Қашқадарёга оид
Қашқадарё заминидан етишиб чиққан кўплаб фидойи инсонлар ҳаёти, улар босиб ўтган заҳматли йўл ёшлар учун сабоқ, ибрат бўлишга арзийди. Бундай инсонларнинг ҳаёт манзарасига бир қур назар ташларкансиз, муваффақиятлар ўз-ўзидан бўлмаслиги ва чинакам меҳнат албатта қадр топиши, натижа беришига амин бўласиз. Қуйида шу ҳақда сўз боради.
Вилоят ҳокимлари ҳақида сўз бораркан, албатта Нуриддин Зайниев биринчилардан бўлиб эътироф этилади ва у киши шаънига яхши фикрлар айтилади. Бу бежиз эмас. Камтарин, самимий, билимли инсон сифатида танилган Зайниев қашқадарёликлар қалбидан муносиб ўрин олган раҳбарлар сирасига киради.
Нуриддин Зайниев 1952 йилда Шаҳрисабз туманида туғилган. 1974 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини, 1990 йилда Москва ижтимоий фанлар академиясини, 2004 йилда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1974 йилда вилоят электр тармоқлари корхонаси электр монтёри лавозимида бошлаган Нуриддин Зайниев шу корхонада навбатчи, катта муҳандис, капитал қурилиш бўлими бошлиғи, техника-ишлаб чиқариш бўлими бошлиғининг ўринбосари вазифаларида меҳнат қилган. Шундан сўнг электр тармоқлари касаба уюшмаси вилоят қўмитаси раиси, Қарши шаҳар, вилоят партия қўмиталари йўриқчиси, бўлим мудири, вилоят партия қўмитаси котиби, вилоят универсал товар-хомашё «Насаф» биржаси бошқаруви раиси, Муборак газни қайта ишлаш заводи директори, «Муборакнефтгаз» нефть ва газ конлари бошқармаси бошлиғи лавозимларида самарали фаолият кўрсатган.
Нуриддин Зайниев мамлакатимиз нефть ва газ саноатини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган инсонлардан. Илмий фаолият билан шуғулланиб, иқтисод фанлари номзоди даражасига эга бўлган.
2002-2011 йиллар давомида Қашқадарё вилояти ҳокими сифатида воҳамизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўлида катта хизмат қилган.
Нуриддин Зайниев меҳнат фаолияти давомида малакали мутахассис, ташкилотчи, талабчан, фидойи ва ташаббускор раҳбар, самимий ва куюнчак инсон сифатида вилоят аҳли орасида обрў-эътибор қозонди. Бир неча йиллар давомида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида самарали фаолият олиб борди.
Салмоқли хизматлари туфайли Ватанимизнинг юксак мукофотлари, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими» унвони, «Меҳнат шуҳрати», «Дўстлик» орденлари билан тақдирланган.
Ғузор, Яккабоғ, Қамаши ва Косон туманларини бошқарган, ўғли эса Бош вазир ўринбосари даражасига етишган раҳбар
Шундай шарафга муяссар бўлган инсон Жалил Ҳаққулов меҳнат фаолиятини Ғузор туманининг Қоратом қишлоғидаги ўрта мактабда ўзбек тили ва адабиёти фанидан ёшларга сабоқ беришдан бошлаган. Мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, директор вазифаларида ишлаган. Кейин Яккабоғ, Ғузор туманларидаги мактабларга раҳбарлик қилган. Фаол ва ташаббускорлиги инобатга олиниб, Ғузор тумани партия қўмитаси ташкилий бўлимига инструктор қилиб тайинланган.
Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетининг икки йиллик Олий партия мактабини қизил диплом билан тугатиб, Ғузор тумани партия қўмитасининг ҳудудий учинчи котиби этиб тайинланади. Шу орада Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтининг сиртқи бўлимида ҳам таҳсил олади.
Олий партия мактабидаги уч йиллик ўқишдан сўнг Ғузор тумани ижроия қўмитасига раис этиб тайинланади.
1961 йили Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари бирлашганда, Жалил Ҳаққулов маркази Термиз шаҳрида бўлган, янги тузилган «Уполкомзак» ташкилотига раҳбар этиб тайинланади. Бир йилдан сўнг Яккабоғ тумани партия қўмитаси биринчи котиби сифатида ишини давом эттиради.
1964 йилда Яккабоғ, Чироқчи ва Қамаши туманларининг бир қисми бирлаштирилиб, маркази Қамаши тумани бўлади. Жалил Ҳаққулов мана шу янги тузилган партия қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлайди.
1968 йилда Косон тумани партия қўмитаси биринчи котиби вазифасига муносиб кўрилади. Шу даврда у ишлаган туманларда қишлоқ хўжалиги соҳасида юқори кўрсаткичларга эришилади. Натижада Жалил Ҳаққулов ўз даврининг олий мукофотлари – «Меҳнат Қизил байроқ», «Ҳурмат белгиси» орденлари билан тақдирланган. Марказий комитет ва партия қўмитаси аъзоси, халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгаши депутати этиб сайланган. Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати бўлган.
1971 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари инспекциясига бошлиқ, сўнг «Қаршистрой» ташкилоти бошлиқ ўринбосари, қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича масъул лавозимларда меҳнат қилган.
1993 йилда Бош вазир ўринбосари мақомида ҳисобланган «Ўзбекнефтгаз» концерни раҳбарлигига тайинланган Қаюм Ҳаққулов Жалил Ҳаққуловнинг ўғли саналади.
Таъминот ва дон вазири
Ўз даврида икки вазирликни бошқарган Хушвақт Қўйбоқаров 1930 йилда Косон туманининг Пўлати қишлоғида туғилган. У Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини агрономлик мутахассислиги бўйича тамомлаб, Қамаши туманидаги «Тўқбой» машина-трактор станциясида агроном бўлиб иш бошлайди.
Ўзининг билими, ташаббускорлиги билан кўпчилик эътирофига сазовор бўлган Хушвақт Қўйбоқаров бироз ўтиб Қашқадарё вилояти партия қўмитасига ишга чақирилади. Бу ерда дастлаб қўмитанинг қишлоқ хўжалиги бўйича котиби бўлиб ишлайди. Кейинчалик Косон тумани ижроия қўмитаси раиси, Қарши ишлаб чиқариш бошқармаси партия қўмитасининг ташкилий бўлими котиби ўринбосари, Қарши ишлаб чиқариш бошқармаси бошлиғи лавозимида самарали фаолият юритади. 1965 йилдан 1970 йилга қадар Ўзбекистон Компартияси Қашқадарё вилояти қўмитаси котиби бўлиб ишлайди.
1970 йилда Касби тумани ташкил этилгач, Хушвақт Қўйбоқаров туман партия қўмитасининг 1-котиби этиб тайинланади. У ушбу лавозимда 1973 йилга қадар самарали фаолият юритган. Янги туманда қишлоқ хўжалигидан тортиб, ижтимоий, иқтисодий соҳаларда ишларни самарали йўлга қўяди.
Хушвақт Қўйбоқаров 1973-1975 йилларда Қашқадарё вилояти ижроия қўмитасига раҳбарлик қилади. 1975 йилда эса Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосарлигига тайинланиб, бу лавозимда 1978 йилга қадар фаолият юритди.
Хушвақт Қўйбоқаров 1978 йилдан Ўзбекистон Таъминот вазири, 1986 йилдан эса Ўзбекистон дон маҳсулотлари ваъзири бўлиб ишлаган.
Унинг мамлакат ривожи йўлида амалга оширган ишлари ҳукумат томонидан ҳам муносиб эътироф этилиб, бир қатор нуфузли орден ва медаллар билан тақдирланган.
Тилла конлари мутахассиси
Неъмат Рўзиев асли Яккабоғдан. Тошкент политехника институтида, Москва муҳандислик-қурилиш институти аспирантурасида ўқиган. 1989-1992-йилларда Словенияда замонавий лойиҳалаш технологиялари ва конструкциялари бўйича малака оширган.
1992 йилдан Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ташкилий-кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси хизматининг масъул ходими лавозимида фаолият юритган. 2002-2008 йилларда Олмалиқ кон-металлургия комбинатида капитал қурилиш соҳаси раҳбари ва комбинатнинг бош директори – бошқарув раиси лавозимида ишлаган. 2008 йилдан Навоий кон-металлургия комбинатига раҳбарлик лавозимига ишга ўтган.
Бу даврда у комбинатнинг 2010-2015 йилга мўлжалланган модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш дастури ҳамда 2017-2026 йилларга мўлжалланган қимматбаҳо металларни кўпайтириш дастури ишлаб чиқилишида бевосита қатнашди. Жумладан, «Зармитан» олтин маъдан кони зонасида кончилик мажмуаси, «Кокпатас» ва «Довгизтов» олтин маъдан конлари бирлашган хомашё негизида кон-металлургия корхонаси, «Мурунтов» карьерини реконструкция қилиш (IV навбат), «Шимолий Конимех» кони қурилиши, «Ауминзо-Амантой» конларини ўзлаштириш ва 5-гидрометаллургия заводини қуриш, «Мурунтов» конини ўзлаштириш, 2-гидрометаллургия заводи қувватларини кенгайтириш, «Зармитан» конининг қуйи горизонтларини ўзлаштириш каби йирик лойиҳаларни санаб ўтиш мумкин.
Неъмат Рўзиев 2021 йилда докторлик диссертацияси бўйича кўп йиллик илмий ва амалий изланишларини тугатиб, техника фанлари доктори илмий даражасини олишга муяссар бўлди.
Неъмат Рўзиев 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.
БЕКЗОД тайёрлади.