Қадрият
Барчамиз интиқлик билан кутадиган Рамазон ойи ҳам тугай деб қолди. Ойларнинг султони, эзгулик ва хайр мавсуми, тоату ибодат фасли, меҳру-мурувват жўшган палла бўлмиш муборак Рамазон бу йил ўзгача шукуҳ ва тароват билан кечди. Инчунин, ҳадисларда айтилишича, Рамазон ойи кириши билан фаришталар: «Эй яхшилик истовчи кел, яхшилигингни қилиб ол ва эй ёмонлик истовчи ёмонликлардан тийил», деб нидо қилишар экан.
Динимиз кўрсатмасига асосан мусулмон киши Рамазон ойида руҳиятини, қалбини поклаб олиши, баъзи-бир ёмон хулқлари бўлса, барчасини тарк этиши ва меҳр-мурувват, хайрли амалларини рўёбга чиқаришга шошилиши жоиз. Шунга ҳамоҳанг юртимизда «Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи» шиори остида катта ишлар қилинди. Жумладан, «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали бир триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилиб, эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди, ногиронлиги бор шахсларнинг даволаниш ва жарроҳлик амалиётлари харажатлари қоплаб берилди.
Рамазонда жамиятда инсонпарварлик, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган маънавий-маърифий тадбирлар, хайрия ва саховат ишлари янада жонлангани аҳамиятли. Бу жараёнда айниқса ёрдамга муҳтож, кам таъминланган оилаларга алоҳида эътибор қаратилгани, уларнинг ҳолидан хабар олингани рамазоннинг асл моҳиятини намоён этди.
Дарҳақиқат, Рамазони шариф – хайру-эҳсон, мурувват ойидир. Бу йилги мавсумда Қашқадарё вилоятидаги масжидлар имом-хатиблари ҳам баҳолиқудрат эҳтиёжмандларга моддий ёрдамлар кўрсатдилар. Бинобарин, ҳадиси муборакда: «Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас», дейилади. Бу ифторликлар ва эҳсон қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари муҳтож оилаларга қувонч-шодлик олиб кирди, шу ишларга бош қўшганлар эса, шубҳасиз ажр-савобларга эга бўлишди.
Қуръони каримни ўқиш ва уни таровеҳ намозларида тинглаш инсонга ҳузур бағишлайди. Муборак ҳадисларда: «Аллоҳнинг китобидан бир оят тинглаган кишига кўплаб савоблар ёзилади, Аллоҳнинг китобидан бир оят тиловат қилган кишига қиёмат кунида нур бўлади» дейилади. Шукр, мамлакатимиз мўмин-мусулмонлари диёримизнинг қайси бурчагида бўлишмасин ўттиз пора Қуръони каримни тўлиқ хатм қилиш бахтига муяссар бўлдилар. Зеро, Қуръон Аллоҳ таолонинг каломи бўлиб, уни тўлиқ ўқиб чиқиш ҳам ибодатдир.
Мана, бу йилги Рамазон ҳайитига ҳам етиб келдик. Бу бир ой рўза тутиб, Аллоҳнинг фарзи бўйиндан соқит бўлганлиги туфайли қилинадиган байрам, тантанадир. Унга тайёргарлик асносида маҳалла, ҳовли ва хонадонлар тоза-озода, саронжом-саришта бўлаётгани айни муддао.
Ҳайит куни тонгда тамадди қилиш, тишларни ювиш, ювиниш (ғусл), тоза-озода либосларни кийиш, хушбўйланиш, фитр-садақалар бериш фазилатли амаллардан ҳисобланади. Инсонларнинг бу муборак кун билан бир-бирларини қутлашлари, ота-она ва устозларни зиёрат қилиб, уларнинг дуоларини олиш эса нақадар гўзал иш. Узоқлашиб кетган қариндошларни йўқлаш, айрим хато ва камчиликлар туфайли бир-бирларидан гина-кудурад қилиб юрган кишиларни яраштириш ҳам жуда савобли.
Рамазон ҳайити кунлари муҳтожлар, касалманд кишилар ҳолидан хабар олиш, уларга инфоқ-эҳсонлар қилиш, болажонларга ҳайитлик улашиш ҳам халқимизнинг энг яхши одатларидан саналади. Бу ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, ҳиммат ва саховат каби анъаналаримизга содиқлик ифодаси ҳамдир. Ҳайитда қариндош-уруғ, ёру дўстлар билан дийдорлашсак, кекса ёшдагиларни зиёрат қилиб, дуоларини олсак, аҳилларимизга ҳайитликлар улашиб, улардаги байрам кайфиятини юксалтирсак, бу ҳам катта савоб ишлардан бўлади.
Халқимиз орасида файзу барокат, меҳру муҳаббат, хайру саховатни зиёда қиладиган ҳайит кунларининг шукуҳи қалбларимизни сира тарк этмасин, барчамизга Рамазон ҳайити муборак бўлсин!
Раҳматилло УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили