Қашқадарё газетаси Олам Ноёб хотира қобилиятига эга бола
Олам

Ноёб хотира қобилиятига эга бола

Олимлар 16 ёшли ўсмир феноменал автобиографик хотирага эгалигини аниқлади. У ўз ҳаётидаги воқеаларни одамларнинг 99,9 фоизидан кўра батафсилроқ эслаб қолган. Бундай қобилиятли инсонлар дунёда 100 кишидан кам эканлиги тахмин қилинади. Тадқиқот натижалари Cortex илмий журналида чоп этилган.

Гап юқори даражада ривожланган автобиографик хотира деб аталувчи ноёб қобилият ҳақида бормоқда. Номи исми-шарифининг бош ҳарфлари (KCL) билан ифодаланган ўсмирнинг айтишича, ўтган ҳаётидаги кунларнинг тахминан ярмини майда тафсилотларигача эслайди. Айрим хотиралари эса ҳатто уч ойлик бўлган даврига бориб тақалади. Ундаги хотиралар ҳид ёки таниш қўшиқ каби ҳиссий «ишоралар» таъсирида беихтиёр жонланади.

Энг қизиғи, бу ҳолат унинг умумий ақлий қобилияти фавқулодда юқори эканини англатмайди. Ўсмирнинг диққат, ишчи хотира ва ижро функцияларига оид тест натижалари аксарият одамлардаги каби оддий кўрсаткичларни намоён қилган. Ривожланган автобиографик хотирага эга бўлган бошқа инсонларда ҳам худди шундай ҳолат кузатилади. Унинг асосий фарқи миянинг «қуввати»да эмас, балки хотирадан фойдаланиш усулидадир: KCL хотирани ишга туширадиган муайян «калитлар»га нисбатан юқори сезгирликка эга.

Шунга қарамай, бундай камёб ҳолатлар инсон миясида хотира қандай ишлашини ўрганишда қимматли «табиий тажриба» вазифасини бажаради.

Автобиографик хотира – инсоннинг ўз ҳаётида содир бўлган, муайян вақт ва жой билан боғлиқ воқеаларни эслаб қолиш қобилиятидир. Одатда одамлар ҳаётидаги фақат айрим ёрқин воқеаларни яхши эслаб қолади, кундалик ва оддий воқеалар эса вақт ўтиши билан хотирадан ўчиб кетади.

Exit mobile version