Шаҳрисабз ҳақида гап кетганда унинг тарихий манзиллиги, хушманзара табиати, уддабуро одамлари ва, албатта, Мираки тилга олинади. Нега? Чунки ёзнинг жазирамасида юзлаб, ҳатто минглаб салқинлик қидирганлар, ҳордиқ истаганлар шу маҳалла ҳудудидаги дарё бўйларини бир муддат қўноқ тутишга одатланишган. Мавсумда бу манзил нафақат қашқадарёликлар, балки Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Самарқанд каби қўшни вилоятлар ва юртимизнинг бошқа ҳудудларидан келган маҳаллий сайёҳларга тўлиб-тошади.
Бунёдкорлик
Бироқ, тан олиш керак, улар учун яратилган қулайликлар ҳаминқадар эди. Бир-иккита тадбиркор йўлга қўйган замонавий шарт-шароитли қўноқ жойларини айтмаса, маҳаллий аҳоли вакиллари хонадонига туташ дарё бўйи ерларида ўрнатган чорпоя ёки тупроқ уюмидан ҳосил қилинган мўъжаз сўрилар меҳмонлар учун таклиф этиларди. Шунда ҳам талаб катта, сайёҳлар оқими кўп эди мавсумда. Аслида ана шунинг ўзиёқ Мираки туризм имкониятлари ҳақида тасаввур уйғотиш учун етарли бўлади. Фақат ҳудудда бу тармоқни ривожлантиришга замонавий ёндашув билан инфратузилма яратиш кутилаётганди.
Ниҳоят шу кунлар келди. Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли турмуши билан танишиш мақсадида 2023 йил 24-25 октябрь кунлари Қашқадарё вилоятида бўлганида давлатимиз раҳбарига Шаҳрисабз, Китоб ва Қамаши туманларида туризмни ривожлантириш лойиҳалари тақдимот қилинди. Ушбу қишлоқларда инфратузилмани яхшилаб, сайёҳлик йўналишларига киритиб, аҳоли учун даромад манбаларини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар олинди. Шундан кўп ўтмай, аниқроғи ўтган йил 28 ноябрда Президентнинг «Қашқадарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм объектларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниши билан Миракида ҳам туризмни ривожлантириш йўналишидаги ишлар импульс олди.

Ҳужжатда кўрсатиб ўтилганидек, хорижий давлатларнинг малакали экспертлари ва етакчи компаниялари иштирокида, ривожланган давлатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилган мастер-режага мувофиқ Мираки, Амир Темур, Улоч ва Полмон маҳаллалари ҳудудидаги умумий майдони 240 гектар бўлган ер участкасида замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари ва туризм инфратузилмаси объектлари, жумладан, меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, соғломлаштириш ва савдо-кўнгилочар объектлари, дор йўли ва бошқа туристик аҳамиятга эга объектлар барпо этила бошланди.
Бугун бу манзилга йўли тушган одам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда кетаётганига гувоҳ бўлади. Айрим лойиҳалар тайёр бўлиб қолаёзган, яна бошқалари якунланиш арафасида, қурувчию махсус техникалар янги-янги иншоотларда тинмай ишлаяпти.
– Белгиланган майдонларда мастер-режага асосан қиймати 117 миллион долларлик 48 та меҳмонхона, меҳмон уйлари ва аҳоли дам олиш масканлари қурилиши лойиҳалари амалга оширилаяпти, – дейди Қашқадарё вилоятида туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқариш департаменти раҳбари ўринбосари Жавоҳир Тожиев. – Объектларимиз бирин-кетин бўй кўрсатиб қолди. 1100 ўринли иккита меҳмонхона, учта хостел, шунча ресторан ва савдо-кўнгилочар комплекси, 1,7 километрлик дор йўли шулар жумласидан. Яна кўплаб нуқталарда тегишли лойиҳалар доирасидаги ишлар бошланган.
Дарҳақиқат, Миракида олиб борилаётган қурилиш, бунёдкорлик ишлари ҳажми жуда йирик. У автомобиль йўллари, ичимлик, оқова сув, электр, алоқа, интернет тармоқларини қуриш ва таъмирлаш ишларигача қамраб олган.
– Охирги икки йилда маҳалламизда бўлаётган ишларни кўриб, ҳар куни шу ерда бўлсак-да, ҳайратимиз ошади, – дейди миракилик Зулфия Аллаева. – Қисқа вақтда бундай ўзгаришлар бўлиб кетишини тасаввур қилиш қийин. Ана шу саъй-ҳаракатлар натижасида 1,7 мингта янги иш ўрни яратиш кўзда тутилгани ортидан эса шунча одам ишли бўлади, қандай яхши.
Айтишларича, ҳар ёз мавсумида Миракига дам олиш учун ўртача 500-600 минг нафар маҳаллий аҳоли вакиллари келади. Бу ерда бошланган туризмни ривожлантириш йўналишидаги лойиҳалар рўёби билан улар сафига хорижий сайёҳлар ҳам қўшилиши ва бу рақам икки-уч ҳисса ўсиши тайин.
Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5 декабрдаги «Ғелон» туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори Миракидан бироз юқори тоғли-рекреацион ҳудуддаги 2,9 минг гектар майдонда замонавий меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туристик аҳамиятдаги бошқа объектлар барпо этилишига асос туғдиргани Шаҳрисабзда туристик салоҳиятни ошириш бўйича бошланган ишлар изчил давом эттирилишидан дарак беради.
Мақсад – ишга туширилмаган мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш ҳисобига туристларни кенг жалб қилиш, одамлар учун табиат қўйнида замонавий дам олиш шароитларини яратиш, шу орқали тоғли ва чекка ҳудудлардаги аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг даромад манбаини кенгайтириш…
Баҳодир ҲАЛИМОВ