Қашқадарё газетаси Маънавият ОДАМЗОД ЎЗИНИ ЎЗИ ХАРОБ ҚИЛИШ ВАСВАСАСИГА ТУШИБ ҚОЛГАНДАЙ…
Маънавият

ОДАМЗОД ЎЗИНИ ЎЗИ ХАРОБ ҚИЛИШ ВАСВАСАСИГА ТУШИБ ҚОЛГАНДАЙ…

Сараланган сатрлар

“Киши юртида султон бўлгунча, ўз юртингда ултон бўл” деган мақол бор. “Ултон”ни биласиз, оёқ кийимнинг таг қисми, четдаги султонликдан ўз элингдаги ултонлик – оддийгина одам бўлиш афзалроқ, деган донолар. Чунки четдаям ётқизиб нон бериб қўймайди. Тошу тарозисига чидаган, хорлигу хўрликни бўйнига олган кишигина чўнтагини қаппайтириш имконига эга.

Аслида-ку, ризқни четдан топишнинг кўп ёмон жойи йўқ. Фақат ўша  давлат қонун-қоидалари, тилини пухта ўрганиб, кейин борганга нима етсин. Бизда кўпинча иш излаб четга чиқаётганлар ноқонуний мигрант сифатида боради. Табиийки, борган жойида яшириниб ишлашга, формали кишиларни кўрса, тўрт кўча наридан ўтишга мажбур бўлади. Яшаш шароитлари, еб-ичиш ҳам бир нави. Уйга жўнатган пулиниям жуда мўмай деб бўлмайди: ҳарна, йўқдан кўра…

Тил ўрганиб, йўл-кўчани билиб кетганлар эса одамдай ишлайди, одамдай яшайди, уйга жўнатган пулга бирор камини битказса бўлади.

Эътибор бергандирсиз, айни шу йўл: қонуний миграция орқали хорижда иш берувчи ташкилотлар кўпайган. Қўлида ҳунари бор, бирор тилни сўзлашув даражасида биладиган киши кам-кўстини бутлашга ярайдиган даромад топиб келиши мумкин.

Гастарбайтерлар мавзусида бир-икки кино ишланган, аммо бадиий адабиётда асарлар у қадар кўп эмас. Улар орасида Зулфия Қуролбой қизининг “Машаққатлар гирдоби” романи алоҳида ажралиб туради. “Биргина айби – ёнидаги ҳужжатини йўқотиб қўйгани учун ўзга юртда ғаройиб уқубатларни бошидан кечирган йигитнинг севги қиссаси” деган битик илова қилинган романда хорижда ишлаётган юртдошларимиз тақдири, кечмишлари ҳақида сўз боради.

Зулфия Қуролбой қизи ҳозирги ўзбек насри тараққиётига катта ҳисса қўшаётган ижодкорлардан бири. “Турмуш”, “Ёвузлик фариштаси”, “Ўлим ҳеч нарса эмас” ҳикоялар тўпламлари ҳамда “Армон асираси”, “Машаққатлар гирдоби” романлари муаллифи. Асарлари рус, корейс тилларига таржима қилинган. Улар асосида “Чақмоқ чаққан тунда”, “Ёзсиз йил”, “Дилор, Дилор, дил ва ор” бадиий фильмлари, “Фидойилар” сериали суратга олинган.

***

Инсоннинг яшовчанлиги унинг кўникувчанлигида, тез мослаша олишига ҳам боғлиқ.

***

Шундай тўполон-жанжал юз берган кезларда мен бу одамларни тушунмай қолардим. Ахир, шиппакнинг бехосдан туртиб юборилгани муштлашувга арзимайди-да! “Бу ўта жанжалкаш ва ичи тор кимсалар, – дердим ичимда ўзимча мулоҳаза юритарканман. – Уларнинг ўрнида мен бўлганимда сира ҳам бундай қилмасдим!” Уларнинг фавқулодда жиззаки, уришқоқ бўлиб қолишларининг сабабини кўп нарсаларни тушунмасликларида, чуқур фикр юритмасликларида деб билардим. Нега деганда, буларнинг деярли барчаси чала-чулпа олинган ўрта маълумот билан чекланган, диплом таклиф қилинган тақдирда ҳам уни кераксиз матоҳ, деб ҳисоблаб рад қилувчи, ҳар жиҳатдан ўртамиёна кишилар бўлиб, азбаройи тирикчилик туфайли иссиқ кўрпасини тарк этган дарбадарлар эди.

*  *  *

Мен ўзимни бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳбусдек ҳис этардим. Тўғри-да, бу ернинг қамоқхонадан нима фарқи бор? Ҳатто қамоқхонадан ҳам бешбаттар. Бешбаттарлиги шундаки, бу ердаги ҳаёт қамоқхонадагига ҳам ўхшаб, ҳам ўхшамайдиган, алоҳида қонун-қоидалари мавжуд бўлган, таъбир жоиз бўлса, йўлдан адашганлар тириклайин кўмилган тирик одамлар қабристони эди.

“Мана, қаноат қилмасликнинг оқибати! – дердим юрагим қон бўлганча ададсиз ўй-хаёллардан бошим ғовлаб, йўлак бўйлаб бориб-келарканман. – Мана, ниҳоясига етай деб қолган илмий ишни ташлаб, ҳовлиққанча етиб келган манзилим! Мени илмнинг уволи тутди!..”

*  *  *

Бу ердагиларнинг назарида оҳак пишириш энг осон ишдек туюлади. Лекин билмаган одам учун бит ўлдириш ҳам қийин, деганларидек, энг осон ишнинг ҳам ўзига яраша заҳматлари бор эди. Биз тўрт киши бўлиб, махсус ўчоқлардаги махсус идишларни оҳактошлар билан тўлдириб тагига олов ёқардик. Баъзида катта-катта бўлаклардан иборат оҳактошларни уриб майдалашга тўғри келарди.

Кун давомида олов ёнида турганим билан ҳаво совуқ, ер зах бўлганидан оёқларим музлаб, бармоқларим тарашадек қотиб букилмайдиган бўлиб қолганди.

*  *  *

Ўнгга қарасангиз ҳам, чапга ёки тўғрига, ҳатто орқага қарасангиз ҳам ўрмон, қисқаси, оёғингиз тегиб турган қорли майдон чегарасидан ўтганингиздан кейин сизни нима кутиб турибди, қаёққа юришингиз керак, бирорта қишлоқ ёки станцияга олиб борадиган йўл борми-йўқми, бари-бари номаълум ва сирли бўлган, нафақат булутли кунлар, балки бепоён, оппоқ қор сатҳида қуёш ярқираб нур сочган пайтлар янада бегона, сирли кўринадиган маскан… Кўзларинг ёшланганча тикилиб тураркансан беихтиёр: “Қани энди қушга айланиб қолсаму, ҳар лаҳзада қадри билинаётган қадрдон юрт томон учиб кетсам!” деган ўй юракни, нафақат юракни, балки бутун вужудни жунбишга келтиради.

*  *  *

Шу ёшга довур ўлимга бу қадар яқин келмагандим. Шунинг учунми, кутилмаган ҳол руҳиятимга фавқулодда ёмон таъсир қилди. Дард чекиб, азобдан қийналиб ётганида унинг пажмурда юзига қарашга асабларим дош берганди. Аммо… жони узилгандан кейин энди бу дунёга тегишли эмаслигини билдиргандай, ҳаддан ташқари кўкариб кетган юзига қарашга журъатим етмади.

*  *  *

Биз ҳақиқатан ҳам маҳбус бўлиб маҳбус эмас, ишчи бўлиб ишчи эмасмиз. Ишчи бўлсак, маҳбусдек тутқунликда яшамаслигимиз лозим. Маҳбус бўлсак, бизга иш ҳақи тўланмаслиги керак. Ким билсин, конторадагилар эҳтимол бизни иккала “унвон”дан ҳам пастроқ ном билан рўйхатга тиркаб қўйишгандир? Умуман, рўйхатда бормизми?!

***

Алам қиладигани шундаки, бу ерда инсонга инсон сифатида эмас, ишчи кучи сифатида қаралиши, яроқсиз бўлиб қолгандан кейин бир марта ишлатиладиган идиш сифатида ташлаб юборилиши!.. Ахир Тангри инсонга коинот гултожи сифатида қараган, шунинг учун ҳам инсонни барча бошқа тирик мавжудотлардан мукаммал қилиб яратган эмасми?

***

Бу ерларда қор тез-тез ва мўл-кўл ёғарди. Туманли кунлар кўп бўларди. Изғирин, бўрон… Совуқ камида қирқ беш-эллик даража… Бундай аёвсиз қишни тушимда ҳам кўрмагандим. Баракдагилар ёппасига шамоллай бошладилар. Тунни ўтказиш азоб эди. Кимдир қув-қув йўталган, кимдир иситмадан алаҳлаган… Барак – кимсасиз оролга тушиб қолиб, ҳаётдан узилган, қаровсиз ва ташландиқ кема мисоли эди. Вақт ўз моҳиятини йўқотганди…

*  *  *

Ўтган йили мен келмасдан аввалроқ одамларимиз тутдай тўкилган экан. Совуқ-да. Тилсиз ёв бу! Бизни ҳеч ким бу ерга чақирмаган ишлаш учун. Шунинг учун тилимиз қисиқ! Аслида уларнинг бизга пул тўламасликка ҳам ҳақлари бор. Қонунан олиб қараганда!

*  *  *

Энг ёмон ўлим очликдан тиришиб ўлиш экан. Ўлимни кутиб яшаш эса ундан ҳам оғир экан.

*  *  *

Ҳар бирининг зилдай оғир ўтмиши бўлган бу одамлар ҳам аллақандай жиноятчилар эмас, тирикчилик туфайли йўлдан адашган кимсалар эканлиги пешоналарига урилган тамғадек юз-кўзларида яққол акс этган – бу, айниқса, уларнинг иш деса ўзларини томдан ташлашга тайёр эканликларидан, қўшимча даромад эвазига жонларини жабборга бериб икки-уч сменалаб ишлашларидан ҳам кундай равшан; муаммо – бу одамлар устидан ҳукм юргизиш ҳуқуқига эга бўлган анови “ноёб” шахсларнинг ким эканликларида, иш юритишнинг бундай, яъни таъбир жоиз бўлса, иблисона системасини қандай ўйлаб топганларида!

*  *  *

Аёллар янги ҳаётга тез кўникадилар ва ҳеч жирканмай, унга қарши руҳга исён кўтармай, бундан ҳеч қандай қўрқинчли нарса ҳам кутмасдан, ўзларининг янги тақдирига пешвоз чиқаверадилар, шекилли. Улар пулларини ёки бирор қимматбаҳо тақинчоғини ўғирлатиб ёки йўқотиб қўйишгандагина қаттиқ қўрқиб кетсалар керак.

*  *  *

Эркаклар томонидан улуғланиб, кўкларга кўтариладиган ёқимли соддалик кўп ҳолларда муҳтарама заифаларимизни хавф-хатардан сақлаб қолган…

*  *  *

Менга қадрдон манзиллардан ўтиб келаётган қуёш нақ тепамизда туриб олиб кумушранг нурларини мўл-кўл сочарди, аммо ўлай агар, заррача ҳам тафти йўқ эди. Ҳа, бу ернинг ўзи бир олам. Нафақат тартиб-қоидалари, балки бу ернинг қуёши ҳам, ойи ҳам ўзгача. Чарақлаб туради-ю, тафти йўқ. Бу ерда инсон қанчалар тубанлашуви, ўзлигини йўқотиши, ботиний дунёсидаги энг олий туйғуларини ҳам ҳеч иккиланмасдан ҳалок этиб юборишга қодир. Шу билан бир вақтда бутунлай бунинг акси юз бериши ҳам мумкин. Зотан, кулфат ҳам ўзига хос нарса. Кулфат туфайли ҳаётни чуқурроқ ҳис этадиган бўлиб қоласан…

***

Одамзод ўзини ўзи хароб қилиш васвасасига тушиб қолгандай туюлади менга. Гўё кўп пул топса ҳаёти бутунлай ўзгариб кетадигандай. Аслида ҳаётни дўзахга айлантириб юборганини анча кеч англайди…

*  *  *

Одамзод бор экан ва у одамлигича қолар экан, нафс йўлида ҳар қандай ишни амалга оширишнинг иложи топиларкан.

*  *  *

Ўзимни ҳар қачонгидан кучли ва бахтиёр ҳис этардим. Ахир, бир ёқда дўстинг, бир ёқда суюклигинг ҳамдам бўлса, ғам-ташвишинг ҳам ўткинчи шамолдек туюлар экан.

*  *  *

Қизиқ, ер юзида инсоният пайдо бўлибдики, сохталик ва худбинлик, очкўзлик ва шафқатсизликка қарши курашиб келмоқда. Аммо оқибати нима бўлди? Корчалонлик, сотқинлик, худди ўзига ўхшаш табиат гултожи бўлган инсонлар тақдирига эътиборсизлик ва ёлғон тантана қилмадими?!

Ҳар не бўлганда ҳам, хом сут эмган бандалармиз-да…

БЕКЗОД тайёрлади.

Exit mobile version