Қашқадарё газетаси Жамият МИЛЛАТ ЭРТАСИНИ ТАЪМИНЛАЙДИГАН МУҚАДДАС ҚЎРҒОН
Жамият

МИЛЛАТ ЭРТАСИНИ ТАЪМИНЛАЙДИГАН МУҚАДДАС ҚЎРҒОН

15 май – Халқаро оила куни

Оила – инсон тақдири, жамиятнинг маънавий қиёфаси ва миллат келажагини белгилайдиган муқаддас қўрғон. У тинч ва фаровон бўлса, юрт ҳам гуллаб-яшнайди. 

Бугунги тезкор ва мураккаб ахборот замонида оиланинг ўрни ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки маънавий барқарорлик, тарбия, инсоний қадриятлар аввало оила муҳитида қарор топади.   Мустаҳкам оила бор жойда меҳр-оқибат, ишонч, тарбия ва тараққиёт бўлади.

1993 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 15 май – «Халқаро оила куни» деб эълон қилиниши ҳам жаҳон ҳамжамияти оиланинг инсоният ҳаётидаги ўрнини юксак қадрлаши ифодаси бўлди. 1994 йилдан буён ушбу сана дунёнинг деярли барча мамлакатларида кенг нишонланиб келинмоқда. Бу эса оила масаласи фақат бир давлат ёки миллат эмас, балки умуминсоний қадрият эканини англатади.

Янги Ўзбекистонда ҳам оила институтини  мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президентнинг 2018 йил 27 июндаги «Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларга янги босқич олиб кирди. Мазкур ҳужжат асосида мамлакатимизда оилаларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, ёшларни соғлом муҳитда тарбиялашга қаратилган кенг қамровли тизим шакллантирилди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда оиланинг жамият ва давлат муҳофазасида экани  мустаҳкам белгилаб қўйилди. Унда оналик, оталик ва болаликни ҳимоя қилиш давлатнинг муҳим вазифаси сифатида қайд этилган. Бу, ўз ўрнида, инсон қадрини улуғлаш сиёсати амалда ҳаётга изчил татбиқ этилаётганини кўрсатади.

Айниқса, кейинги йилларда «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари», «Темир дафтар» каби манзилли ижтимоий ҳимоя тизимлари жорий қилиниши кўплаб оилалар ҳаётида муҳим бурилиш ясади. Эҳтиёжманд оилаларга субсидиялар ажратиш, имтиёзли кредитлар бериш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш каби амалий чоралар оилаларнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Бугун юртимиз маҳаллаларида «Оила муқаддас», «Маърифатли оила», «Китобхон хонадон», «Уч авлод учрашуви» каби маънавий-маърифий тадбирлар мунтазам ўтказилаётгани замирида ҳам улкан моҳият бор. Зеро, миллатнинг маънавий қудрати китобхон ва маърифатли оилалардан бошланади.

Мутахассислар фикрича, фарзанд тарбиясида ота-она намунаси ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Агар хонадонда китоб мутолааси, илмга ҳурмат ва маънавий муҳит кучли бўлса, у ерда улғаяётган фарзанднинг   дунёқараши ҳам соғлом шаклланади. Китобхон она – маърифатли авлод тарбиячисидир. Шу маънода, бугун аёлларнинг билимли, мустақил фикрлайдиган ва ижтимоий фаол бўлиши жамият тараққиёти учун муҳим омилга айланди.

Ҳозирги глобаллашув даврида турли ёт ғоялар, ахборот хуружлари ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай вазиятда оила – энг ишончли маънавий қалъадир. Фарзанд қалбига меҳр, ор-номус, ватанпарварлик, миллий қадрият ва инсонийлик туйғуларини сингдириш энг аввало ота-она зиммасидаги муқаддас масъулият ҳисобланади.

Бугун ажримлар, маиший муаммолар ва тарбиявий бўшлиқларнинг олдини олишда маҳалла, нуронийлар, хотин-қизлар фаоллари ва жамоатчиликнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этмоқда. Жойларда ташкил этилаётган «Сайёр қабуллар», муросага чақириш тадбирлари ва психологик маслаҳат хизматлари дарз кетиш остонасида турган кўплаб оилалар бутлигини сақлаб қолишга хизмат қиляпти.

Мустаҳкам оила – барқарор жамиятнинг энг ишончли таянчидир. Оиласи соғлом халқнинг келажаги ҳам порлоқ бўлади. Чунки юрт равнақи, миллат тараққиёти ва тинчликнинг мустаҳкам асоси аввало хонадондан бошланади.

15 май – Халқаро оила куни ҳар биримизни оила қадрини янада теран англашга, фарзанд тарбиясига масъулият билан ёндашишга, миллий ва маънавий қадриятларимизни асраб-авайлашга даъват этади.

Зеро, оила мустаҳкам бўлса, жамият фаровон, Ватан қудратли, келажак порлоқ бўлади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Exit mobile version