Германиянинг собиқ мудофаа вазири Аннегрет Крамп–Карренбауэр мамлакатда аёллар учун мажбурий ҳарбий хизмат жорий этишни қўллаб–қувватлайди. Бу ҳақда Berliner Zeitung нашри ёзган.
У федерал ҳукуматга бундай таклифни «Нотинч дунё – Германия ва глобал Жануб» комиссияси раиси сифатида берган.
Собиқ мулозимнинг фикрича, дунёда ресурслар учун рақобат кучаймоқда ва миллатчиликка қайтиш, шунингдек, низоларни халқаро ҳуқуқ нормалари билан эмас, балки кучлилар қонуни асосида ҳал этишнинг очиқ тенденцияси кўзга ташланмоқда. Бундай шароитда Германия халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи мамлакатлардан бирига айланиши керак, бироқ бунинг учун ўз ҳарбий қудратини ошириши зарур. Бу эса аёллар учун ҳам, эркаклар учун ҳам мажбурий ҳарбий тайёргарликни жорий этишни талаб қилади.
«Бу бизда кучли захира, яъни фавқулодда вазиятларга тайёр аскарлар авлоди бўлиши учун муҳим», деган Аннегрет Крамп-Карренбауэр.
Германияда мажбурий ҳарбий хизмат 2011 йилда бекор қилинган эди.