Қашқадарё газетаси Жамият Мирзачўлда яшаган ва вилоят судига раислик қилган шоир
Жамият

Мирзачўлда яшаган ва вилоят судига раислик қилган шоир

Холмамат Ҳасанов (Ҳол Муҳаммад Ҳасан) ҳақида адабиёт аҳли орасида сўз борса, яхши шоир, деб айтишади.  Судьялар уни устоз деб билишади. Санъат оламида эса Маҳмуд Намозов қўшиқ қилган «Орқовулдан келятувдим анқайиб, олдимдан бир кўза чиқди дўмпайиб» мисраларини билмайдиган одамни топиш қийин.

Ҳол Муҳаммад Ҳасан 1957 йилда таваллуд топган. Унинг ота-боболари Деҳқонобод туманидаги Бойқўрғон қишлоғида яшашган. Ота-онаси  Мирзачўлни ўзлаштиришга сафарбар қилинган. Шоир етти ёшга етгунча оиласи билан Мирзачўлда яшаган. 1964 йилда ўзи туғилиб-ўсган Бойқўрғон қишлоғига қайтган.

1974 йилда мактабни тугатган шоир учун мустақил ҳаёт бошланади: Деҳқонобод тумани «Кўкбулоқ» жамоа хўжалигидаги қурилиш бригадасида ишлайди. Ҳарбий хизматга чақирилади. Россиянинг Красноярск ўлкасида икки йил хизмат қилиб қайтгач, яна ишини давом эттиради. 1978 йилда Тошкент давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга киради. Талабалик йиллари адабиётга қизиқишини намоён қила бошлайди, «Шуъла» адабий тўгарагига аъзо бўлади, шу йиллари шеърлари газета, журнал ва баёзларда чоп этилади.

Университетни битиргач, Қашқадарё вилоятининг турли ташкилотларида, вилоят адлия бошқармасида ҳуқуқшунос, етакчи мутахассис бўлиб ишлайди. 1994 йилда Қарши шаҳар суди судьяси, 1997 йилда вилоят суди судьяси вазифаларида ишлади. 2000 йилда Республика Олий суди судьяси этиб сайланиб, Олий суд Пленуми котиби, ҳарбий ҳайъат раиси ўринбосари лавозимларида фаолият юритди, 2005 йилда Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди раиси, 2007 йилдан 2012 йилгача Қашқадарё вилояти судининг раиси вазифасида хизмат қилди.

Иш фаолияти даврида юздан ортиқ ҳуқуқий-ижтимоий мавзудаги мақолалари, бир неча рисола ва қўлланмалари нашр қилинган. Адабиёт ва ҳуқуқшунослик Холмамат Ҳасановнинг ҳамиша икки қаноти бўлди.

«Оҳува», «Қадимий қўшиқ», «Ул куни устоз дедилар…», «Сулувлардан сулувсан» номли шеърий тўпламлар муаллифи. Ўзбекистон  Ёзувчилар  уюшмаси аъзоси.

Exit mobile version