Қашқадарёга оид
Йирик давлат арбоби, моҳир саркарда, бунёдкор ҳукмдор Абдуллахон ибн Искандархон (1534-1598) ўз даврида ва унинг вафотидан кейин муаррихлар томонидан «соҳибқирон», «улуғ хоқон», «Бухоро давлатининг равнақи даври», «Туроннинг сўнгги буюк ҳукмдори» каби таърифлар билан тавсифлаб келинган. Академик В.В.Бартолд Амир Темурни «Ўрта Осиёнинг биринчи бунёдкори» деган бўлса, Абдуллахонни «Ўрта Осиёнинг иккинчи бунёдкори» деб таърифлайди.
Абдуллахон ибн Искандархон 40 йиллик амалдаги ва расмий ҳукмронлиги даврида (1557-1598 йиллар) Марказий Осиё ҳудудида мингдан ортиқ ҳамда 20 дан ортиқ турдаги (қўрғон, мадраса, масжид, хонақоҳ, минора, мақбара, кутубхона, ҳаммом, ҳовуз, кўприк, тўғон, сардоба, карвонсарой, работ, чорбоғ, шифохона, омбор, тим, тоқ, дарвоза ва ҳоказо) иншоотларни қурдирганки, унгача ва ундан кейинги даврларда ҳам Турондаги бирор ҳукмдор бунёдкорлик соҳасида бундай натижага эриша олмаган. Ҳатто, ўзидан олдин яшаган айрим шахслар томонидан бунёд этилган ва бузилиб кетган баъзи иншоотларни қайта қурган, таъмирлаган ёки мажмуага айлантирган.
Хўш, унда нега Шаҳрисабздаги Оқсарой вайрон қилиниши Абдуллахонга нисбат берилади? Таниқли тарихчи Акбар Замоновнинг «Абдуллахон. Бунёдкор ҳукмдор» рисоласида айни саволга атрофлича жавоб берилади.
Маълумки, шайбонийлар темурийлардан Мовароуннаҳр ҳокимиятини тортиб олгач, тарихшунослигимизда бу икки сулола бир-бирига зид қўйиладиган, ҳатто темурийларнинг ўзига қўшиб, уларнинг моддий ва маънавий меросини ҳам шайбонийлар йўқ қилган, деган хулосалар яқингача давом этиб келмоқда. «Темурийлар даврида Шарқнинг энг кўркам шаҳри бўлган Самарқанд Абдуллахон томонидан эгаллаш жараёнида вайрон бўлган», деган ноилмий фикрларни бирор манба тасдиқламайди. Ваҳоланки, 1578 йил Самарқанд эгаллангач, юз йил давомида нураб кетган иншоотларни қайта тиклаш учун Абдуллахон энг ишончли одами бўлган Қулбобо Кўкалдошни бу шаҳарда қолдирган. Қулбобо 1587 йилгача, ўн йил мобайнида шаҳарни қайта қуриш ишларига масъул бўлган.
Шунингдек, халқ ичида «Шаҳрисабздаги Оқсаройни ҳам Абдуллахон вайрон қилган» деган ғайриилмий фикр ҳукм суриб келди. Тўғри, Абдуллахон Шаҳрисабзга бир неча марта юриш қилган. 1567 йил Самарқанд ҳокими Абулхайр султон (Кўчкунчихон авлоди) Шаҳрисабзни эгаллаб олади. Ҳофиз Таниш Бухорийнинг ёзишича, Абулхайр султон қалъага кириб олган вақтда бир гуруҳ навкарлари Абдуллахонга «хандақ сувидан сузиб ўтиб, қалъанинг бурж ва деворларини йиқитамиз», деганда Абдуллахон бунга рози бўлмайди ва «Умид шулки, оқибатни ўйламовчилар охири ўз қилганларидан пушаймон бўладилар», дейди. Яна ушбу асарга кўра, 1568 йил Самарқанддан келган шайбонийзодалар Гадойхон, Абулхайр султон, Худойберди султон Абдуллахон ва у қўйган ҳоким Хусрав султонга қарши отланади. Ушбу жангларда Хусрав султон ҳалок бўлади ва бир муддат Шаҳрисабз қўлдан чиқади. 1569 йил Абдуллахон Шаҳрисабзни қайтариш учун отланади. Ҳофиз Таниш бу ҳақда «Ул ҳазрат, Шаҳрисабз томон юзланди. Қалъа атрофига қўнгандан сўнг, унинг бузилган қалъасини тузатишга буюрди», деб ёзади. Юқоридаги фикрлардан хулоса қилсак ҳам Абдуллахон бузувчи эмас, аксинча, тикловчи, бунёдкор инсон бўлганини кўришимиз мумкин. Оқсаройнинг вайрон бўлиши нима учун Абдуллахонга нисбат берилиши ҳанузгача тушунарсиз қолмоқда.
Зеро, Оқсарой аштархонийлар ҳукмронлиги даврида ҳам бузилмаган, пештоқи мавжуд бўлган ҳашаматли иншоот эди. 1707 йил Оқсарой пештоқи тагида Бухоро хони Убайдуллахоннинг тож кийиб, тахтга ўтиргани ҳақидаги маълумотлар пештоқнинг ҳали бутунлигидан далолат беради. Муҳаммад Ҳакимхон Тўранинг «Мунтахаб ат-таворих» асарида 1840 йил Дониёл оталиқ вафотидан сўнг, Оқсарой иморати остида Хўжақулибий парвоначи Шаҳрисабз амири мансабига қўйилгани ёзилади. Шунга кўра, Россия империясининг тажовузи Бухоро хонлиги чегараларига қадар келгунча, Оқсарой Шаҳрисабз кенагас бекларининг маъмурий-бошқарув биноси сифатида қад кўтариб турган, дейишимиз мумкин.
Оқсаройнинг дастлабки зарбага учраши 1870 йил бўлган. Жумладан, Россия империяси ҳарбийларининг ҳужжатларида 1870 йил кузида бўлгани қайд этилади. Шаҳрисабз ва Китоб бекликларини босиб олишда «жонбозлик» кўрсатган генерал-майор Абрамовнинг 1870 йил 31 августда ёзган рапортида шаҳар қирғинбарот қилингани ҳақида айтилмасдан «Аҳоли шаҳардан 3 чақиримча берида мени нон-туз билан қарши олди», деб хаспўшлашга уринилган. Яна бир рус ҳарбий мутахассиси Д.Н.Логофет «рус қуролининг кучи ва кўлоб бўлиб тўкилган рус қони эвазига олинган Шаҳрисабз ва Китобдек улкан бекликлар Бухоро амирига берилди», дея генералнинг ёлғонини ошкор қилиб қўяди. Н.А.Майевнинг 1875 йилда босилган «Бухоро хонлиги очерки» асарида «Темурнинг ҳашаматли Оқсаройи Бухоронинг шу даврдаги ҳамма иморатларида кузатилганидек, харобалардан иборатдир. Шунга қарамасдан, бу вайрона ҳозир ҳам ўзининг беназир гўзаллиги билан ром этади. Жанубий тарафдан гумбаз қолдиқлари яққол билиниб туради, вақтида иморат безаги бўлган бу гумбаз ҳозирда нураган бўлиб, ундан кошинлар ва ёзувлар билан безатилган икки баланд девор сақланиб қолган». Бу сўзлардан билиниб турибдики, Оқсарой чинакамига ташқи таъсир бўлмаса, хароба бўладиган иморат эмасди. Бунинг устига, 1920 йил совет тузумига қарши умумхалқ қўзғолонини бостириш вақтида Бенбин деган кимса томонидан Оқсарой тўпга тутилгани айтилади. Оқсарой советлар даврида 70 йилча қаровсиз қолган.