Европа Иттифоқи (ЕИ) аҳолиси сони 2025 йил 1 январь ҳолатида 450,4 миллион кишини ташкил қилди. Евростат расмий сайтида эълон қилинган ҳисобот шундан далолат бермоқда.
Бу кўрсаткич бир йилда 1,07 миллион нафарга ортган. Ўсиш кетма-кет тўртинчи йилда ҳам қайд этилмоқда. Бунгача, яъни 2021 йилда ЕИ аҳолиси сони қисқарган – ўшанда динамикага covid-19 пандемияси таъсир кўрсатган.
Экспертлар ҳозирги ўсишни миграциянинг кучайиши билан изоҳламоқда. Умуман, 1960 йилдан буён иттифоқ аҳолиси сони қарийб 96 миллион кишига кўпайган.
ЕИ давлатлари орасида аввалгидек Германия энг кўп аҳолига эга бўлиб турибди – 83,6 миллион нафар. Унинг ортидан Франция (тахминан 67 миллион нафар) ва Италия (59 миллион нафар атрофида) бормоқда. Ушбу уч давлат фуқаролари биргаликда Европа Иттифоқи аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этади.
Йиллик энг юқори демографик ўсиш Мальта, Ирландия ва Люксембургда қайд этилган. Айни вақтда Латвия, Венгрия ва Эстония аҳолиси сонида пасайиш кузатилган.