Сараланган сатрлар
Тоҳир Малик ўзбек адабий фантастикасининг асосчиларидан бири, “Шайтанат” романи асосида ишланган 20 қисмли бадиий фильм ўз даврида чинакам шов-шувларга сабаб бўлган. “Ҳикмат афандининг ўлими”, “Фалак”, “Сомон йўли элчилари”, “Чорраҳада қолган одамлар”, “Алвидо, болалик”, “Сўнгги ўқ” асарлари, “Жиноятнинг узун йўли” илмий-таҳлилий рисоласи, “Меҳмон туйғулар” номли хотира, ёднома, адабий мақолалар тўплами китобхонлар орасида анча машҳур. Адибнинг “Амир Темур даври адабиёти”, “Варахша”, “Унвони инсон”, “Соҳилсиз денгиз”, “Зулмат салтанати”, “Моштабиб” сценарийлари асосида ҳужжатли фильмлар суратга олинган.
“Мурдалар гапирмайдилар” Тоҳир Маликнинг бойлик васвасаси, нафс қутқуси ва инсоний фожиалар ҳақида ҳикоя қилувчи қиссаси бўлиб, асар инсон қалбини иймон нури ила ёритишга, ҳеч бир зулм жазосиз қолмаслиги ва охират қайғуси ҳақидаги фалсафий хулосаларга бағишланган. Қуйидаги лавҳалар шу асардан.
* * *
Мозийда ўтган валийлардан бири “Дунё – ўткинчи меҳмонхонадир. Дунёдаги энг улуғ бойлик – дунёга берилмасликдир. Дунёни афзал билган киши зиллатга, хорликка ҳукм этилиб, ҳалок бўлур”, деган экан. Яна ровийлар дерларки: дунё ясатилган келинчакка ўхшайдир. Кўзлар унга термулган, қалблар унга муштоқ, нафслар эса унга ошиқдур. У маккор эса, барча ошиқларни шафқатсиз ҳолда бирма-бир ҳалок қиладир. Ҳаётдаги тириклар ўлганлардан, кейингилар олдингилардан ибрат олмаслар…
Ҳисоб-китоб қилинмасдан бурун нафсини тийган киши ютади. Нафси билан ғафлатда қолган эса зарарга учрайди.
* * *
Қабристон бизга сукунат олами бўлиб кўринади. Аслида оҳ-у фарёдлар ўлкасидир! Биз бу фарёдларни эшитмаймиз, билмаймиз. Шу боис биз маййитларнинг кечмишидан ибрат олмаймиз. Агар тинглай олганимизда эди…
“Мурдалар гапирмайдилар”, деймиз. Бизга шундай туюлар? Балки улар гапирарлар, биз эшитмасмиз? Эшитсакми эди…
* * *
Эмишки, бир ўрмонда болта пайдо бўлиб, дарахтларга қирғин келтирибди. Оғочлар унга қарши чора тополмай, қари Эмандан маслаҳат сўрашибди. “Болта деганларинг нима ўзи? У нимадан ишланган?” деб сўрабди Эман. “Болта – темирдан ясалган бир матоҳдир”, деб жавоб берибдилар. “Ўзи-ку, темир экан, дастаси-чи? Дастаси ҳам темирданми?” деб сўрабди Эман. “Йўқ, – дебдилар, – дастаси – оғочдан, ўзимиздан”. “Дастаси ўзимиздан бўлса, унга чора йўқ”, деган экан Эман.
* * *
Қамоқ оламининг икки тартиб-интизоми бор. Биринчисига ҳуқуқ идоралари тартиб берганлар. Буниси қоғозга тушган, муҳрланган. Унга кўп ҳолда амал қилинмайди. Иккинчиси қоғозга ёзилмаган, муҳрланмаган. Аммо унга бехато тарзда бўйсунилади. Қонундаги ўғрилар томонидан жорий этилган тартиб-қоидаларнинг бузилиши улуғ бир фожиа саналиб, бузғунчи кечирилмайди.
* * *
Дунё ҳам ажойиботларга бой. “Яхши бузоқ икки онани эмади”, деганларидек, айрим мамлакатларнинг бир эмас, иккита раҳбари бўлади. Бирини “қонуний пресидент”, дейдилар. Ҳалолми, ғирром йўл биланми – ҳар ҳолда сайланади. Бу раҳбарни ёқтирмаганлар ўзларини “мухолифот”, деб эълон қиладилар-у биронта хориж юртга бориб, ўзларига ёққан одамни “муваққат тахт”га ўтқазадилар. Бу энди “норасмий пресидент” бўлади. Бу ҳолат кичикроқ доирага келтирилса, яъни оила деб аталмиш ўзига хос “мамлакат”га қиёсланса, кундошларни эслатади.
* * *
Бир қарасанг атрофингда меҳрибон одамлар кўп. Улар сенга яхшилик қилгиси келади-ю, аммо нима учундир қилмайди. Дардингга малҳам қўйгиси келади-ю, аммо нимагадир қўймайди. Сенга қўшилиб йиғлагиси келади-ю, аммо нимагадир йиғламайди. Бошинг узра бахт қуёши чарақлаб қолса, унинг нуридан сен билан бирга баҳра олишга шошилишади. Бу бахт қуёши юзини абри бало қоплагудай бўлса, пана-панага қочадилар. Ўша панада туриб, сенга бўлган садоқатларини изҳор этадилар.
* * *
Она – фарзандига ёпирилажак дард-у аламлар сели йўлидаги бир тўғондир. Она яратган Аллоҳ ҳузурига қайтгач, бу тўғон ўз-ўзидан емирилади.
* * *
Кимдир Яратганнинг ҳузурига бораётганига шукур қилиб кўз юмар, кимдир лаҳадда ёлғиз ётишини ўйлаб қўрқув билан жон берар, кимдир тўплаган бойлиги қолиб кетаётганидан ачиниб ўлар…
Бу дунёни қандай тарк этишидан қатъи назар, барчаларига аза очилади. Бу дунёда бир-бирлари билан тенглик қилмаган одамлар лаҳаддаги гувалага бош қўйишлари ҳамоноқ тенглашадилар. Аммо бу тенглик ҳам узоққа бормас. Савол-жавобдан сўнг, амалга қараб ажралиш юз берар – биров то қиёматга қадар қабр азобига гирифтор бўлар, биров эса бу азоблардан озод этилар. Қиёматда эса, узил-кесил ажралиш юз берар…
* * *
Банданинг ҳоли шу: гўё у ёки бу ишнинг гуноҳ эканини билмагандай юраверади. Боши деворга урилиб, зарба туфайли кўзларидан учқунлар сачраганида Тангрини эслайди. Сўнг “гуноҳларим бўлса кечир”, дейди. Шундай дегани ҳам катта гап. Баъзан “Э Худойим, қайси гуноҳларим учун мени бунчалик қийнайсан?” деб зорланиб ҳам қўяди. “Ҳаромдан сақлансам эдим, нафсимни тия олсам эдим, бунчалар хорликка йўлиқмас эдим”, деб ўзини айбламайди.
* * *
Озод одам ҳеч бир тўсиқсиз эгалик қилиш мумкин бўлган нарсага эгадир. Ҳеч бир тўсиқсиз нимага эгалик қилиши мумкин? Фақат ЎЗ-ЎЗИГА! Агар сен одамнинг ўз-ўзига эгалик қилмай бошқаларга ҳам ҳукм ўтказмоққа жазм этганини кўрсанг билки, у озод эмасдир. У бошқаларга ҳокимлик қилишни истадими, демак, у ўз истаги, нафси қулидир…
* * *
Бир нодон бургут… Қара-я, бургутларнинг ҳам нодони бўлар экан, ўша нодон бургут ўрдак овламоқчи бўлибди. Энди ўрдакка чанг соламан, деса ўрдак шартта сувга шўнғиб кетармиш. Шунда бургут астойдил қасд қилиб ўрдак томон ўқдек учибди. Ўрдак бу сафар ҳам сувга шўнғиган экан, “энди қутулиб бўпсан!” деб у ҳам шўнғибди. Ўрдак эса сув юзасига чиқиб, қанотларини ёйибди-ю, учиб кетибди. Бургут эса сувга бўкиб ўлибди.
* * *
Дунёдаги одам зотининг қаричи бир-бирига мос келмайди. Бармоқ изларининг ҳам ўхшаши йўқ. Шу каби бахт ҳақидаги тушунчалар ҳам бир-бирига ўхшамайди. Агар бахт ўлчовли нарса бўлса эди, уни ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди, демоқ мумкин эди. Агар бахт кўзга кўрингувчи нарса бўлса эди, уни ҳар ким ўз кўзи билан кўради, десак янглишмас эдик. Айрим одамлар рангни фарқлай олмаганлари каби бахт билан бахтсизликнинг чегарасини билмайдилар. Машойихлар “сенга асал бўлиб туюлган асли заҳардир, заҳар бўлиб туюлгани эса асалдир”, деб бежиз огоҳ этмаганлар.
* * *
Дунё нимага ўхшайди? Дунё – ясатилган келинчакка ўхшайди. Кўзлар унга термулган, қалблар эса муштоқдир. Ясатилмиш келинчакка кимлар ошиқ? Шубҳасиз НАФС ошиқдир. Бу келинчак ошиқларнинг барчасини ҳалок этади. Ҳаётдаги тириклар ўликлардан, кейингилари олдингиларидан ибрат олмаяптилар. Уч хусусни унутмаслик керак: дунёнинг ўткинчи эканини, неъматларнинг ҳам ўткинчи эканини, муқаррар ўлимнинг ҳақ эканини.
* * *
Тақдир деган бир одамнинг фаҳм-фаросатда тенги йўқ, оқила ва гўзал қизи бор экан. Тақдир қизига қараб: “Ақл, Давлат ва Умид деган уч одамдан совчи келяпти, қайси бирига рози бўласан?” деб сўрабди. Шунда қиз: “Дада, ақл – инсондаги энг улуғ фазилатдир, Ақлга суяниб туриб дўстни душмандан, ҳушёрни девонадан фарқлаш мумкин. Лекин ақлнинг бир айби бор: кишини чалғитиб, хатарли йўлларга солиб қўйиши мумкин. Давлат эса ҳам ишбилармон, ҳам ҳукмдордир. Лекин Давлат ҳеч қачон, ҳеч кимга вафо қилмайди. Мен Умидни ихтиёр қиламан. Чунки Умид ҳеч қачон Инсонга хиёнат қилмайди, ундан ажралмайди. Бутун жаҳон ундан манфаатдор”, деган экан. Биз ҳам ўша Тақдирнинг доно қизига ўхшаб Умидни танласак, адашмаймиз.
* * *
Зулмдан қочмоқликнинг, зулмга нафрат қилмоқликнинг йўлларидан бири – зулм аслан қандай эканини яхшироқ ва аниқроқ кўриш, англаш, таҳлил қилмоқликдир. Нафснинг келажаги – зулмдир, зулмнинг келажаги эса – хорликдир.
* * *
Бу дунёни ташлаб кетганлар гапира олсалар эди, биз бу гапларни эшита олсак эдик, ғафлатдаги юмуқ кўзларимиз мошдек очиларми эди…
Биз “гапирмайдилар”, деймиз, аслида улар гапирадилар, аммо биз эшитмаймиз, эшитсакми эдик, қалбларимиз пораланиб кетарми эди… уларнинг афсуслари, чеккан нолаларидан қулоқларимиз қоматга келарми эди…
Суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилган эканлар: “Жоним қўлида бўлган зотга – Аллоҳга қасамки, сизлар менинг сўзларимни улардан (яъни ўликлардан) яхшироқ англагувчи эмассизлар, фақат улар жавоб қила олмайдилар холос…”
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.