Юрт обод – кўнгил обод
Ободонлаштириш ишларини тизимли ташкил этиш, санитария-экологик ҳолатни яхшилаш ҳамда аҳоли ўртасида турмуш эстетикаси, тозалик, орасталик ва бунёдкорлик маданиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида вилоят ҳокимининг жорий йил 27 июлдаги тегишли фармойиши билан ҳар ойнинг иккинчи ва тўртинчи шанба кунлари ҳудудда «Ободонлаштириш ва тозалик куни» этиб белгиланди.
Ҳужжатда кўрсатма қилинганидек, «Ободонлаштириш ва тозалик куни» доирасида ички кўчалар, пиёдалар йўлаклари, очиқ майдонлар, ариқ ва зовурлар, ёмғир суви тармоқлари, болалар ва спорт майдончалари, истироҳат боғлари, қабристонлар, бозорлар, шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига туташ ҳудудларни тозалаш;
маҳалла бинолари, таълим ташкилотлари ва тиббиёт муассасалари, маданият ва спорт объектлари, кўп квартирали уйлар ҳамда ташкилотларга бириктирилган ҳудудларни тартибга келтириш;
қуриб қолган ва хавф туғдираётган шох-шаббаларни, бегона ўтларни ҳамда ноқонуний ташланган чиқиндиларни бартараф этиш, дарахт ва буталарга агротехника талаблари асосида шакл бериш, мавжуд яшил майдонларни парваришлаш;
ноқонуний ўрнатилган реклама воситалари, тартибсиз жойлаштирилган қурилиш материаллари, яроқсиз буюмлар ва ҳудуднинг ташқи кўринишига салбий таъсир кўрсатаётган бошқа ҳолатларни қонунчиликда белгиланган тартибда бартараф этиш ишлари устувор тартибда амалга оширилади.
Бунинг учун туман (шаҳар)лар ҳокимлари ҳудудий ишчи гуруҳларини тузиб, ҳар бир маҳалла, кўча ва объект кесимида ободонлаштириладиган манзиллар, бажариладиган ишлар ҳажми, зарур махсус техникалар, масъул хизматлар ҳамда чиқинди олиб чиқиш йўналишларини қамраб олган манзилли дастурларни ишлаб чиқади.
Ҳар бир ҳудудни тегишли ободонлаштириш, санитария тозалаш, йўл, ирригация ва бошқа махсус хизматларга бириктириб, ишларни сифатли ҳамда белгиланган муддатларда бажариш учун масъулларни белгилайди.
«Ободонлаштириш ва тозалик куни» тадбирлари учун махсус техника, транспорт воситалари, чиқинди контейнерлари ва ишчи бригадаларни олдиндан белгиланган манзилларга сафарбар қилиб, йиғилган қаттиқ маиший ва бошқа чиқиндиларни белгиланмаган жойларда қолдирмасдан, ўша куннинг ўзида, истисно ҳолларда эса кейинги кун соат 10:00 га қадар полигонларга олиб чиқиб кетилишини таъминлайди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг вилоят бошқармаси ва туман (шаҳар) бўлимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тозалик, ободончилик ҳамда атроф-муҳитга масъулиятли муносабатни мунтазам тарғиб қилиш;
одамларнинг ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва санитария ҳолатини яхшилаш ишларидаги фаол иштирокини кенгайтириш;
кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож шахслар уй-жойлари ва уларга туташ ҳудудларни тартибга келтириш бўйича манзилли кўмак чораларини кўриш топширилган.
Энг муҳими, фуқароларнинг ободонлаштириш ишларидаги иштироки ихтиёрийлик, ташаббускорлик ва маҳалла тақдири учун дахлдорлик тамойиллари асосида ташкил этилиши белгилаб қўйилган.
Ташкилотлар эса ўзларига тегишли ва бириктирилган ҳудудларни, асосан, хўжалик ҳамда хизмат кўрсатувчи бўлинмалари кучи билан меҳнат қонунчилиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда ободонлаштиради;
автомобиль йўллари, транспорт ҳаракати тиғиз кўчалар, сув объектлари ва қирғоқбўйи ҳудудлар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари, электр, газ ҳамда бошқа хавфли объектлардаги ишлар фақат тегишли махсус ташкилотлар томонидан бажарилади.
Фармойишда белгиланган ишлар ижросини самарали ташкил қилиш учун туман (шаҳар) ҳокимлари, вилоят бошқармалари ва ташкилотлари раҳбарлари шахсан масъул эканлиги алоҳида қайд этилган.
Ўз мухбиримиз