Қашқадарё газетаси Иқтисодиёт Нархлар барқарорлигини сақлаш учун гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқариш ҳажмларини 10 фоизга ошириш мўлжалланмоқда
Иқтисодиёт

Нархлар барқарорлигини сақлаш учун гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқариш ҳажмларини 10 фоизга ошириш мўлжалланмоқда

Озиқ-овқат хавфсизлиги

Аниқлаштирилган прогноз кўрсаткичларига мувофиқ, жорий йилда вилоятимизда барча тоифадаги хўжаликларда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари ўтган йилга нисбатан 10 фоизга оширилиб,      344,8 минг тонна гўшт (тирик вазнда), 1 миллион 518,2 минг тонна сут, 35 минг 750 тонна парранда гўшти ва 620,7 миллион дона тухум ишлаб чиқарилади.

Ушбу прогноз кўрсаткичлари вилоят ҳокимининг жорий йил 20 мартдаги қарори билан тасдиқланган. Давлатимиз раҳбари ва Президент Администрациясининг тегишли топшириқлари ижроси доирасида қабул қилинган мазкур ҳужжатда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали чорвачилик субъектлари даромадини кўпайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва бозорларда нархлар барқарорлигини сақлаш каби мақсадлар кўзланган.

Қарорга асосан, шунингдек, 2025 йилда амалга ошириладиган чорвачилик йўналишидаги лойиҳаларнинг йиғма жадвали ҳамда чорвачилик субъектларига ажратилган сувли ерларни тўлиқ хатловдан ўтказиш, мавжуд чорва молларига мутаносиб равишда ерларнинг ажратилишини таъминлаш бўйича вилоят ишчи гуруҳи таркиби ҳам тасдиқланган.

Йиғма жадвалга мувофиқ, жорий йилда вилоятимизда қорамолчилик йўналишида 93 та, қўйчилик ва эчкичиликда 76 та, паррандачиликда 13 та, гўшт ва сутни қайта ишлаш соҳасида 8 та, балиқчиликда 6 та, йилқичиликда 2 та, туячилик, қуёнчлик, асаларичилик ва омихта ем ишлаб чиқариш йўналишларида 1 тадан, жами 202 та лойиҳани амалга ошириш режа қилинган.

Ҳужжатда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш бўйича яна бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Масалан, тегишли масъуллар зиммасига жорий йил 1 июлга қадар ҳар бир туманда камида биттадан озуқабоп экинлар уруғларини етиштиришга ихтисослашган уруғчилик хўжаликларини ташкил этиш ҳамда икки ҳафта муддатда чорвачиликка ихтисослаштирилган 14 та тумандаги чорва ҳайвонларини идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тизимини йўлга қўйиш вазифалари юклатилган.

Exit mobile version