Илгари улар инсон туғилишидан олдин шаклланиб, бутун умр сақланади, деб ҳисобланар эди.
Тахминан 50 ёшдан бошлаб инсон миясида иммун ҳужайраларининг кенг кўламли алмашинуви содир бўлади. Ёш ўтиши билан когнитив қобилиятнинг пасайиши асосида айнан шу жараён ётган бўлиши мумкин. Колумбия университети генетиги Бин Рен раҳбарлигидаги халқаро олимлар гуруҳининг бу борадаги тадқиқоти натижалари Science журналида эълон қилинган.
Олимлар миянинг хотира, ўқиш ва фазода йўл топиш учун масъул бўлган гиппокамп соҳасидан олинган қарийб 320 мингта ҳужайрани таҳлил қилишган. Намуналар 20 ёшдан 95 ёшгача бўлган 40 нафар соғлом инсонга тегишли бўлиб, таҳлилда генетик, эпигенетик ҳамда геномни уч ўлчамли хариталаш усуллари қўлланилган.
Энг муҳим кашфиёт микроглиялар – миянинг иммун ҳужайралари билан боғлиқ. Илгари улар инсон туғилишидан олдин шаклланиб, бутун умр сақланади, деб ҳисобланар эди. Бироқ янги маълумотлар шуни кўрсатганки, инсон 50 ёшдан 75 ёшгача бўлган даврда микроглияларнинг катта қисми қон оқими орқали келувчи моноцитлар билан алмашинади. 80 ёшга келиб, ана шу «ташқаридан келган» ҳужайралар кўпчилик текширилган мияларда устунлик қила бошлаган.
Яна бир кутилмаган кашфиёт астроцитлар – нейронларни озиқлантирувчи ва гематоэнцефалик тўсиқни қўллаб-қувватловчи юлдузсимон ҳужайралар билан боғлиқ. Улар сони ёш ўтиши билан гиппокампда мунтазам камайиб бориши, сақланиб қолган ҳужайраларда эса энергия ишлаб чиқариш учун масъул генлар фаоллиги пасайиши кузатилган.
Шунингдек, олимлар ёш ўтиши билан деярли барча турдаги ҳужайраларда ядро ичидаги ДНКнинг уч ўлчамли ташкил топиши ҳам аста-секин бузилишини аниқлаганлар. Бу босқичма-босқич эмас, балки тахминан 50 ёш атрофида кескин бурилиш нуқтаси юзага келиши билан содир бўлиб, айнан шу даврда генлар фаоллиги ва эпигенетик белгилари сезиларли даражада ўзгара бошлайди.
«Ушбу ҳужайравий ўзгаришларни чуқур англаш мия фаолиятини сақлаб қолиш ва нейродегенератив касалликларга мойилликни камайтиришга қаратилган янги даволаш усулларини ишлаб чиқиш имконини очиши мумкин», деган тадқиқот ҳаммуаллифи, Калифорния университети нейробиологи Сянмин Сюй.