беришни – шу йўл билан сен тарихда эзгу из қолдиришинг мумкин, деган таклифни айтди. Таклифга шунчаки илжайиш билан жавоб қайтардинг, холос. Дунёни ларзага солиб турган давлат бошлиқлари-ю уларнинг бу қадар беписандликларини ҳеч қачон ёдингдан чиқармайсан ва уларга қақшатқич зарба бериш фурсати келишини орзиқиб кутасан.
* * *
Энг оғир кунларда сендан юз ўгирган нусхалар қурбонликка аталажак лаҳм этлар илинжида тўпланиб туришибди. Кўнглингга келган гапни ўзингча такрорлаб қўйдинг: “Мағлубият – етим, ғолибликка ота бўлиш даъвосидагилар эса истаганча топилади”, деган нақл қанчалар тўғри-я!”
* * *
Кузнинг шу олтин кунларида ўз фуқароларингни ўз кўзинг билан кўриб, кузатиб ғалати ҳолатга тушдинг. Улар одамдан кўра тупроққа, ҳайдалган ерга ўхшайди. Жазирама офтобда куйиб қорайган чеҳралар, қўллари ишлатилган хом ғиштлардек куйиб ёрилиб кетган; назарингда, тирикка ҳам ўхшамас эдилар.
* * *
Аҳвол шу даражага етдики, қайсар қари мулла тахт минбаридан туриб ҳайқирди:
– Жаноб шоҳ, мен сени огоҳлантириб қўяй… Мен сенинг ҳақиқий шоҳ бўлишингни истайман, ёлланма малай эмас…
Сен эса яна унинг гапига қулоқ осмадинг, бунинг устига, уни ватандан бадарға қилдинг. Шундай чоралар орқали норозиликлар илдизига болта уришни мўлжалладинг… Ваҳоланки, ўша қария – мулла келажакни олдиндан кўра билган, сен эса кўра билмаган экансан. “Менинг тарафдорларим бешикларда ётибди”, деганди-я.
* * *
– Не сабабдан шу-унча тасвирлар орасида бирорта аёл кишининг сиймоси кўринмайди? – совет ҳукуматининг раҳбари шундай деб савол қотди ва унга ўхшатиб жавоб қайтардинг:
– Акс ҳолда форслар мана шундай тамаддунга эришмаган бўлур эдилар!
* * *
Дунёнинг қайси бир бурчагида қайси бир монархни тахтдан ағдарсалар, сен оёқ қўйиб турган замин қўпорилгандай, гўё сенинг паймонанг тўлгандай туюлар, устига-устак, тахтдан ағдарилган раҳнамони ўзингга яқин ҳис қилиш ҳам эмас, унинг ери билан яқинлик ёхуд олислик сенинг ҳаловатингни ўғрилар эди. Афғонистон қироли юртидан қувилиб, кўчада қолган гадодек Римда сандироқлаб юрганида сен унинг учун данғиллама уй сотиб олиб бердинг ва ҳамма харажатларини ўз ёнингдан тўладинг, ҳатто тамакиси учун ҳам пул ўтказгандинг; ҳар ойда ўн минг доллардан тўловни-ку, айтмаса ҳам бўлади. Ўша қиролнинг ўғлини, қизини ишга жойлаганинг-чи! Ахир сен ўзингни дунёдаги барча шоҳларнинг, уларнинг фарзандларигача халоскори деб ҳисоблардинг.
* * *
Эсимда, совет элчиси тўсатдан: “Нима сабабдан Америка биринчи рақамли жосусни Эронга элчи қилиб жўнатди?” деб сўраб қолди. Бош вазир шу қадар назокат билан жавоб қайтардики, шўролар элчисини мулзам ҳам қилиб қўйди: “Негалиги равшан: улар бизнинг дўстларимиз-да, шунинг учун ҳам бизга ўнинчи даражали элчини раво кўришмаган!” деса бўладими?!”
* * *
Марокаш қироли бизнинг юртга ташриф буюрганида очиқчасига ҳаваслар қилганди-я! У қайтиб кетгач, САВАК хизмати унинг Рамсер саройидаги хоналардан бирида ўз қўриқчилари бошлиғи билан суҳбатини ёзиб келтирганди: “Шундай бойликлар кимга насиб этганини қаранг, – деганди у. – Тоғлар, чўллар, ўрмонлар, икки денгиз, нефть ва газни айтмайсизми! Худо ҳаққи, шулар менда бўлганида борми, нималар қилган бўлар эдим!” Шундай гапларни айтган жаноб, мана, қуёшнинг қаҳрига учраб, куйиб кул бўлаёзган юртидан қувиб чиқармоқда.
* * *
Энг мустаҳкам иморат ҳам зилзиладан вайрон бўлмайди, балки уларни чумолилар кемириб битиради!
* * *
Гоҳида вақтидан илгари келишдан кўра ўз вақтида етиб келган маъқул!
* * *
Ҳеч қандай илтифотга ўрин қолмаган музокараларда ўқ муҳокама тилига айланади.
* * *
Бу резги давлатнинг бош вазири нима деб кепти дегин: бир миллион доллар зарур бўлиб қолибди!.. Бу давлатнинг ҳисобларида қумга тушган сувдек йўқ бўлиб кетган пулларим кўз ўнгимдан ўтди ва ҳар қандай илтифотни йиғиштириб қўйиб, жавобини бердим: “Бу тахлит келишингиз рисоладагидек эмас…” У ҳам айлантириб ўтирмади. “Сиз ўзи халқингиз ватанидан қувиб юборган дарбадарсиз-да…” деди безрайиб. Умрим бино бўлиб расмий одамдан бу қадар тубан муомалани эшитмагандим…
* * *
Ёдимда, Совет иттифоқига борганимда Хрушчев киши билмас қилиб, ўз мамлакатининг қудратини писанда қилганида, мен, “Орамиздаги фарқ шундаки, бизнинг осмонимизда ҳамон Парвардигор бор…” деганман. У чурқ этолмай қолган.
* * *
Миядан бошқа барча аъзолар фаолиятдан тўхтади. Миянг музлаши қолди. Умринг мобайнида бирор марта онгу шууринг бу қадар ҳолдан кетмаганди. Марказий асаб тизими қарийб ҳаракатдан тўхтади, онг-у идрокинг томон миллион хабарлар узатишдан қолди. Миянинг одатдаги вазифаларидан енгил тортиши ва унинг янги имкониятга етишуви шу: фосфор шуъласи сингари ва инсон кўрмаган дунёни англамоғи учун милтиллаб туриши мана шу. Ўлимдан кейинги ҳаётга кириб бориш ва руҳ коинот зарраларига қўшилиб кетиши учун ягона лаҳза, сония мана шу.
* * *
Шоҳдир, гадодир, ҳар банда ўз амалларининг мевасини у дунёда ўзи кўради.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.