Қашқадарё иқлим шароитида сувсиз деҳқончилик қилишнинг имкони йўқ. Айниқса, вилоятнинг чўл ҳудудларида ушбу табиий ресурсга бўлган талаб юқори. Чунки бу ерларда тупроққа қадалиб, ҳали ўзини тутиб олмаган ҳар қандай экин тез-тез суғорилмаса, иссиқ таъсирида қуриб қолади.
Нишон туманидаги Оқ Олтин маҳалласи аҳолиси бу йил ҳам томорқа деҳқончилигини эрта баҳордан бошлади. Кўпчилик суғоришда фойдаланадиган ер ости суви кучли шўрлангани сабаб экилган экинлар ҳосили кутилганидек бўлавермасди. Яқинда масъуллар ёрдами билан маҳалладаги 220 та хонадонни таъминлайдиган тармоқ созланиб, унга қувур ёрдамида табиий оқар сув туширилди.
– Натижада ҳаммада томорқа деҳқончилигини янада яхшироқ қилишга иштиёқ уйғонди, – дейди маҳалла аҳолиси вакилларидан бири Обид Давлатов. – Фойдаланилмай ётган ер қолмаяпти, рўзғор учун озиқ-овқат экинлари экаяпмиз. Ҳосил кутилганидек бўлса, ортганини бозорга чиқариб, қўшимча даромад ҳам топамиз.
Бу йил ҳудудда томорқачилик асосида аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни томорқада ишлаб, аввало ўзини таъминлаш, қолаверса, яхшигина фойда кўришга ундаш баробарида «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида 17 гектар майдонда картошка экилди, бошқа экинлар ҳам етиштирилмоқда. Энди оқар сув ҳам бор, яхши парвариш қилинган экиннинг ҳосили мўл бўлиши тайин. Ана шуни англаган одамлар оқар сув келтиришга бош қўшганлардан мамнун ҳолда томорқасини гуллатаяпти.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.
