Қашқадарё газетаси Сиёсат МИНТАҚАМИЗНИ ДЎСТЛИК, АҲИЛЛИК ВА ЯХШИ ҚЎШНИЧИЛИК МАКОНИГА АЙЛАНТИРИШ ЙЎЛИДАГИ ТАРИХИЙ ҚАДАМ
Сиёсат

МИНТАҚАМИЗНИ ДЎСТЛИК, АҲИЛЛИК ВА ЯХШИ ҚЎШНИЧИЛИК МАКОНИГА АЙЛАНТИРИШ ЙЎЛИДАГИ ТАРИХИЙ ҚАДАМ

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 31 март куни амалий ташриф билан Хўжанд шаҳрида бўлди.

Аэропортда давлатимиз раҳбарини Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон кутиб олди.

Ўзбекистон раҳбарининг ташрифи шарафига давлат байроқлари кўтарилди. Миллий куй-қўшиқ ва рақслар ижро этилди.

Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон ўртасида ўтказилган учрашувда олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида икки томонлама дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик юксак даражага кўтарилганини катта мамнуният билан қайд этишди.

2024 йилда товар айирбошлаш ҳажми 700 миллион доллардан ошди. Саноат, энергетика, электротехника, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор соҳаларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Самарали ҳудудлараро алоқалар ва фаол маданий-гуманитар алмашинув йўлга қўйилган.

Ҳукуматлараро комиссиянинг бўлажак йиғилишида амалий ҳамкорлик бўйича қўшма лойиҳаларни тезлаштириш чоралари ишлаб чиқилиши муҳим экани таъкидланди.

Етакчилар минтақавий кун тартиби, шу жумладан, мамлакатимизда ўтказиладиган кўп томонлама саммитлар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ҳузурида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг кучга кириши ҳақидаги баённомани имзоладилар ва ратификация ёрлиқларини алмашдилар.

Шартнома ўтган йили 18 апрель куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги икки томонлама саммитда имзоланган эди.

Ҳужжат ратификация ёрлиқлари алмашилган кундан эътиборан кучга кирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хўжанд шаҳрида Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан уч томонлама учрашувда иштирок этди.

Учрашув аввалида давлат раҳбарлари бир-бирларини муборак Рамазон ҳайити ҳамда баҳор уйғониши ва янгиланиш айёми – Наврўз билан қутладилар, биродар халқларимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.

Президентимиз Тожикистон ва Қирғизистон томонларини барча масалалар узил-кесил ҳал этилгани ҳамда Давлат чегарасини делимитация қилиш тўғрисидаги шартнома имзолангани билан самимий табриклади.

Ушбу ҳужжат, шунингдек, уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисида имзоланаётган шартнома барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга, бутун минтақанинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Ўзбекистон Президенти амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Энг аввало, бу олий даражадаги фаол ва ишончли алоқаларни давом эттиришдир.

Шу ҳафта Самарқандда «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» биринчи саммити ва минтақадаги умумий экологик таҳдидларга бағишланган Иқлим форуми бўлиб ўтади.

Май ойида Кўрфаз араб давлатлари билан саммит, сентябрь ойида эса Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви ўтказилади.

Шу муносабат билан, бўлажак тадбирлар кун тартибини пухта тайёрлаш ва умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш учун ташқи ишлар вазирликлари орқали мунтазам маслаҳатлашувларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Чегарадош ҳудудларнинг ҳамкорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Тожикистон билан товар айирбошлаш ҳажми ўн каррадан зиёдга ошгани қайд этилди. Бу ҳажмнинг деярли ярми чегараолди ҳудудларга тўғри келади.

Шу боис чегаралардаги божхона пунктларини комплекс модернизация қилиш ва кенгайтириш, қулай, замонавий савдо ва логистика  инфратузилмасини шакллантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Уч томонлама савдо майдончасини ташкил этиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг доимий фаолият кўрсатадиган кўргазма-ярмаркасини йўлга қўйиш масаласини ўрганиш таклиф этилди.

Яна бир йўналиш – саноат кооперацияси лойиҳалари.

Бугунги кунда Ўзбекистон корхоналари ва хусусий компаниялари қўшни мамлакатларда замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишга фаол сармоя киритмоқда.

Кооперацияни қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатимиз раҳбари қўшма инвестиция жамғармалари капиталини босқичма-босқич оширишга тайёрлигини билдирди.

Мамлакатлар ўртасида транспорт алоқаларини ривожлантириш борасидаги ишларни давом эттиришга келишиб олинди. Бу авиақатновлар сонини кўпайтириш ва географиясини кенгайтириш, чегараолди ҳудудлардаги шаҳарлар ўртасида янги автобус йўналишларини йўлга қўйишни ўз ичига олади.

«Яшил» энергетика ва транспорт соҳаларидаги йирик минтақавий лойиҳалар, сув ва экология дастурларини илгари суриш диққат марказида бўлди.

Ўзбекистон Президенти ҳукуматлар иқтисодий йўналишда янада фаол ишлаб, халқларимиз фаровонлигини оширишга қаратилган тезкор, реал натижалар бериши лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Шу кунларда Хўжанд шаҳрида қатор маданий-гуманитар тадбирлар ўтказилаётгани халқларимиз, айниқса, ёшлар ўртасида дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари ҳар йили Наврўз байрами кунларида чегараолди ҳудудларда қўшма концерт ва дўстлик фестивалларини ўтказишни таклиф этиб, келгуси йилда бундай тадбирларни Фарғона шаҳрида ташкил этишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартнома имзоланди ҳамда уч давлат раҳбарларининг Қўшма декларацияси қабул қилинди.

Хўжанд шаҳрида ўтган олий даражадаги тадбирлар дастурига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров уч мамлакат давлат чегаралари туташган ҳудудда Дўстлик стеласини тантанали равишда очдилар.

Ушбу ёдгорлик қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганининг янги рамзи бўлади.

Хўжанд шаҳрида ўтган уч томонлама саммит  доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси     Президенти Садир Жапаровнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Унда бўлиб ўтган уч томонлама музокаралар якунлари, уларнинг асосий натижаси сифатида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзолангани юксак баҳоланди.

Олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишдаги ютуқлар мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 70 фоизга ошди. Иқтисодиётнинг турли тармоқларида, шу жумладан, қўшма Инвестиция жамғармаси кўмагида саноат кооперацияси муваффақиятли ривожланмоқда.

Энергетика ва транспорт коммуникациялари соҳасидаги йирик минтақавий лойиҳаларни, шу жумладан, «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўли қурилишини жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбарлари ҳудудлар ўртасидаги фаол алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш муҳимлигини қайд этдилар.

Президентлар бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси ва кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Хўжанд шаҳридаги саммитнинг маданий дастури доирасида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат раҳбарлари Хўжанд қалъасига ташриф  буюриб, унинг тарихи билан танишдилар.

Бу ноёб мажмуанинг қурилиши милоддан аввалги IV-V асрларга бориб тақалади. Археологик қазишмалар натижасида ўша даврда биринчи қалъа бунёд этилганлиги аниқланган.

1999 йилда қайта таъмирлаш ишларидан сўнг қалъа ёнида 28 мингдан ортиқ экспонатни ўз ичига олган ўлкашунослик музейи очилди.

Сўнгги реставрация ишлари жараёнида қалъа деворлари, арки ва дарвозалари қайта тикланди, маъмурий бино, ҳунармандчилик дўконлари қурилди, Хўжанднинг қадимий ҳовлилари намуналари яратилди.

Ҳудудда тожик халқи тарихи ва маданиятига оид 5 та кўргазма залидан иборат мажмуа барпо этилди. 8 та ҳовлида ҳунармандлар хаттотлик, рассомчилик, адрас тўқиш, сўзана тикиш, тош ўймакорлиги, темирчилик ва кулолчилик билан шуғулланмоқда.

Давлат раҳбарлари уч мамлакатнинг ҳунармандчилиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва миллий таомлари кўргазмасини кўздан кечириб, бадиий чиқишларни томоша қилдилар.

Президентлар уч мамлакат маданият ва санъат усталарининг концертида қатнашдилар.

Давлатимиз раҳбари унда қилган нутқида биродар халқларни баҳорий янгиланиш байрами Наврўз ва муборак Рамазон ҳайити билан яна бир бор чин дилдан қутлади.

– Бугун халқларимиз учун ҳақиқатан ҳам катта ва узоқ кутилган байрам. Биз уч давлат чегараларининг туташ нуқтаси ҳақидаги тарихий шартномани имзоладик. Бундан буён чегаралар – биродарлик чизиқлари, янги имкониятлар, бунёдкорлик ва ҳамкорлик маконидир, – деди Президент.

Халқларимизнинг муқаддас тупроғи, дини, тақдири бир, ташвиш-у қувончлари, интилишлари ўхшаш экани таъкидланди. Энди бу гўзал заминни бугунги ва келажак авлодлар муносиб ва    бахтли яшаши учун биргаликда обод қилиш бизнинг бурчимиздир.

Кейинги йилларда умумий сиёсий ирода туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда улкан ижобий ўзгаришлар юз берди.

Савдо, инвестициялар, юк ташиш, фуқароларнинг борди-келдиси изчил кўпайиб бормоқда. Муваффақиятли кооперация лойиҳалари сони ошмоқда.

Хўжанддаги музокараларда ишбилармонлик ва маданий алмашинувлар учун қулай шароитлар яратиш, тўғридан-тўғри парвозлар сонини кўпайтириш, чегараолди ҳудудлардаги шаҳарлар ўртасида янги автобус йўналишларини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилгани қайд этилди.

Маданий тадбирлар, ижодий фестиваллар, ёшлар форумлари, спорт мусобақаларини мунтазам ўтказиб боришга алоҳида эътибор қаратилди.

– Санъат чегара билмайди, унинг буюк вазифаси одамларни бирлаштириш. Уч мамлакатнинг истеъдодли санъат усталари ижросидаги бугунги концерт ҳам маданиятларимизнинг бойлиги, ранг-баранглиги ва муштараклигини яна бир бор намойиш этади, – деди сўзининг якунида Ўзбекистон Президенти.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тожикистон Республикасига амалий ташрифи якунланди. Аэропортда Шавкат Мирзиёевни Эмомали Раҳмон кузатиб қўйди.

Exit mobile version