Инсон манфаатлари
Инсон манфаатларини таъминлаш, аҳолининг дарду ташвишларини эшитиш ва уларга тезкор ечим топиш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Президентнинг Виртуал ҳамда Халқ қабулхоналари тизими бу борада фуқаролар билан давлат ўртасидаги ишончли мулоқот майдонига айланган. Бугун мазкур тизим нафақат мурожаатларни қабул қилиш, балки ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муҳитни таҳлил этиш, аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва уларга манзилли ечим топишнинг муҳим воситаси сифатида ҳам хизмат қилмоқда.
* * *
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимиз аҳолисидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига 56 мингдан ортиқ мурожаат бўлган. Масъуллар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан камайиш бўлганини айтади. Лекин, Қашқадарё бу борада республика бўйича Тошкент шаҳридан кейинги иккинчи ўринда турибди.
Статистика мурожаат қилишда аёллар эркаклардан, ишсизлар ишлилардан, 30-60 ёшлилар қолганлардан фаоллигини кўрсатади. Вилоят бўйича таққосда Қарши шаҳри биринчи, Ғузор ва Деҳқонобод туманлари кейинги ўринларни банд этгани кўринади. Қашқадарёликлар энг кўп Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Мажбурий ижро бюроси ва Ички ишлар вазирлиги ваколати доирасидаги масалаларда мурожаат этишмоқда.
Бир қарашда бу ҳолатни ҳудудда аҳоли ҳам, муаммолар ҳам кўплиги билан изоҳлаш мумкин. Аммо масалага кенгроқ назар ташланса, мурожаатлар кўплиги одамларнинг ҳуқуқий онги, давлат идораларига бўлган ишончи ва ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиш маданияти ортиб бораётганидан ҳам далолат беради.
* * *
Мурожаатлар ижтимоий-иқтисодий «оғриқ нуқталар»ни яққол кўрсатиб бериши билан ҳам аҳамиятли. Таҳлилларга кўра, ҳудуддан айрим соҳалар бўйича мурожаатлар сони сезиларли даражада ошган.
Вилоят ҳокимлигининг мурожаатлар билан ишлаш бўлимидан олинган маълумотларга кўра, жумладан, 18 ёшгача бўлган болалар нафақасига оид мурожаатлар 1445 тага ёки 40,7 фоизга, муҳтожларга бир марталик моддий ёрдам бўйича мурожаатлар 624 тага ёки 83,6 фоизга, алимент ундиришга оид мурожаатлар 163 тага ёки 6,3 фоизга кўпайган.
Шунингдек, аҳолига суюлтирилган маиший газ етказиб бериш, иш ҳақи тўлаш, содир этилган ҳуқуқбузарликларга оид мурожаатлар ҳам ошган. Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларига оид мурожаатлар 248 та (53,8 фоиз)га, хотин-қизларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаатлар 225 та (55,7 фоиз)га кўпайган.
Энг юқори ўсиш кўрсаткичлари – хотин-қизларнинг уй-жойларини таъмирлаш масаласидаги мурожаатлар: 223,4 фоиз; электр таъминотидаги узилишлар билан боғлиқ муаммолар: 128,6 фоиз.
Кўпайган мурожаатлар рўйхатида ички йўлларни асфальтлаш ва шағаллаштириш (таъмирлаш), ер ва мол-мулклар кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва ногиронлик гуруҳини ўзгартириш ёки тиклаш масалалари ҳам бор.
Бу рақамлар қашқадарёликларни энг кўп қийнаётган муаммолар ижтимоий ҳимоя, коммунал хизматлар, бандлик, ҳуқуқий муносабатлар ва инфратузилма кабилар билан боғлиқ эканини кўрсатади.
* * *
Сўнгги йилларда жойлардаги муаммоларни барвақт аниқлаш ва ҳал этиш бўйича муайян тизимли ишлар амалга оширилаяпти. Маҳаллий бошқарув органлари, давлат ташкилотлари раҳбарларининг сайёр қабуллари, турли даражадаги масъулларнинг аҳоли билан очиқ мулоқотлари, маҳалла «еттилиги»нинг фаолияти кўплаб масалаларнинг мурожаатга айланмасдан ҳал этилишига замин яратмоқда.
Бироқ таҳлиллар шуни кўрсатадики, энг самарадор услуб – маҳаллабай ишлаш тизимида ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўп. Айниқса, мурожаатлар сони юқори бўлган ҳудудларда ҳар бир мурожаатнинг сабабини ўрганиш, муаммонинг илдизини аниқлаш ва манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш талаб даражасида эмасдек кўринади.
Масалан, электр, газ таъминоти ва йўл инфратузилмаси бўйича мурожаатлар кўпайган ҳудудларда соҳавий дастурлар қайта кўриб чиқилиши лозим. Ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам бўйича мурожаатлар ўсиши эса эҳтиёжманд оилалар билан ишлашни янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатади. Бунда улар чиндан ҳам кўмакка муҳтожми ёки боқимандалик кайфиятига тушиб қолганми, шунга аниқлик киритиб олиш жуда муҳим.
* * *
Мурожаатлар таҳлилида яна бир муҳим ҳолат кўзга ташланади. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Халқ қабулхоналарига 305 нафар фуқаро номидан 15 минг 520 та мурожаат келиб тушган.
Хусусан, Ғузор туманидан 30 нафар фуқаро 1500 та, Қарши шаҳридан 57 нафар фуқаро 1449 та, Деҳқонободдан 35 нафар фуқаро 566 та, Шаҳрисабз туманидан 13 нафар фуқаро 505 та, Муборакдан 15 нафар фуқаро 487 та, Қарши туманидан 16 нафар фуқаро 475 та, Китобдан 19 нафар фуқаро 417 та, Косондан 23 нафар фуқаро 379 та, Чироқчидан 18 нафар фуқаро 361 та, Яккабоғдан 17 нафар фуқаро 346 та, Қамашидан 13 нафар фуқаро 333 та, Нишондан 14 нафар фуқаро 299 та, Касбидан 10 нафар фуқаро 185 та, Миришкордан 10 нафар фуқаро 169 та, Кўкдаладан 8 нафар фуқаро 166 та, Шаҳрисабз шаҳридан 7 нафар фуқаро 123 та мурожаат йўллаган.
Албатта, мурожаат қилиш ҳар бир фуқаронинг қонуний ҳуқуқи, агар асосли бўлса. Бироқ турли идораларга бир масала юзасидан асоссиз юзлаб такрорий мурожаатларнинг юборилишини қандай тушуниш мумкин?!
Шу боис такрорий мурожаатларнинг сабабларини чуқур таҳлил қилиш, мурожаат берувчи билан индивидуал ишлаш, ҳуқуқий тушунтиришлар ва тарғибот самарадорлигини ошириш муҳим вазифа бўлиб қолаяпти.
* * *
Мурожаатлар сонининг кўп ёки камлиги давлат бошқаруви самарадорлигини баҳолашда ягона мезон бўла олмайди. Энг муҳим кўрсаткич – келиб тушган мурожаатларнинг қай даражада ҳал этилгани, қанча инсоннинг муаммосига ечим топилгани ва аҳоли розилиги таъминланганидир.
Шу нуқтаи назардан Қашқадарёдан мурожаатлар кўплигига бир ёқлама баҳо бериш тўғри эмас. Бир томондан, бу аҳолини қийнаётган қатор ижтимоий-иқтисодий муаммолар ҳали ҳам долзарблигича қолаётганини кўрсатса, иккинчи томондан, юқорида айтилганидек, фуқароларнинг ҳуқуқий онги, давлат идораларига ишончи ва фаол фуқаролик позицияси кучайиб бораётганидан далолат беради.
Бугунги асосий вазифа мурожаатларга вақтида ва асосли жавоб бериш, уларда кўтарилган масалаларни қонун доирасида ҳал этиш билан бирга, муаммоларни келтириб чиқараётган сабабларни бартараф этишдан иборат. Бунда маҳаллабай ишлаш тизимини янада кучайтириш, соҳалар кесимида қўшимча манзилли дастурлар ишлаб чиқиш, инфратузилма ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги муаммоларни тизимли ҳал қилишни диққат марказида тутиш самарадорликни янада ошириши турган гап.
Зеро, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, ҳар бир ҳал этилган масала ортида эса халқ розилиги ва давлатга бўлган ишонч мужассамдир.
Шоҳиста БОЗОРОВА