Атоқли ўзбек шарқшунос олими Убайдулла Уватов 1940 йилда Ғузор туманида туғилганини билсангиз керак. Аммо унинг кенг қамровли илмий фаолияти, ишлаган жойлари, ёзгану таржима қилган китоблари ҳақида тўла-тўкис маълумотга эга эмассиз, ҳойнаҳой. Унда қулоқ тутинг.
Қашқадарёга оид
Убайдулла Уватов 1958-1969 йилларда Тошкент давлат университети шарқшунослик факультетини араб филологияси мутахассислиги бўйича тугатган. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти аспирантурасида таҳсил олиб, дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Араб тили бўйича юқори малакали мутахассис сифатида Миср, Ироқ, Ливия мамлакатларида таржимон бўлиб ишлаган.
Убайдулла Уватов Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида бўлим мудири, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Амир Темур жамғармаси раисининг биринчи ўринбосари, «Олтин мерос» халқаро хайрия жамғармаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.
У Тошкент ислом университетининг манбалар хазинаси бўлими мудири, Имом Бухорий халқаро маркази раҳбари ҳамда умрининг охирига қадар Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори лавозимларида меҳнат қилган.
Олимнинг илмий-тадқиқий фаолияти асосан темурийлар даври тарихи, ўрта осиёлик алломалар илмий мероси, манбашунослик ва ҳадисшуносликка оид. Убайдулла Уватов араб, форс, рус, француз тилларини мукаммал билган. 1974 йилда Ибн Арабшоҳнинг «Ажоиб ал-мақдур фи тарихи Таймур» («Темур тарихида тақдир ажойиботлари») асарининг таржимаси ва илмий таҳлили» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. 2002 йилда Тошкент ислом университетида «Мовароуннаҳр ва Хуросон олимларининг ҳадис илми ривожида тутган ўрни (Бухорий, Муслим, Термизий)» мавзусида докторлик илмий даражасини олган.
Убайдулла Уватов илмий фаолияти давомида 300 дан ортиқ мақола, 50 га яқин китоб ва рисолалар ёзган. Илмий асарларнинг аксарияти рус, араб, турк тилларида Миср, Россия, Туркия, Саудия Арабистони, Қозоғистон ва Қирғизистонда нашр этилган.
Убайдулла Увватов Маҳмуд аз-Замахшарийнинг «Навобиғ ул-калим» («Нозик иборалар»), Ибн Арабшоҳнинг «Ажоиб ал-мақдур фи тарихи Таймур» («Темур тарихида тақдир ажойиботлари»), Абу Исо ат-Термизийнинг «Аш-Шамоил ан-Набавия», Абу Муин Насафийнинг «Табсиратул адилла фи усулид дин ала тариқатил Имом Абу Мансур Мотуридий» асарларини араб тилидан таржима қилган.
«Донолардан сабоқлар», «Муслим ибн ал-Ҳажжож», «Соҳибқирон араб муаррихлари нигоҳида», «Ал-Ҳаким ат-Термизий (ҳаёти ва мероси)», «Абул Муъийн ан-Насафий (ҳаёти ва мероси)», «Хоразмлик буюк аллома», «Маҳмуд Замахшарий», «Икки улуғ донишманд (Абу Исо ат-Термизий, Ал-Ҳаким ат-Термизий)», «Буюк юрт алломалари», «Термизлик икки аллома» каби китоблари нашр этилган.
Убайдулла Уватов, шунингдек, Маҳмуд аз-Замахшарий ҳақидаги «Фасоҳат илмининг султони» (2014 йил) ҳамда «Ҳаким Термизий» ҳужжатли фильмлари (2017 йил), «Алломаи замон» спектакли (2019 йил) сценарийси муаллифи ҳамдир.
Олимнинг самарали меҳнатлари муносиб қадрланиб, 2009 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2017 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони ва 2020 йилда «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланган.
Бутун умрини илм-фанга бахшида қилган таниқли олим, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов 2020 йилнинг ноябрь ойида, 80 ёшида вафот этган.