Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) штаб-квартираси Қувайтда жойлашган нефть экспорт қилувчи араб давлатлари ташкилоти (OAPEC)дан чиқди. Бу араб ишлаб чиқарувчилари уюшмасининг баёнотидан аён бўлган.
«OAPEC бош котибияти БАА энергетика вазири Сухайл ал-Мазруий томонидан аъзо давлатлар вазирлар кенгашининг жорий сессияси раисига йўлланган мамлакат 2026 йил 1 майдан ташкилот аъзолигидан чиқишга қарор қилгани ҳақидаги хатдан хабардор этилди», дейилади унда.
Нефть экспорт қилувчи араб давлатлари ташкилоти 1968 йилда тузилган. Бирлашган Араб Амирликларининг унга аъзолиги 58 йил давом этди.
Аввалроқ БАА 1 майдан нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (OPEC) ва OPEC+дан ҳам чиқишини эълон қилганди. Мамлакат раҳбарияти «масъулият билан ҳаракат қилиш» ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини «босқичма-босқич ва ўлчовли» оширишга ваъда берган.
Экспертлар фикрича, расмий Абу-Даби OPEC ва OAPEC доирасида белгиланган ишлаб чиқариш квотаси (меъёри)га амал қилишдан бош тортишга ҳамда бозорни арзон хомашё билан тўлдириш орқали «нархлар уруши»га киришишга жазм этди. БААнинг нефть экспорт қилувчи араб давлатлари ташкилоти аъзолигидан чиқиши Яқин Шарқ мамлакатлари ўртасидаги тарқоқликни кучайтириши ва минтақадаги барқарорликка путур етказиши мумкин.