Қашқадарё газетаси Жамият Миср султонини сулҳга кўндирган элчи
Жамият

Миср султонини сулҳга кўндирган элчи

Қашқадарёга оид

Манбаларда Амир Темур ҳар қандай муаммога ечим топа оладиган устомон дипломат сифатида намоён бўлади. «Темур тузуклари»да «Қайси ишни чораю тадбир билан битиришнинг иложи бўлса, унда қилич ишлатмадим. Тажрибамдан шуни билдимки, юз минг отлиқ аскар қила олмаган ишни бир тўғри тадбир билан амалга ошириш мумкин» дея таъкидлангани бежиз эмас.

Амир Темурга хос ана шу дипломатия, унинг душманлари устидан қозонилган ғалабаларда, айрим ўлкалар ҳукмдорларининг унга урушсиз тобе бўлишида энг қулай, беталафот восита бўлган.

Соҳибқирон чет элларга бориб келадиган дипломатик мутахассислар – элчиларни танлашга катта эътибор берган. У элчилар ақлли, доно, фаросатли, сўзамол, ҳозиржавоб бўлишини талаб қилиб, уларни энг кўзга кўринган акобирлар ва фузалолар орасидан танлар эди. Ана шундай элчилардан бири Мавлоно Абдуллоҳ Кешийдир.

Мавлоно Абдуллоҳ Амир Темур даврида Мисрга элчи қилиб юборилган.

Миср султони Барқуқ Амир Темурга ҳамиша душманлик кўзи билан қараган, бир неча бор унинг элчиларини қатл этган. Соҳибқироннинг ишончли одамларидан бири – Амир Отламишни қамоққа ташлаган. Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Амир Отламиш Қоҳирада тижорат билан шуғулланган, аммо Амир Темурга Мисрдаги ички вазият, фуқароларнинг аҳволи ҳақида мунтазам маълумотлар юбориб турган. Шу сабабли Ибн Арабшоҳ Мавлоно Абдуллоҳ Кешийни ҳам Амир Темурнинг хуфияларидан бири эди, дейди. Соҳибқирон уни қутқариш учун Мисрга тўхтовсиз элчилар юборади. Хатларда душманликдан воз кечиш, дастлабки қадам сифатида Амир Отламишни озод этиш талаб этилган эди.

Аммо Султон Барқуқ Амир Темурга қарши курашиш учун Олтин Ўрда ва Усмонли давлати билан яширин иттифоқ тузади. Бундан хабар топган Соҳибқирон рақибларининг режаларини чиппакка чиқаради. 1395 йили Олтин Ўрдага юриш қилиб, Тўхтамишхонни тор-мор қилади. 1399 йили эса Султон Барқуқ тўсатдан вафот этади. Энди Йилдирим Боязид Амир Темур билан юзма-юз қолган эди, икки давлат элчиларининг саъй-ҳаракатлари ва ўзаро муносабатларни яхшилаш йўлидаги барча уринишларга қарамай, низо 1402 йили Анқара жанги билан якунланади.

Аммо Соҳибқирон Миср давлати билан низони тинч йўл билан бартараф этиш фикридан қайтмайди. Шу мақсадда Мавлоно Абдуллоҳ Кеший Мисрнинг янги султони Фараж ҳузурига элчиликка юборилади. У султонни сулҳ шартномаси тузишга кўндириши керак эди.

XIV аср охири ва XV аср бошида яшаб, ушбу воқеаларнинг бевосита шоҳиди бўлган таниқли Миср тарихчиси Ибн Дўқмоқнинг гувоҳлик беришича, бундай сулҳ ҳақиқатдан ҳам имзоланган. Миср султони ўзини Амир Темур билан сулҳ тузганлигини эътироф этган. Бу мураккаб вазиятдаги икки давлат ўртасидаги алоқани тиклаш элчи Мавлоно Абдуллоҳ Кешийга топширилган ва элчи бу вазифани кўнгилдагидек уддалаган.

Exit mobile version