Қашқадарё газетаси Маънавият МУНОФИҚНИНГ ИЛМИ ТИЛИДА, МЎМИННИНГ ИЛМИ ЭСА АМАЛИДАДИР
Маънавият

МУНОФИҚНИНГ ИЛМИ ТИЛИДА, МЎМИННИНГ ИЛМИ ЭСА АМАЛИДАДИР

Сараланган сатрлар

Маълумки, инсон тарбиясида оналарнинг ўрни беқиёс. Одатда эркаклар куни бўйи ишда бўлади. Фарзандлар эса кўп вақтини она қаровида ўтказади. Шундай экан, онанинг савияси, дунёқараши, туриш-тутуми болага кўп жиҳатдан таъсир қилади. Она сериал кўришдан, телефондан, ғийбатдан, қўйингки, ўзидан ортмаса, боладан тайинли натижа кутиш қийин. Она илмга ихлосманд бўлса, фарзандларининг вақти нимага сарф бўлаётганига қайғурса, дунёқарашини кенгайтиришга, билимини оширишга астойдил интилса, бундай оиладан катта шахслар, буюк инсонлар етишиб чиқади. Ҳар қандай буюк инсон ортида аёл туради, деган гап айни шу мазмунда айтилган.

“Олим етиштирган оналар”. Турк адибининг бу китобида Ҳазрати Марям, Мусо, Исмоил алайҳиссаломларнинг оналари, Омина, Хадижа, Зайнаб, Руқайя ва Умму Гулсум, Фотима, Оиша, Умму Салама оналаримиз, Али ибн Абу Толиб, Анас ибн Молик, Баро ибн Молик, Ҳасан Басрий, Абдулқодир Жийлоний каби буюк зотлар, мазҳаб етакчиларининг волидаи муҳтарамалари ҳақида, уларнинг фарзандини илм олишга рағбатлантириши йўлидаги хизматлари акс эттирилган. Бу китобни ўқиган кишининг аёлларга эҳтироми юксалиши баробарида фарзандларига илм беришга иштиёқи ошади.

*  *  *

Қуръони каримда шундай бир оят борки, шу биргина оятда ота-онага қандай муомалада бўлишимиз лозимлиги мукаммал суратда кўрсатилган: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “Уфф” дема, уларга озор берма ва уларга карамли сўз айт!” (“Исро” сураси, 23-оят).

*  *  *

Ҳаж ё Умра қилганингизда Ҳиро ғорини, Нур тоғини зиёрат қилгандирсиз. Каъбадан Нур тоғига туризм ширкатларининг транспорти билан келиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам узлатга чекинган Ҳиро ғорига чиққандирсиз. Бу йўл ёшу қари, ҳаммани жуда чарчатади. Ҳадижа онамиз эса ҳеч қандай транспортсиз, 6 километр йўл юриб, тик бўлган Нур тоғига чиқиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга овқат олиб борардилар. Уйда фарзандлари бўлгани ҳолда ва турмуш ўртоқларидан бир оғиз сабабини сўрамасдан вазифаларни ўрнига қўярдилар. На фарзандларини унутарди, на хожасини.

*  *  *

Али розияллоҳу анҳу Фотима онамиз ҳақида шундай деганлар: “Кун бўйи иш билан машғул бўлиб, чарчаб уйга қайтганимда Фотиманинг юзига боқсам, бутун ғам-андуҳларим, толиқишим йўқ бўларди”.

*  *  *

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Ҳаммангиз чўпонсиз. Ҳаммангиз ўз сурувингизга жавобгарсиз. Амир маъмурларининг чўпонидир. Эркак оиласининг чўпонидир. Аёл ҳам уйи ва болаларининг чўпони. Оқибат ҳаммангиз чўпонсиз ва фарзандингизнинг чўпони. Ҳамда ҳаммангиз қўл остингиздагиларга жавобгарсиз”.

*  *  *

Абдуллоҳ ибн Амир розияллоҳу анҳу воқеани ўзи баён қилади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизда ўтирганларида онам мени чақирди. “Қани тез кел, сенга бир нарса бераман”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам онамга: “Болага нима бермоқчисан?”, дедилар. “Унга бир хурмо бермоқчи эдим”, дедилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам “Диққатли бўл, агар унга ҳеч нима бермасанг, сенга бир ёлғон ёзилади”, дедилар”.

*  *  *

Имом Шофеъий жуда кичик ёшдаёқ Қуръонни ҳифз қилган. Онаси унга илм йўлида энг катта суянчиқ бўлган. Фақир ва йўқсил эканликлари илм олишда анча қийинчиликлар туғдирса-да, тўсиқ бўлолмаган. Бу қийинчиликлардан бири ёзиш учун қоғоз тополмаган. Онаси фарзанди билан қоғоз топиш учун ҳукумат биносига борган. У ердан кераксиз деб ташлаб юборилган қоғозларни йиғади. Қоғознинг бўш жойларини топиб, тўғрилаб, фарзандига беради. Мана шу қоғозларга имом Шофеъий Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини ёзиб, ҳадис илмида юксак чўққиларни забт этган.

*  *  *

Бир куни имом Шофеъий мадрасада устозининг у билан шуғулланмай, бойларнинг болалари билан шуғулланаётганини келиб онасига айтади. Онаси кўнгли ўксиган ўғлига шундай тавсия берган: “Болам, сен ҳам устозинг қайси талаба билан кўпроқ шуғулланса, унинг ёнига бориб ўтир. Фақат тингла ва илм ўрган”. Шу тавсия билан имом Шофеъий “Суннат қўриқчиси” унвонини олган. Бу буюк унвоннинг тагида дардли бир онанинг имзоси бордир!

*  *  *

Бир куни онаси Суфён Саврийга: “Эй ўғлим! Кет ва илм ўрган. Мен сенга моддий томондан ёрдам бераман. Ўн ҳадис (ҳарф) ёзганингда ўзингда бирор ўзгариш сезсанг, илм олишда давом эт. Йўқ, агар нафсингда ҳар доимги ҳолатингдан бирор ўзгариш бўлмаса, беҳуда уринма”.

*  *  *

Ўрганганларимиз билан амал қилишимиз керак. Амал қилмасак, қуруқ билимдан фойда йўқ. Унда “Жумуъа” сурасида “Китоб ортилган эшак” дея таърифланган кимсалардан бўлиб қоламиз.

*  *  *

Мунофиқнинг илми тилида, мўминнинг илми эса амалидадир.

*  *  *

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ёнига яманликлар келишганида “Орангизда Увайс ибн Амир борми?”, деб сўрардилар. Ниҳоят у келди. Ораларида шундай суҳбат бўлди:

– Сен Увайс ибн Амирмисан?

– Ҳа!

Муроддан кейин Қарандан-а?

– Ҳа.

– Сенинг онанг борми?

– Ҳа!

– Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим. Шундай дегандилар: “Сизга аввал Муродда яшаб, кейин қаранлик бўлган Увайс ибн Амир Ямандан ёрдам кучи билан келади. Унинг онаси бор. У онасига меҳрибон. У нимани истаса, Аллоҳ унинг истаганини беради. Агар ундан ўзинг учун истиғфор сўрай олсанг, сўра”.

*  *  *

Имом Заҳабий ҳадис ривоят қилган аёллар ҳақида шундай дейди: “Ҳозиргача ҳадис ривоят қилган аёлларнинг бирортаси томонидан хато ёки ёлғон содир бўлмаган. Муҳаддис аёлларнинг кўпчилиги ҳадис илми билан машҳур бўлган оилаларга мансуб”.

*  *  *

Шундай одамлар борки, улар сувга тушган хасдек ҳеч бир мақсадсиз дунёдан ўтиб кетадилар. Улар умр денгизида сузишмайди, балки ўзларини оқимга топширишади. Сен ундай бўлма. Ёдингда тут, иқтидорли бўлишнинг ўзи кифоя қилмайди. Вақти келганда, шу иқтидорни кўрсата билмоқ лозим. Истеъдоди бўла туриб, журъати бўлмаган инсонлар охир-оқибат шу истеъдодни увол қиладилар. Ўзлигингни намоён қил, нималарга қодирлигингни кўрсат, лекин ҳамиша олтин ўрталиқни сақла!

*  *  *

Бир қишлоқ деҳқони шаҳарга бодринг олиб келибди. Ундан шаҳарлик киши бодринг сотиб олмоқчи бўлибди ва уни синамоқчи бўлиб “Поездни кўрганмисан?”, деб сўрабди. Қишлоқлик киши ўзича мулоҳаза қилиб кўриб, бу шаҳарликнинг олдида сир бой бермаслик учун ўзини кўпни кўрган қилиб кўрсатмоқчи бўлибди. Деҳқон, бу гапирган матоҳи бирорта ейдиган нарса бўлса керак, деб ўйлаб “Поездни ҳатто еганман-ку!”, дебди. Шаҳарлик одам унинг устидан кулиб, бодринг сотиб ола бошлабди. Деҳқон унинг халтасига чиройли кичик-кичик бодрингларни солаётганини кўрган шаҳарлик: “Нега кичкиналарини, хомларини соласан, мени лақиллатмоқчимисан, анави етилган катта-катта, сап-сариқ бўлиб пишганларини сол!”, деб койибди. Бодрингнинг уруғлаб кетган катта, сарғайиб қолганларини сигирига бериб ўрганган деҳқон шаҳарликнинг бу “фаросат”ига оғзи очилиб қолибди ва унинг айтганини қилибди. Шундай экан, билиб қўйгинки, ҳар томонлама мукаммал, ақлли ёки ҳамма соҳани тўла биладиган кишилар кам бўлади. Ўзга инсонни изза қилмоқчи бўлган кишининг ўзи панд еб қолади. Бировнинг устидан куладиган одам ўзининг ҳам нуқсонлари борлигини эсдан чиқармасин. Сен ҳам бировнинг устидан куладиган киши бўлма!

*  *  *

Айтайлик, бир иш билан сафарга чиқдинг, биёбон саҳродасан, ичгани сувинг тугаган, яқин қолдики ўласан. Шунда мешда сув кўтарган бир кимса йўлингдан чиқди. У, агар молу дунёнгни ярмини берсанг, сувимдан бераман, деса, албатта, ўлмаслик учун йиққан хазинангнинг ярмини берасан. Бу ҳолатда ким ҳам бермайди, жони кўринади кўзига. Сувни ичдинг. Манзилингга эсон-омон етдинг, лекин қулоғинг тагида пойлаб турган шундай бир хасталик сенда пайдо бўлдики, ҳалиги ичган сувингни ташқари чиқаролмай қолдинг. Табибларни чақирдинг, бирортаси хасталигингга эм тополмади, пешоб қилолмаяпсан, дардинг зўраймоқда. Шунда бир табиб келиб айтдики, қолган молу дунёнгни менга берсанг, сени даволайман, деди. Албатта, бундай чоғда барча молингни қўшқўллаб табибга топширасан. Сенда нима қолди?! Бор-йўғи бир сув ичиб чиқариб ташлашга тенг бойлигинг бор экан.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version