Қашқадарё газетаси Илм-фан Осиё тараққиёт банки кўмагида Қашқадарё мактабларида ҳам STEM-таълим сифати оширилади
Илм-фан

Осиё тараққиёт банки кўмагида Қашқадарё мактабларида ҳам STEM-таълим сифати оширилади

Ривожланиш стратегияси

Юртимизда Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга ошириладиган    «Ўрта таълимда фан, технология, муҳандислик ва математика» лойиҳаси доирасида Қашқадарёдаги 19 та мактабда таълим шароитлари модернизация қилиниб, ушбу масканлар қўшни мактаблар учун ресурс марказларига айлантирилади.

Маълум қилинишича, шу йил 21 октябрь куни Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон умумтаълим мактабларида фан, технология, муҳандислик ва математика (STEM) бўйича таълим сифатини ошириш учун мамлакатимизга 100 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли қарз ажратилишини маъқуллади.

ОТБнинг расмий сайтида қайд этилганидек, мазкур лойиҳа Ўзбекистон ёшларини барқарор ва инклюзив ўсиш учун зарур бўлган замонавий, инновацион кўникмалар билан таъминлашга қаратилган бўлиб, мамлакатнинг 2030 йилгача ўртачадан юқори даромадга эга давлатлар қаторидан жой олиш мақсадига эришиш имконини беради.

– Ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг инсон капиталига сармоя киритиш ва ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга содиқ эканлигини намойиш этади, – деди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арайа. – STEM-таълимни кучайтириш орқали Ўзбекистон янада инклюзив, барқарор ва глобал даражада рақобатбардош келажак учун пойдевор қўймоқда.

Science
Technology
Engineering
Mathematics
STEM-таълим фан (Science), технологиялар (Technology), муҳандислик (Engineering) ва математика (Mathematics)ни бир-бирга уйғун, интеграциялашган ва комплекс  ўрганишни ўз ичига олади. У назарий билимларни аниқ муаммоларни ҳал қилиш учун амалий қўллашга ҳамда ўқувчиларнинг ижодий ва танқидий фикрлаш, жамоада ишлаш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган. Бундай ёндашув ёшларнинг турли фанлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни англашига ёрдам бериб, уларни илмий-техник жабҳа билан боғлиқ касбларга тайёрлайди.
STEM-таълимнинг асосий йўналишлари:
Фан: дунёни тушуниш учун табиат ҳодисалари ва физика, кимё ва биология қонунларини ўрганиш.
Технологиялар: илмий билимларни амалиётга татбиқ этиш, жумладан, дастурлаш, маълумотларни таҳлил қилиш, янги воситалар ва тизимларни ишлаб чиқиш.
Муҳандислик: оддий тузилмалардан тортиб мураккаб механизмларгача бўлган турли хил объектлар ва ечимларни лойиҳалаш, яратиш ва синовдан ўтказиш.
Математика: мантиқий ва таҳлилий фикрлашни, шунингдек, маълумотлар, алгоритмлар, алгебра ва геометрия билан ишлаш қобилиятини ривожлантириш.

Лойиҳа тавсифига кўра, унинг доирасида мамлакатимизнинг барча минтақаларида жойлашган 200 та мактабда STEM фанлари (физика, кимё, биология, ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ), технология ва математика) хоналари ва лабораториялари замонавий асбоб-ускуна ва анжомлар билан жиҳозланади, АКТ инфратузилмаси такомилаштирилади, сув таъминоти, санитария ва гигиена борасидаги шароитлар яхшиланади ва электр энергияси таъминоти барқарорлигига эришиш учун қуёш панеллари ўрнатилади. Шунингдек, лойиҳа бўйича 5-11-синф ўқувчиларига STEM-таълим бериш даражасини юксалтириш учун 200 та мактабнинг тегишли фанлар ўқитувчиларини замонавий ўқув дастурлари ва янги ўқув материаллари асосида ўқитиш, ҳар бир минтақада биттадан мактабда фанлараро STEM-таълимни жорий этиш ва ҳам мактабда, ҳам мактабдан ташқарида таълим олишни қўллаб-қувватловчи электрон контентга эга бўлган рақамли платформаларни яратиш назарда тутилган. Айни пайтда қизларни STEM соҳасидаги касбларни танлашга ундаш учун касбий маслаҳат бериш бўйича мақсадли ташвиқот кампанияларини ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида ОТБ томонидан қўллаб-қувватланадиган мактаблар рўйхатига кўра, унда вилоятимизнинг 12 та шаҳар ва туманида фаолият юритаётган масканлар, шу жумладан, Қарши шаҳридаги 2-, 7- ва 41-, Касби туманидаги 4-, 5- ва 12-, Китоб туманидаги 26- ва 45-, Шаҳрисабз туманидаги 18- ва 27-, Миришкор туманидаги 3- ва 28-, Косон туманидаги 77-, Муборак туманидаги 12-, Нишон туманидаги 19-, Чироқчи туманидаги 32-, Яккабоғ туманидаги 91-, Ғузор туманидаги 34- ва Қарши туманидаги 15-мактаб иштирок этади.

Юртимиз мактабларида STEM-таълим сифатини оширишга қаратилган кенг қамровли ишлар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, лойиҳа офиси, маҳаллий ҳокимият органлари ва мактаб жамоалари, бенефециарлар (яъни лойиҳадан фойда олувчилар) ва жамоат ташкилотлари, қурилиш бўйича маслаҳатчилар гуруҳи ҳамкорлигида ҳаётга татбиқ этилади. Лойиҳа доирасида мактаблар билан бир қаторда Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ва 14 та ҳудудий педагогик маҳорат маркази, Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети, республика таълим маркази ва Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик марказига ҳам кўмак берилади. 

Осиё тараққиёт банки мутасаддиларининг эътироф этишича, «Ўрта таълимда фан, технология, муҳандислик ва математика» лойиҳаси 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, ОТБнинг 2030 йилгача бўлган стратегиясининг устувор йўналишларига, шу жумладан, рақамли трансформация, гендер тенглиги ва иқлим ўзгаришига чидамлилик каби йўналишларига мувофиқдир. У ОТБнинг таълим ва мамлакатда инсон капиталини ривожлантириш борасидаги кенгроқ ташаббусларини, жумладан, «яшил» иқтисодиётга ўтиш учун касбий таълимга сармоялар киритиш бўйича ташаббусларини тўлдиради.

Темур НИЗОМОВ тайёрлади.

Exit mobile version