Қашқадарё газетаси Маънавият ОСМОНГА ҚЎРҚИБ ҚАРАЙМИЗ. БАЛО ОСМОНДАН КЕЛАДИ, ДЕБ ЎЙЛАЙМИЗ. АСЛИДА, БАХТ ҲАМ, БАХТСИЗЛИК ҲАМ ЕРДА
Маънавият

ОСМОНГА ҚЎРҚИБ ҚАРАЙМИЗ. БАЛО ОСМОНДАН КЕЛАДИ, ДЕБ ЎЙЛАЙМИЗ. АСЛИДА, БАХТ ҲАМ, БАХТСИЗЛИК ҲАМ ЕРДА

Сараланган сатрлар

“Мустақиллик ҳақида ўйлаганда, ёдимга занжирга ўрганган фил ҳақидаги ривоят тушади. Эшитгандирсиз? Юз йил занжирга банди қилинган фил қозиқ атрофида айланиб юрар экан. Охири занжир занглаб, чириб, узилиб кетибди ҳамки, фил шу қозиқ атрофида айланиб юраверар эмиш. У занжир бир куни узилишини тасаввур ҳам этолмас экан. Яшириб нима қилдик – бизнинг қўлимиз ечилгани йўқ, тилимиз ечилди, холос. Қўлимиз ечилганда ҳам дилимиз занжирда қолаверади ҳали.

Мен мустақиллигимизнинг келажаги ана шу нарсага – халқимиз дилидаги занжирларнинг узилишига боғлиқ, деб биламан”.

Таниқли журналист ва таржимон Карим Баҳриев 1992-йилда шу гапларни ёзганди.

Олим Тошбоевнинг “Кишан” романи эса ана шу фикрларнинг ўзига хос бадиий ифодаси, десак хато бўлмайди. Дарҳақиқат, халқимиз 130 йилдан зиёд вақт давомида зулм кишанлари исканжасида яшади, у эса ўз асоратларини кўрсатмасдан қолмади – мустақилликка эришганимизга 35 йил бўляпти ҳамки, айрим кишилар онгу тафаккури ҳали-ҳамон кишанбанддек, ўзини, ўзлигини танишга йўл қўймаётгандек.

Аслида бу дунёга ким тиргак бўлибди дейсиз. Бу эски олам золимдан ҳам, мазлумдан ҳам қолади. Эсланадигани – яхшию ёмон амаллар, холос. Кишан тақиб, ўзгалар ҳаётига чанг солганларнинг фарзандлари озод замонда амалга, мартабага, мол-дунёга, ароққа ва бошқа матоҳларга кишанбанд бўлиб турса – бундан ортиқ хўрлик ва хорлик борми кишига?!

“Кишан” романида бир оила мисолида бурунги ва бугунги кунимизга назар солинади. Бошдан айтиб қўяйлик: аввал бу каби асарни ўқимагансиз. Тўғри, қайсидир тасвирлар қайси бир асарни эсга солар, аммо Олим Тошбоев ифода учун ўзига хос услуб топганки, бундайини бошқа китоблардан тополмайсиз. Рамзни, кинояни, ишораларни, кўзда тутилаётган шахсларни англаган кишига китоб янаям тушунарлироқ, қизиқроқ таъсир этиши шубҳасиз.

*  *  *

Тиниқ ойна мўминга ўхшайди. Сирлашса, дардлашса бўладиган бу кўзгунинг тили бор. Лекин уни сизу бизга ўхшаган калондимоғлар англамайди.

*  *  *

Одамни таъна-тазйиқ ва ҳақоратлар тез улғайтиради, дейишади. Ноҳақлик ва адолатсизликлар суягини қотирар экан. Ҳаётда ҳасад ва ҳақсизликка дуч келмаган, танбеҳ либосидаги ғараздан эсанкирамаган одамнинг ўзи ҳам, сўзи ҳам мўрт бўлади.

*  *  *

Дунё шу экан: биз унда алданиб яшашга маҳкум эканмиз. Лекин, шу ёлғончида сени ўз яқинларинг алдаб турса, юзингга табассум билан тикилиб ёлғон айтса… Буни кўтариш оғир. Жуда оғир. Одамларга ишонмай яшаб бўладими? Одамга-я? Майли, алдашсин. Майли, чув туширишсин. Лекин мен одамнинг сўзига, лафзига ишонавераман. Одамнинг лафзи ҳалол. Розиман, гўл, телба дейишларига. Балки, кимдир ажаб тарзимдан ҳайратланаётгандир? Балки, босган изим хатодир. Муҳаббатдан пайдо бўлган бу дунё муҳаббатга кафан бичади. Ҳа-ҳа, бу дунёнинг қасамлари кўп экан. Қасамхўр даврадан ҳамроз истадим…

*  *  *

Яхшилик одамнинг ўзидан ҳам азиз бўлар экан. Одам эсдан чиқиши мумкин, аммо қилган яхшилиги баҳорги майсадай, кузда сарғайган япроқдай оёғинг остидан чиқиб, соҳибини эслатиб турар экан.

*  *  *

“Қозижон! Боядан бери ҳуқуқ, жамият дейсиз. Сизнинг қандай ҳуқуққа эгалигингизни билмадим-у… Аммо, Шайтон банданинг жамики қон томирларида юриш ҳуқуқига эга. Қани устингизга форма кийганингиз. Давлат сизларга махсус кийим-бош бериб қўйибди. Залга шу кийимни кийиб киришингиз керак эди. Иккинчидан, мен никоҳ ўқиган оила тинч яшаяпти шукрона қип. Сизлар тантана билан эълон қилаётган оилаларнинг ярми ажралиб кетяпти. Ҳуқуқ талашиб… Мана, яқиндаям шу тўғрида мажлис бўлди. Катталар кўп куюниб гапирди. Жамият жар ёқасида деди. Хўш, нимага оилалар омонат бўлиб қоляпти? Ёшлар эр ким, аёл ким, уларнинг вазифаси нимадан иборат – билмайди. Сизлар бўлса, ҳужра, шаръий никоҳ деб ёпишиб олгансизлар. Илм Худони танишдан бошланади. Никоҳ битта бўлади. “Меҳробдан чаён” романини ўқиганмисиз? Фотиҳа – муҳри Худодир, дейилган…”

*  *  *

Ким халқнинг ризқига тегинса, оғзига нон билан, ёғли патир билан ураётир катталар. А, барака топгур, бужур тош билан ур, оғзи жиртилиб, тиши тўкилиб кетсин!..

*  *  *

Той билан дўст киришиш ёш келиннинг бегона рўзғорга кўникишидан ҳам оғир.

*  *  *

Эримайдиган, маҳв бўлмайдиган гўзаллик борми?.. Эҳ, узун-узун орзулар кўпинча андуҳ, қайғу, аламнинг иниси эканини жуда-жуда кеч англаймиз. Рости, у мана шу эврилишлари билан гўзал…

*  *  *

Одамнинг иллатини кўриб итдай ириллаш “Мен хатолардан покман…” дея даъво қилишга ўхшайди. Шошқалоқ, бесабр, ношукур, ожизмизу, лекин негадир ўзимизни Сурайё юлдузидан тушгандек тутамиз?!

*  *  *

Ҳаётда бахтиёр яшаш учун ўтган кунларни, алдов-ёлғонларни, фирибгар-хиёнаткорларни унутмаслик керак. Алданганларинг, ширин ёлғонларга чув тушганинг бир яхши кунларда тағин қоқилмасликни эслатиб туради. Аммо, шундай дақиқалар, лаҳзалар бўладики, инсон нимага ишониб, кимга суяниб яшаётганини англаёлмай муаллақ бўп қолади. Нималаргадир фаҳминг ета бошлагандан сўнг билар экансанки, ҳаётда кўпгина ишлар ихтиёрингдан ташқарида бўлар экан. Бировнинг қўлида эрмак бўп қолиш – бу, ўлим билан баробар!

*  *  *

Иши юришмаган, аламзада, омадсиз, оиласида тинчи йўқ одамлар нуқул ўтмиш билан яшайди.

*  *  *

Осмонга қўрқиб қараймиз. Бало осмондан келади, деб ўйлаймиз. Аслида, бахт ҳам, бахтсизлик ҳам ерда.

*  *  *

Ҳаммамиз баҳс-мунозарани яхши кўрамиз. Ўрлашиш умримиз безагига айланиб кетди.

*  *  *

Ўзигами, дириллабгина турган кампиргами ачингандек ночор жилмайди. “Энажон, ҳаром-ҳаришдан ҳазар қилмайдиган бу қўллардан ёриқ товонингиз афзал-ку! Биз ким-у дуомиз нима бўларди…” дея олмади: “Эҳ, содда одамлар, бизни пок, виждонли деб ўйласа керак-да. Ажойиб халқимиз бор-да. Артист деса ўзини томдан ташлайди. Емай-ичмай чўнтагимизга тиқади. Навбат талашиб расмга тушади. Бир-бирига кўрсатиб, фахрланади. Шунчаси камлик қилгандай, дуо ҳам сўрайди…”

*  *  *

Бу ҳаётда ҳар кимнинг ўз достони бўлади. Ҳамма гап унинг мазмуни ва оҳангида! Ҳақ йўлида яшаб ўтган бандаларнинг битганини бегоналар ҳам баланд пардаларда айтиши, элга жорий этиши мумкин. Баъзиларнинг “ижоди”ни айтиб ҳам бўлмайди, тинглаб ҳам.

*  *  *

Кўз тилдан зўр гапиради. Кўпни кўрганнинг кўзи “бийрон” келади.

*  *  *

Қариганда товон тўлаш оғир экан, ёмон экан. Ёв ёвлашса биласан. Оға-инилар ёвлашса қандай чора топасан?

*  *  *

“Туновкун партияман, деб ҳамманинг қонини ичдинг. Бугун ҳокимнинг одамиман, деб элнинг жиғига тегяпсан. Сен қачон Худонинг бандаси бўласан?..”

*  *  *

Салкам уч минг йиллик тарихи бор ватан билан фахрланмай бўладими? Бу ёғи будда, бу ёғи оташпараст, бу ёғи кўркам масжидлари, ер ости ва ер усти ибодатхона-ю калисолари бор заминни табаррук деб билганим ёлғон эмас. Аммо… Бўлади-ку, кўз кўравериб кўниккан, қулоқ эшитавериб зериккан нарсаларнинг асл моҳиятини, қадр-қимматини ҳар доим ҳам билмаймиз. Шундай экан, оёғи ерга тегмаган, тарвузи ёрилмаган олифта йигитчалару танноз қизларни ватанни билмасликда айблайверманг. Улар бир куни бобо-момоларини суриштиргани каби ватан тарихига ҳам қизиқади.

*  *  *

Ҳар қандай жабрдийда зўравон каснинг жазо олганини кўрса, билингки, поймол этилган ғурури, топталган ор-номуси тиклангандай таскин топади. Жабрдийда учун адолат – бу жоҳилликнинг жоҳиллик билан бўлса ҳам жазоланиши. У бундан чексиз роҳат туяди, лаззатланади.

*  *  *

Эй, одам бу дунёга нима учун келганини билса борми?! Кўкайини кесадиган бу саволга ким ҳам жавоб топибди-а?..

*  *  *

Дунё ўзи тубан экан. Паст экан унинг оти. Пастликда баландман деб ўрлашаяпсизми? Хўрознинг қичқириши хушхабар, эшакнинг ҳанграши огоҳликка чорлов демишлар. Тубанликка – эшак бозор шовқинига кўниккан қулоқлар хўрознинг тонгдаги товушини эшитармиди?..

*  *  *

Ҳаммамиз улуғ сирлар берилган Одам боласимиз. Бош бобомизга мана бу от, мана бу туя, мана бу қуёш, мана бу ой, ҳув анавилар юлдуз дея ўргатилган. Фаришталар сажда қилган. Лекин… Ўзи кечирсин, фитратида исёнкорлик йўқ фаришталарга ҳавасим келади баъзан. Ахир, фисқ-фасод қиладиган, қон тўкишдан қайтмайдиганлар билан қондошмиз-а? Эҳ, Одам боласи! Қандай жарангдор бу ном. Мана шу тантанаворлик замирида чўнг бир таъна ҳам бордай туюлади. Э, қуриб кетсин бу таъна. Қаёққа борсанг, қайси даврага кирсанг, албатта, рўпарангдан бир норози чиқади. Одам боласининг зуваласи гина-кудурат сувига қорилганмикан, деб ўйлаб қоламан.

*  *  *

Адашган одамни асраш учун баъзида бир инсон умри камлик қилади. Аммо гумроҳлар қўшиғи маҳшаргача сира битмайди. Мусо Ҳақдан дийдор сўраса, энди силкинмайди Турнинг тошлари. Бу кун сарбадорлар бошини дорга қўйсин, фақат маломатга қолади, холос. Э-э, лодон. Малак-ул мавтга пора беришни ўйлайдиганлар бор…

*  *  *

Одам хавотирга тушганда энг жозибали қўшиқ ҳам ҳақоратдай эшитилади.

*  *  *

“Болам, сен ундан ҳазар қил. Бу ўйинчоқ эмас! Бу – шайтон! Бу – қуллик! Бу – хўрлик! Бу – тузоқ!.. Уни мен билан бирга кўминглар, болажон. Мен алданган, мен чув тушган кишан мен билан бирга кетсин”.

БЕКЗОД тайёрлади.

Exit mobile version