Сараланган сатрлар
Туркий тақвимга кўра, 2026 йил мучал ҳисобида от йили ҳисобланади. Аммо кўпчилик от йили 1 январдан бошланади, деб ўйлайди. Аслида азалий тақвимимизга асосан от йили 21 мартдан амалга киради ва ўша вақтгача таваллуд топганлар илон йилида туғилган саналади. Кўпинча четнинг “хўрозқанд”и таърифу тавсифига алданиб, мучални ўзимизнинг, туркий янги йилдан эмас, Григориан календаридан бошлаб, яна денг, Хитой мучалларига мувофиқ ҳисоблашни ўрганиб қолганмиз.
Одатда мучал йиллари ҳақида маълумот бериларкан, бу йил ундоқ бўлади, бундоқ бўлади, қабилидаги башоратнамо фикрлар айтилади. Аслида бу фол кўриш, башроат қилиш эмас, ота-боболаримизнинг кўп йиллик кузатишлари асносида пайдо бўлган фикрлар мажмуаси, десак, хато бўлмайди. Бинобарин, от йили жўшқинлик, ғалаба сари интилиш йили бўлсин, десак, ҳеч ким норизо бўлмаса керак.
Бугун сараланган адабий лавҳалар ҳам от ҳақидаги энг машҳур асардан: Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” қиссасидан. Ўйлаймизки, бу қайдларга бефарқ эмассиз.
* * *
…от деганлари дев! От бепоёнликни дейди. От масофа нималигини билмайди, ҳудуд нималигини билмайди. От қаҳратон қишда-да дашт-биёбонларда чопиб ўсади. Ана шунда диркиллаган от бўлади! Қўлтиқлари чўзилади, кўкраклари энлик бўлади! Учқур келади! Бедов от бўлади!
* * *
Мен икки кун от сайладим. Обоқли дашти гала-гала от! Дашт чангитиб чопиб юрибди! Бир яшар қулунлар, уч яшар тойлар, тўрт яшар ғўнонлар, беш яшар дўнонлар! Сағрисига уй тикса бўладиган байталлар! Ҳайбатли айғирлар!..
Бировини ушлаб, олд оёқларини жуфтладим. Туёқлари орасидан мушт урдим. Муштим ўтмади. Борди-ю ўтса, яхши от бўлади. Қўйиб юбордим. Яна бировини кўрдим. Дурустгина-ю, фақат қорни йўқ. Бор бўлса-да, жуда тор. Буниям қўйиб юбордим, бўлмайди!
Биродарлар, от олсанг, ҳўкиз қориндан ол, ҳўкиз олсанг, от қориндан ол!
* * *
Биродарлар, машина деганлари темир! Жони йўқ! Жони йўқ темир одамга эл бўлмайди! Темирнинг юраги йўқ-да! От одамга эл бўлади. боиси, отнинг жони бор, юраги бор-да!
* * *
Биродарлар, от аззанча хосиятли бўлса-да, аззанча фаҳм-фаросатли бўлса-да, аззанча хушсуврат бўлса-да, барибир, от, ўз оти билан от! Тўрт оёқли жонивор! Думли ҳайвон!
Дунёда нима мўл, тўрт оёқли жонивор мўл! Дуч келмиш тўрт оёқ жониворни қандай бўлса, шундайлигича эл орасига олиб кириб бўладими? Бўлмайди! Авваламбор, тўрт оёқли жониворни от қилмоқ лозим!
Тўрт оёқли жониворни от қилишнинг ўзи бўлмайди. Думли ҳайвонни одамга эл қилиш барчанинг-да қўлидан келмайди!
Тўрт оёқли жониворни от қилиш учун, авваламбор, кўнгилда бўлмоғи лозим! Авваламбор, баданда бўлмоғи лозим!
* * *
Достончи достон айтади. Хато айтса, шартта бас қилади. Бошқатдан, тузатиб айтади.
Шоир китоб битади. Китобида бир жойи ёқимсиз бўлса, шоир қалам билан шартта-шартта ўчиради, ёқимли қилади.
Расмчи сурат чизади. Суратда одам қоши қошдай бўлмайди. От ёли ёлдай бўлмайди. Қиёмига келмайди. Расмчи дарҳол одам қошини қошдай қилади, от ёлини ёлдай қилади.
Чавандоз бўлса, отни тузатолмайди!
Тўрт оёқли жонивор от бўлаётиб… ҳа-ҳа, от бўлаётиб… нима феъл-атвор топса, шу феъл-атворида қолади. Нима қилиқ топса, шу қилиғида қолади. Нима кўрса, нима билса, нима ўрганса, барча-барчаси танасида қолади, миясида қолади.
Ана шундан кейин чавандоз отни тузатаман деса, ўзига жавр қилади. Отни тузатиб бўлмайди!
Биродарлар, сара от, чавандоз ақл-заковатидан бино бўлади! Сара от, чавандоз қалб қўридан бино бўлади!
* * *
…бўз от қандай бўлади? Сурпдай оппоқ бўлади! Борди-ю, аждодида бўлса, тўққизга тўлганда тарлон бўлади. Тўққиз ёшида бўзнинг баданида холдай-холдай қора доналар пайдо бўлади. Шундан бошлаб у бўз эмас, Тарлон от бўлади. Тарлон – хол-хол от! Тарлон – отлар сараси!
Биродарлар тўриқ отнинг юздан бири яхши бўлади, тарлон отнинг юздан бири ёмон бўлади!
Биродарлар, от танимасанг, Тарлон ол!
* * *
Биродарлар, отга минсанг – бошингни ўйла, ерга тушсанг – отингни ўйла!
* * *
Э, тавба-э, э, тавба-э! Чавандоз девордан ағнаса, албатта бир ери лат ейди. Майдагина эшакдан йиқилса, хиёл вақт қимирламай ётади. Ўқдай учиб бораётган отдан йиқилса, ҳеч нима кўрмагандай, сапчиб туриб кетди!
Биродарлар, эшак йиқитса, туёғини тўшайди, от йиқитса, ёлини тўшайди!
* * *
Биродарлар, биз ҳамиша адолат, адолат деймиз. Тилдан қўймаймиз. Адолатсизликни кўриб, хунибийрон бўламиз. Ҳаётдан, тақдирдан нолиймиз. Адолат йўқ, адолат осмонда, деймиз.
Йўқ, биродарлар, адолат ерда! Оёқларимиз остида! Адолат тупроққа қоришиб ётибди! Адолатни ким бундайин хор қилаяпти? Биз – ўзимиз! Мен, сиз, Файзулла чавандоз, Ҳамдам чавандоз! Ана, улар қочиб кетди! Шу-да, адолат жафо чекаётганда қочамиз! Адолатдан юз ўгирамиз! Кўриб, кўрмасликка оламиз!
* * *
…ҳар бир отнинг ўз феъл-атвори, кайфияти бўлади. От кайфияти йўқ кунлари инсонга бўйин эгмайди. Ана шу кунлари инсон кўп ғашига тегса, инсон елкасидан ғарчиллатиб тишлаб олишдан-да, қовуғига тарсиллатиб тепишдан-да қайтмайди.
Бундай вақтлар айрим чавандозлар қамчи дастаси билан отнинг бошига уради. Оқибат, от жон аччиғида чавандозини йиқитиб қочади.
Ана шунда от инсондан безади. От инсондан қайтади! Ўзининг девлар аждодига тортади! Аждодларини қўмсайди, адирларга қараб қочади. Галаларга бориб қўшилади…
Йўқ, кайфияти йўқ кунлари отга индамаслик лозим бўлади, кўнглига қараш лозим бўлади!
* * *
…оз зотли кўпкарида ердан улоқ олиш мушкул бўлади. Сабаби, бари от ўзини зўр деб билади. Оқибат, ёппасига улоққа ёпишади. Талашиб тортишади. Улоқни на ўзи олади, на бировга беради. Бир-бирига халақит беради, бир-бирига зиён беради. Талашиб ёта беради.
От мўл бўлса, аксинча бўлади. Бунда зўрлар зўри, отлар оти улоққа талпинади. Бундайроқ отлар тўда четида томошагўй бўлади. Борди-ю, улоққа интилса, тўдадаги зўр отлар йўл бермайди, кетига суриб юборади.
Шу боисдан мўл отли кўпкарида тўдадан улоқ олиб чиқиш осон бўлади.
* * *
Жўра бобонинг Тўриғи гижинглади. Жиловни силкиб, улоққа талпинди. Тўриқ улоқ айиргиси келди! Бундай вақтда отни йўлдан қайириш инсофдан бўлмайди. Отни сувга олиб бориб, қуруқ қайтариб келиш бўлади. Оқибат, от ёмон ўрганади. Улоқдан, чавандоздан кўнгли қолади.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.