Қашқадарё газетаси Жараён ОНЛАЙН КРЕДИТ ТЎРИ
Жараён

ОНЛАЙН КРЕДИТ ТЎРИ

Бугуннинг гапи

Ҳозирги ахборот технологиялари асрида жисмоний шахсларга масофадан туриб кўрсатиладиган молиявий хизматлар бўйича қанчалик қулайликлар яратилаётган бўлмасин, ҳеч биримиз онлайн фирибгарликлардан, киберхужумлардан холимиз, деб айта олмаймиз. Баъзан ишонувчанлик, баъзан озгина эътиборсизлик оммалашган хавфлардан бири бўлган онлайн кредит тўрига тушиб қолишингизга сабаб бўлиши мумкин. Онлайн кредит хавфи – бу шахсий маълумотларнинг фирибгарлар қўлига тушиши, ноқонуний кредитлар расмийлаштирилиши ва юқори фоизли қарздорликни келтириб чиқарувчи молиявий хавфдир.

КАФОЛАТ ВА ҲИМОЯ

Онлайн кредитлар машмашаси тўғрисида ҳам ҳар куни эшитиб, кўриб, ҳаттоки гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу эса барчамиз учун манфаатли бўлган моддий хавфсизлигимизнинг, киберхавфсизлигимизнинг таъминланишида кафолат ва ҳимоя бўладиган норма ишлаб чиқилишини тақозо этарди.

Худди шундай муҳим ҳужжат жорий йилнинг 21 январь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилган ва 22 апрель куни кучга кирган «Кредит ва тўлов ташкилотлари, тўлов тизими операторлари томонидан жисмоний шахсларга масофадан молиявий хизматлар кўрсатишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда фрод ҳолатларининг олдини олиш бўйича минимал талаблар тўғрисида»ги низомдир.

Мазкур ҳужжатда кредит ва тўлов ташкилотлари, тўлов тизими операторлари томонидан жисмоний шахсларга масофадан молиявий хизматлар кўрсатишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда фрод ҳолатларининг олдини олиш бўйича минимал талаблар белгиланган.

Тушунча берилишича, онлайн кредит (микроқарз) – кредит ташкилотлари томонидан жисмоний шахс бўлган қарз олувчига тўловлилик, муддатлилик ва қайтариш шартлари асосида масофадан молиявий хизматларни кўрсатувчи ахборот тизимлари орқали бериладиган пул маблағларидир. Шунингдек, фрод ҳолатлари деганда, ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик ва (ёки) ўғрилик ҳолатлари тушунилади.

Низомда фойдаланувчини, яъни кредит олувчини бир неча босқичли идентификация ва аутентификация қилиш тартиби белгиланди. Кредит ва тўлов ташкилотлари учун ҳам масофадан молиявий хизматларни кўрсатувчи ахборот тизимлари, мобиль иловалар ва уларнинг веб-талқинидан фойдаланувчиларнинг қурилмаларини рўйхатдан ўтказиш ва мониторинг қилишда қатор талабларга риоя этишлари шарт қилиб қўйилди.

ХАВФСИЗЛИК ВА ДАХЛСИЗЛИК

Эндиликда мобиль қурилманинг техник идентификация ва дастурий параметрлари автоматик тарзда аниқланиши ва маълумотлар базасида сақланиши таъминланади. Фойдаланувчининг ҳисобга олиш ёзувига (аккаунтга) рўйхатдан ўтмаган қурилмадан киришга уриниш ҳолати аниқланганда, у тўғрисида аккаунт эгасига қурилманинг техник параметрларини (қурилма номи, модели, операцион тизими, IP-манзили) кўрсатган ҳолда СМС-хабарнома орқали огоҳлантириш юборилади. Унда ушбу ҳаракатлар ҳисобга олиш ёзуви (аккаунт) эгаси томонидан бажарилмаган бўлса, зудлик билан аккаунтга кириш паролини ўзгартириш лозимлиги ҳақида хабар берилади. Янги қурилмадан мавжуд аккаунтга киришга фақатгина аутентификация жараёни якунланиб, фойдаланувчи биометрик идентификациядан ўтганидан сўнг рухсат берилади.

Фойдаланувчи мобиль илова ёки унинг веб-талқинида ҳеч қандай ҳаракатни амалга оширмаганда, ушбу сессиянинг амал қилиш вақти 3 дақиқадан ошмаслиги керак. Бунда белгиланган вақт тугаганидан кейин сессия автоматик тарзда тугатилиши ва қайта аутентификация талаб қилиниши лозим.

Низомда онлайн кредит (микроқарз) ажратишда содир этилган фрод ҳолатлари натижасида фойдаланувчиларга етказилган моддий зарарни қоплаш тартиби ҳам белгиланди. Унга кўра, масофадан туриб онлайн кредит (микроқарз) ажратиш жараёнида содир этилган фрод ҳолати натижасида фойдаланувчи номига онлайн кредит (микроқарз) расмийлаштирилган тақдирда фойдаланувчи мазкур ҳолат бўйича ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилади.

Ички ишлар органлари фуқаро (фойдаланувчи) томонидан берилган ариза асосида содир этилган фрод ҳолати юзасидан терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов ҳаракатларини амалга оширади. Жараёнда онлайн кредит (микроқарз) фрод ҳолати натижасида расмийлаштирилганлиги аниқланганда, фуқаронинг жабрланувчи деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги суриштирувчи, терговчи, прокурор қарори ёки суднинг ажрими онлайн кредит (микроқарз)ни расмийлаштирган ахборот тизими (мобиль илова, веб-талқин ва бошқалар) эгаси бўлган кредит ташкилотига юборилади.

Кредит ташкилоти фрод ҳолати натижасида номига онлайн кредит (микроқарз) расмийлаштирилган фуқаронинг жабрланувчи деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги қарор ёки ажрим келиб тушган кундан бошлаб мазкур онлайн кредит (микроқарз) ва у билан боғлиқ фоизлар, неустойка, жарималарни ҳисоблашни ҳамда жабрланувчи деб эътироф этилган шахсдан ундиришни тўхтатади.

Кредит ташкилоти томонидан онлайн кредит (микроқарз) расмийлаштирилиши ва у билан боғлиқ бошқа тўловлар жабрланувчидан ундирилган ҳолатларда ушбу тўловлар кредит ташкилоти томонидан жабрланувчининг банк картасига ёки у кўрсатган ҳисобварағига суднинг қарори ёки ажрими асосида қайтарилади.

Мазкур тўловлар суднинг қарори ёки ажрими қонуний кучга кирган кундан бошлаб ўн беш кун муддатда амалга оширилади.

МУРОЖААТ ВА МУАММО

Ҳозирги кунда фуқаролик ишлари бўйича судларга айнан онлайн фирибгарлик қурбонлари бўлган фуқаролар томонидан ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида ҳуқуқларини тиклашни сўраб кўплаб мурожаатлар қилинмоқда. Мисол учун, фуқаро Д.П. Косон туманида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар у фаолият юритаётган таълим ташкилотига келиб, ўзларини ҳозирда машҳур бўлган компаниянинг савдо вакиллари деб таништирган ҳолда чегирма нархларда товар олишини ташкил этиб беришини ваъда қилиб, телефон орқали идентификациядан ўтказиш орқали унинг номига йигирма бир миллион сўм онлайн кредит олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборганлиги учун мурожаат этган.

Бошқа бир ҳолатда З.Р исмли фуқаро чув тушган. «Ҳожатбарор» гўёки унинг банк тизимларида қора рўйхатда турмаслигини аниқлаб беришини айтиб, телефон орқали идентификациядан ўтказган ва номига онлайн кредит расмийлаштириб, ўзининг банк картасига ўтказиб олган.

Бундай ҳолатлар эса фуқароларимиздан янада сергак ва ҳушёр бўлишни, шахсий маълумотларни ошкор қилмаслик, уларни ҳар кимга тақдим этмасликни тақозо этади.

Рисолат АБДУЛЛАЕВА,

фуқаролик ишлари бўйича Косон туманлараро судининг судьяси

Exit mobile version