Қашқадарё газетаси Жараён “Омади чопмаган” номзодлар
Жараён

“Омади чопмаган” номзодлар

Қашқдарёда умумий ўрта таълим ташкилоти директори лавозимига даъвогарлар учун ташкил этилган менежерлик ўқув курсларига қабул қилинган жами 301 нафар тингловчидан 174 нафари (57,8 фоизи) курсни муваффақиятли тамомлай олмади

Таълим ва ислоҳот

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятида таълим тизимидаги раҳбар ва педагог ходимлар малакасини ошириш, уларни қайта тайёрлаш бўйича белгиланган вазифалар ижросини ўрганмоқда.

Бу ҳақда хабар берган senat.uz сайтида ёзилишича, 2025 йилдан бошлаб мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларидаги раҳбар, педагог ва мутахассис кадрларнинг 5 йилда бир марта малакасини ошириш тизими жорий қилинди. Педагог кадрлар onlinedu.uz махсус электрон платформаси орқали онлайн ҳамда анъанавий тарзда малака оширишмоқда.

Ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятида раҳбар ва педагог ходимларнинг малака ошириш курсларига жалб қилиниши билан танишди. Жумладан, 2025 йилда Қашқадарё вилояти педагогик маҳорат марказида 12 минг 58 нафар раҳбар ва педагог ходим малака ошириш курсида ўқитилиб, сертификат олган. Жорий йилнинг январь-март ойларида 2 минг 827 нафар раҳбар, педагог ва ходим малака ошириш курсида ўқитилди.

Вилоятда умумий ўрта таълим ташкилотлари директорлари учун ҳам ўқув  курслари ташкил этилган. Жалб этилган 97 нафар директорнинг 33 нафари     (34 фоиз) ижобий кўрсаткич билан сертификатга эга бўлган, қолган 64 нафари (66 фоиз) якуний синов натижаларига кўра курсни муваффақиятли тамомламаган деб топилган.

Шунингдек, умумий ўрта таълим ташкилотлари директори лавозимига номзодлар учун ташкил этилган менежерлик ўқув курсларига қабул қилинган жами 301 нафар тингловчидан 127 нафари (42,2 фоизи) ижобий натижа билан курсни тамомлаган ва 174 нафари (57,8 фоизи) курсни муваффақиятли тамомлай олмаган.

Ишчи гуруҳ Қарши шаҳри ва Шаҳрисабз туманлари мактабларида бўлиб, раҳбар ва педагог ходимлар билан суҳбатлашди, уларнинг малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан таклифлари билан танишди.

Вилоятдаги педагогик маҳорат маркази фаолияти билан ҳам танишилди. Унда раҳбар ва педагог ходимлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш йўналишидаги ишлар бугунги кундаги янги авлод дарсликлари ва Миллий ўқув дастури талабларига қанчалик мослиги ўрганилди.

Ўрганиш якунлари Қўмита ҳамда халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг қўшма мажлисида муҳокама этилиши ва Қўшма қарор қабул қилиниши маълум қилинган.

Ўз мухбиримиз

Exit mobile version