Хитойда гуманоид роботларни рақамли идентификация қилиш тизими синовдан ўтказила бошланди. Хубэй провинциясида айрим моделлар илк бор расмий ID-рақамларга эга бўлди. Бора-бора бу амалда паспортнинг муқобилига айланади, дея хабар бермоқда Interesting Engineering манбаси.
Ухань шаҳридаги гуманоид робототехника инновациялар маркази томонидан ишлаб чиқилаётган тизим ҳар бир роботга ишлаб чиқарувчи, модель, серия рақами, конфигурация (қиёфа) ва автономлик даражаси ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ноёб рақамли код берилишини назарда тутади.
Лойиҳа асосида роботларнинг бутун фаолият цикли давомидаги ҳолатини кузатиш имконини берувчи ягона рақамли ҳисоб платформасини яратиш режалаштирилган. Электрон профилда техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш, фойдаланиш сценарийлари ва қурилманинг жорий ҳолати ҳақидаги маълумотлар сақланади.
Шунингдек, тизим роботларнинг асосий параметрларини деярли реал вақт режимида мониторинг қилишни таъминлаши керак. Жумладан, аккумуляторлар ҳолати, механизмларнинг эскириш даражаси ва ҳаракатлар аниқлиги кузатилади.
Хитой ОАВ маълумотларига кўра, қатор ишлаб чиқарувчилар кодлаш тизимини аллақачон синовдан ўтказган. ID-рақамларни оммавий бериш миллий стандартлар тасдиқлангач бошланади. Илк босқичда лойиҳа саноат, хизмат кўрсатиш соҳаси ва таълим дастурларида қўлланиладиган гуманоид роботларни қамраб олади.