Қашқадарё газетаси Жамият “Медиа ҳафталик” – Қашқадарёда
Жамият

“Медиа ҳафталик” – Қашқадарёда

Президент Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ташаббуси асосида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда республика ҳудудларида ўтказилаётган «Медиа ҳафталик» Қашқадарёда давом этмоқда.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, матбуот котиблари ва ахборот хизмати раҳбарлари, блогерлар, медиа мутахассислар ҳамда соҳага иштиёқманд ёшларни жам қилган ҳафталик доирасида бугунги медианинг долзарб масалаларига оид турли давра суҳбатлари, мастер-класслар, амалий машғулотлар, тренинглар, медиа-лойиҳалар тақдимоти ва ижодий учрашувлар ўтказилмоқда.

Уларда «Президент фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритишнинг асосий йўналишлари», «Йирик сиёсий тадбирларни ёритиш: муҳим нуқталар ва жараёнлар таҳлили», «Коррупцияга қарши курашишда ОАВнинг роли», «Сўнгги ўн йилликдаги ўзгаришлар динамикаси: ютуқлар, ҳудудий ўзгаришлар ва муваффақиятли лойиҳаларни холис ёритиш», «Ижтимоий масъулият, касб этикаси ва медиа қонунчилиги: риск, репутация ва стратегик қарорлар», «Давлат дастурлари ва «Ўзбекистон-2030″ стратегиясини ёритиш: энг муҳим нуқталар», «Журналистлар учун ҳуқуқий хавф зоналари», «Стратегик коммуникация: ташкилот имижини шакллантириш, проактив ёндашув ва рақамли PR стратегияси» сингари долзарб мавзуларда мулоқотлар кечаяпти, амалий кўникмалар ҳосил қилинмоқда. Сунъий интеллект технологияларини ОАВда қўллаш, ижтимоий тармоқларда контент яратиш ва самарали коммуникация стратегияларини ишлаб чиқиш каби муҳим йўналишлар ҳам қамраб олинган.

Қашқадарёда душанба куни бошланиб, беш кун давом этиши белгиланган «Медиа ҳафталик» иштирокчиларда назарий ва амалий билимларни бойитиш, уларни уйғунлаштирган ҳолда ишлаш кўникмасини ўстириш, ўзаро тажриба алмашиш учун муҳим майдонга айлангани билан ҳам аҳамиятли бўлмоқда.

Ушбу йирик тадбир сўнггида медиафорум ташкил этилиши ва унинг доирасида «Медиа ҳафталик» якуни таҳлили, Контент маркази лойиҳалари, Журналистлар уюшмаси фаолияти, ҳудудий ҳокимлик матбуот котиби тақдимоти, турли савол-жавоблар ўтказилиши ҳамда иштирокчиларга сертификатлар топширилиши кўзда тутилган.

Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.

Exit mobile version