Нафақат юртимизда, балки Осиё минтақасида ўз ўрнига эга «Насаф» футбол клуби ташкил этилганига келаси йил 40 йил тўлади. Клуб дастлаб ташкил этилган вақтда «Геолог» деб номланиб, турли йилларда «Пахтачи», «Динамо Насаф» каби номлар билан ҳам юритилган. 1996 йилдан ҳозирги вақтгача «Насаф» номи билан атаб келинмоқда.
Қашқадарёга оид
Клуб 1997 йилдан Ўзбекистон олий лигасида иштирок этади. Қаршилик футболчилар 2011 йили украиналик таниқли мутахассис Анатолий Демьяненко қўл остида Осиё Футбол Конфедерацияси кубогини қўлга киритишган. Ўзбекистон Супер лигаси ва Ўзбекистон кубогининг кўп карра ғолиби.
Жамоа таркибида энг кўп майдонга чиққан ўйинчи – Рўзиқул Бердиев (314 маротаба). Жамоанинг энг яхши тўпурари – Зафар Холмуродов (181 та гол). Бир мавсумда энг кўп тўп киритган футболчи – Зафар Холмуродов (30 та, 2000 йил).
Энг йирик ғалабаси – 7:0 («Металлург Бекобод», 2004 йил), 8:1 («Андижон», 2004 йил). Энг йирик мағлубияти – 0:6 («Андижон», 1998 йил).
«Марказий» ўйингоҳи 2006 йилда Қарши шаҳри мезбонлик қилган «Умид ниҳоллари» мусобақаси учун қурилиб, фойдаланишга топширилган. 2008 йилда «Насаф» футбол клуби уй учрашувларини айнан шу ўйингоҳда қабул қилишни бошлаган.