Қашқадарё газетаси Фаолият Мен учун ҳунар – мерос, меҳнат – шараф, халққа хизмат қилиш эса энг улуғ мақсаддир, –
Фаолият

Мен учун ҳунар – мерос, меҳнат – шараф, халққа хизмат қилиш эса энг улуғ мақсаддир, –

дейди «Шуҳрат» медали соҳибаси Гулнора Чориева

Шаҳрисабз шаҳрида фаолият кўрсатувчи «Тикувчи Анорагул» хусусий корхонаси раҳбари Гулнора Чориева учун бу йилги Тадбиркорлар куни алоҳида эсда қоларли бўлди. Чунки, унинг миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, каштачилик, гиламдўзлик, сўзаначилик каби аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган ноёб ҳунарларни асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари эътироф этилиб, у касб байрами арафасида «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

– Момоларимиз қўлларида сайқал топган миллий ҳунармандчилигимиз  намуналари мени болаликданоқ ўзига ром этган эди, – дея эслайди у. – Ҳавас билан қўлимга игна ва ип олиб, завқ билан нималардир тикишга ҳаракат қилардим. Йиллар давомида шу иш билан шуғулланиб, тажриба орттирдим. Бугун ортга қараб, 35 йиллик тажрибамга назар ташлар эканман, ҳар бир яратилган маҳсулот, ҳар бир тайёрлаган шогирд, ёнимга кириб меҳнат қилган аёл – мен учун катта ютуқ бўлганини ҳис қиламан. Зеро, ҳунар инсонни нафақат касб эгаси қилади, балки унинг ҳаётдаги ўрнини белгилайди, ўз кучига ишонч бағишлайди.

Ҳунарманд 2005 йилда «Тикувчи Анорагул» хусусий корхонасини ташкил этди. У бугун нафақат миллий маҳсулотлар тайёрлайдиган манзил, балки хотин-қизларни фойдали меҳнатга жалб этаётган, уларга касб ўргатаётган ва даромад манбаи яратаётган ижтимоий аҳамиятга эга субъектга айланган.

Бу ерда ҳунар усталарининг қўли билан яратилган ҳар бир маҳсулотда нафақат меҳнат, балки меҳр ва қалб қўри ҳам мужассам. Бинобарин, миллий ҳунармандчилик – бу фақат буюм яратиш эмас. У авлодлар хотирасини сақлаш, миллий қадриятларни келажакка етказиш демакдир. Гулнора Чориева ана шу масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда иш олиб бормоқда. Унинг учун қўл меҳнати асосида тайёрланган ҳар бир сержило маҳсулот Шаҳрисабз ҳунармандчилик мактаби бардавомлиги белгисидир.

Маълумки, мамлакатимизда ҳунармандлар ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган катта эътибор, улар учун яратилаётган имкониятлар, имтиёз ва рағбатлар соҳа ривожига кенг йўл очмоқда. Гулнора Чориева ҳам ана шундай шароитлардан илҳомланиб, корхона фаолиятини кенгайтириш, тайёрланаётган маҳсулотлар турларини кўпайтириш ва янги бозорларга чиқиш мақсадида тинмай изланади.

– Миллий ҳунармандчилик намуналаримизни хориж давлатларида намойиш этиш ҳаракатидамиз, – дейди у. – Шунда экспортга ҳам кўпроқ ҳисса қўшамиз.  Ҳозирда анча камёб бўлиб улгурган кигизчилик ва кигизга кашта солиш йўналишида иш олиб боряпмиз. Бу ташаббус билан миллий ҳунармандчилигимизнинг яна бир қадимий турини қайта тиклаш, янги маҳсулотлар яратиш ва қўшимча иш ўринлари ташкил этишга эришамиз.

Айни пайтда «Тикувчи Анорагул» хусусий корхонасида ёшларга ҳунар ўргатиш, уларни  касбли қилиш ва шу асосда миллий ҳунармандчилигимизнинг давомийлигини таъминлаш устида ҳам жадал ишлар кетмоқда.

– Мукофот, камтарона меҳнатимиз юксак даражада эътироф этилиши бизни янги марралар олишга ундади, куч берди, – дейди ҳунарманд. – Янада кўпроқ меҳнат қилиб, фаолиятда катта ютуқларга эришиш учун бор билим, куч ва имкониятларимизни ишга соламиз. Чунки мен учун ҳунар – мерос, меҳнат – шараф, халққа хизмат қилиш эса энг улуғ мақсаддир.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Exit mobile version