Биласиз, ўн икки ҳайвонли тақвим, яъни мучал ҳисобида келгуси йил 21 мартдан от йили бошланади. Билгичлар бунга қўшимча равишда оловли от йили эканини таъкидлашади. Бунга боис бизда асосан шу рангли от кўплигидан бўлса керак. Умуман, мучал нима ўзи ва йилнинг бирор жонзот билан боғланишида қандай маъно-мазмун бор?
Маълумотларга кўра, мучал санаси асосида Қуёшнинг йиллик, Муштарий (Юпитер) сайёрасининг 12 йиллик, Зуҳал (Сатурн)нинг 60 йиллик (икки цикллик) ва Ойнинг айланма ҳаракатлари ётади.
Мучал сичқон, сигир, йўлбарс, қуён, балиқ, илон, от, қўй, маймун, товуқ, ит, тўнғиз каби 12 ҳайвон номи билан аталади.
Бундай ўзига хос тақвим дастлаб қадимги Хитой, Ҳиндистон, Бобил, Эрон, Япония, Турон ва Мисрда пайдо бўлиб, кейинчалик бошқа ҳудудларга ёйилган.
Маҳмуд Кошғарий «Девони луғатит турк» асарида мучал ҳақида шундай ёзади: «Турклар ўн икки хил ҳайвон исмини ўн икки йилга қўйганлар. Туғилиш, жанг тарихлари ва бошқаларни ана шу йиллар айланишидан ҳисоблайдилар. Бунинг келиб чиқиши шундай: турк ҳоқонларидан бири ўзидан бир неча йил олдин ўтган урушни ўрганмоқчи бўлган, шунда у уруш бўлиб ўтган йилни аниқлашда янглишган. Бу масала юзасидан (ҳоқон) қавми билан кенгашди ва айтди: «Биз бу тарихни (аниқлашда) қанчалик янглишган бўлсак, биздан кейин ҳам шу қадар янглишадилар. Шундай бўлгач, биз энди ўн икки ой ва осмондаги ўн икки буржга асосланиб, ўн икки йилга (ном) қўйишимиз керак, токи биздан кейин йил ҳисоби шу йилларнинг айланишига қараб олинсин ва бу нарса абадий бир ёдгорлик бўлиб қолсин». Улар: «айтганингиздек бўлсин», – дейишди.
Ҳоқон овга чиқди ва одамларга тўқай ҳайвонларини Ила дарёси томон қувишни буюрди, бу жуда катта сув. Одамлар ов қилиб, ҳайвонларни сув томон ҳайдай бошладилар, шунда ўн икки ҳайвон сувдан ўтди. Ўн икки йилни ана шу ўн икки ҳайвон номи билан атадилар.
Энг олдин сувдан ўтган ҳайвон сичқон бўлди. Шунинг учун йил боши унинг номи билан аталди, шу сўзга йил қўшиб, сичқон йили деб атадилар. Ундан кейин ўтганлари қуйидаги тартибда бўлди: уд (сигир), барс (йўлбарс), товушқон (қуён), нек (тимсоҳ, ҳозирда балиқ дейилади), йилон (илон), йунд (от), қўй, маймун (бижин), тақағу (товуқ), ит, тўнғиз».
Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарида ҳам ўн икки ҳайвон номи билан аталадиган ўн икки йиллик мучал ҳисоби номлари келтирилган.
Ўзбекистон Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти тадқиқотчиси Фаррух Жабборовнинг қайд этишича, ўн икки ҳайвонли туркий тақвим йил ва мучал ҳисоби бўйича шамсий календарь саналади. Лекин ойлар қамарий ҳисоб билан юритилади, яъни бир ой 29-30 кунга тенг. Бир мучалда эса 148-149 қамарий ой бор. 12 қамарий ой 354 кун бўлиб, шамсий йилдан 11 кун кам. Шу боис ҳар уч йилдан сўнг ўн учинчи ой ҳам қўшилган. Демак, мучал ҳисоби қамарий-шамсий тақвимлар сирасига киради. Манбаларда ёзилишича, Кўктурклар давридан бошлаб (VIII аср) тўлиқ шамсий йил ҳисобига ўтилган.
12 ой – бир йил, 12 йил – бир мучал, 5 мучал эса бир давр (яъни Сатурннинг икки айланиши)га тенг келади. Мучал сўзининг маъносини шу ўринда англаш мумкин, яъни муча – қисмдир: 60 йилнинг бешдан бир қисми. Бир даврнинг 100 йил эмас, айнан 60 йил қилиб олинишида ҳам ҳикмат бор. Чунки, одатда, бир инсон умри тахминан 60 йилга тенг ва бу «Инсон асри» ҳам деб юритилади.
Олимнинг фикрига кўра, Марказий Осиёнинг табиий шароити мучал ҳисобини яратишга сабаб бўлган. Кўчманчи халқларнинг турмуш тарзи чорвачилик билан боғлиқлиги учун ушбу соҳанинг истиқболини белгилаш, кескин континентал иқлим шароитида узоқ муддатли об-ҳаво прогнозларини ишлаб чиқиш зарурати бунда асосий омил бўлган.
«Девону луғотит-турк»да ёзилишича, туркийлар мучал йилларининг ҳар бирида недир ҳикмат бор деб ўйлаганлар. Масалан, сигир йилида уруш кўпаярмиш, чунки ҳўкизлар бир-бири билан кўп шохлашади. Бу йилда ёмғир-қор кўп ёғади. Қиш узун келади. Товуқ йилида овқат кўп бўлади. Чунки товуқнинг емиши дондир, товуқ донни топиш учун ер титади. Тимсоҳ (наҳанг) йили кирганида кўп ёмғир ёғади. Чунки тимсоҳ сувда яшайди.
Бугуннинг одами мучал деганда, одатда, йиллик башоратларни тушунади. Бу эса азалдан дин намояндаларининг ҳақли эътирозига сабаб бўлган ва мучалнинг хурофот дея изоҳланиб, тақиқланишига сабаб бўлган. Аслида ўн икки ҳайвонли турк тақвимининг фол кўриш билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Мазкур иримлар асло фолбинлик эмас, балки халқнинг асрий тажрибаларини ўзида мужассамлаштирган фалсафий тафаккуридир.
Инсон табиатнинг бир бўлаги, табиатдаги ўзгаришлар бизга таъсир этмай қолмайди. Шундай экан, «фалон йил ундай келади, пистон йил бундай келади» каби башоратнамо гаплар аслида узоқ кузатувлар хулосаси, илмий прогнозлардир. Башоратлар айнан йил соҳиби бўлмиш ҳайвоннинг муҳим хислати билан боғлиқ экани эса мучал йилларини номлашда етти ўлчаб, бир кесилганидан дарак.
Умуман олганда, отнинг хусусиятларидан келиб чиқсак, бу йил ҳам анча барорли келишидан умид қилса бўлади.
НАСРИДДИН тайёрлади.