Сараланган сатрлар
Вилоятимиз тарихида ўрганилмаган саҳифалар кўп, ечим кутаётган масалалар эса ундан-да бениҳоя. Туркистон жадидлари маънавий раҳнамоси саналмиш Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг сўнгги кунларини олайлик. Маълумки, маърифатпарвар аллома 1919 йилда Қарши шаҳрида қўлга олинган ва қатл қилинган. Хўш, жисмоний маҳв этиш сабаблари нима, Беҳбудий қаерга дафн қилинган?
Юз йилдирки, тарих билимдонлари, зиёлилар мазкур саволга жавоб топа олишгани йўқ. Айни масалада кўплаб мақолалар эълон қилинган, аммо улар орасида тарихчи ва адиб Поён Равшановнинг “Беҳбудий ҳақиқати” китоби алоҳида ўрин тутади. Бу китобни диққат билан ўқиган киши Беҳбудий ҳақида атрофлича билимга эга бўлиши баробарида, қатл сабаблари ва қабр ўрни ҳақида ҳам тасаввурларга эга бўлади.
Юз йилдан бери ечим топмаётган масалага очқич калит шу китобда бор, десак ишонаверинг. Қуйидаги саралаган лавҳаларимиз ҳам шу рисоладан.
* * *
Яхши билардимки, Беҳбудий Қаршида ўлдирилган, аммо кимлар томонидан – бу савол 1920 йилдан бери мужмал ва очиқ қолиб келаётган эди. Яна хабардор эдимки, улуғ адибнинг қабри йўқ, у текислаб юборилган. Лекин кўнглимда бунга мудом шубҳа бўлган. Бу шубҳанинг асоси – Беҳбудий ҳазратларининг номи Қарши шаҳрига берилган ва вилоят маркази ўн йилдан ортиқ Беҳбудий шаҳри деб аталган. Қабри номаълум сиймо бу қадар арзитилмаса керак, деган андиша ўйимда мудроқ эди. Бунинг яна бир сабаби ҳам бор эди. Ўтган асрнинг 60-йиллари иккинчи ярмида ҳали Қарши кичкина, аҳолиси 50 мингга ҳам етар-етмас шаҳар эди. Кўпчилик бир-бирини танирди. Гурунгларда нохос “Беҳбудий қабри Эшони шаҳидда”, деган гаплар бўларди. “Фалонча Беҳбудий қабри олдида комсомолга киришда қасамёд қилган”, деган гап-сўзлар айтиларди. Бу гапларга на тарихчилар ва на адабиётчилар асло эътибор бермаганига жуда ачинаман.
* * *
Қабристон – Эшони шаҳид номи билан аталадиган мозорот Қаршининг кун чиқиш томонида, эски Тутак дарвоза яқинида жойлашган. Бу ер ХВИИИ асрнинг биринчи ярми охирида, Эрон шаҳзодаси Ризоқулибекнинг Қаршига бостириб келиши, Кўкгумбаз масжиди имом-хатиби Абдуллатиф ан-Насафийнинг ёвга қарши курашда ўлдирилиши – шаҳид этилиши билан қўйинди жойга айланган. Шунчалик катта қирғин бўлганки, жасадларни ҳатто яқин қабристонларга олиб бориш имконсиз бўлган. Тутак дарвозанинг шундай ёнгинасида, тахминан 250 қадамлар шарқроқда Эшони шаҳидни дафн этганлар. Қабр теграсида эса Қарши ҳимоячиларининг минг-минглаб жасадлари кўмилган.
* * *
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг уч ўғли ва бир қизи бор эди. Тўнғич фарзанди Масъудхўжа (1897-1953) гимназияда сабоқ олиб, рус тили мутахассиси бўлиб етишган. Кейинги ўғли Мақсудхон эрта оламдан ўтган, Матлубхон Иккинчи жаҳон урушидан қайтмаган. Қизлари Парвин (Сурайё) 1984-йилда 82 ёшида вафот этган. Тараққийпарвар, аллома бобомизнинг эваралари, чеваралари ҳозирда ҳам Тошкент ва Душанбеда умргузаронлик қиладилар. Улар орасидан илм кишилари, тижоратчилар, турли касб эгалари етишиб чиққан.
* * *
“Оҳ, видои оила, Ватандан чиқмоқ…” Бундан бир аср аввал айтилган бу сўзлар ҳозиргина ирод қилингандек, қулоғимда эмас, юрагимда жаранглагандай, титраб кетдим. Ўйлаб қолдим, аллома қалб нидосини ифода этган шу онлардан тағин беш йил ўтиб, 1919 йилнинг 25-мартида яна шу сеҳрли, маҳзун калималарни айтиб, йўлга чиққанмикан? 1914 йилги ажнабий сафаридан қайтиш муқаррар эди. Бироқ буюк инсоннинг уйидан, оиласидан, Ватанидан айрилгиси йўқ эди. 1919 йилги сафар олдидан Маҳмудхўжа ҳазратларининг руҳиясини тасаввур қилиш оғир, жуда оғир…
* * *
Маҳмудхўжаларни давр етиштирди. Босқин туфайли алоқаларнинг кенгайгани, Оврупо мамлакатларини кўриш, таққослаш, маорифда орқада қолиб кетишни англаш, иқтисодиёт ва бошқарувдаги ибтидоийлик мезони амал қилиб келаётгани ҳаётий саволларни ўртага қўйди ва ечим излашга имкон берди. Жадидлик ҳаракати аста-секин нишлай бошлади.
* * *
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Туркистон вилояти газети”да 1911 йил 29 сентябрда (73-сон) босилган “Мунозара” ҳақида” сарлавҳали мақоласи Бухоро тахтига ўтирганига бир йил бўлаётган амир Олимхонни анча жунбишга келтирганини тахмин қилиш мумкин. Мақолада “Усули жадид” мактаблари фойдали эканлиги тўғрисида гап борган. Маҳмудхўжа унга муносабат билдириб, “Иншоолло, бу рисола бухорийларни уйғонмоқиға боис бўлиб, “Мунозара” муҳарририни раҳмат ила ёд этарлар… Бухорода тилгироф, пўчта, темир йўли, бонк ва мол… ва оптек йўқтур”, дейди.
* * *
Маҳмудхўжа Беҳбудий гарчи Бухоро амирлигига тобеъ фуқаро бўлмаса-да, амирликдаги ижтимоий ҳолатни яхши биларди. Қачонлардан буён бўлиниб қолган Туркистон унинг қалб оғриғи эди. Руслар қўлига ўтган Самарқанд янги усул мактаблари очиш ва йўлга қўйишда тараққийпарвар алломани қониқтирган. Аммо Бухоро Самарқандни идора қилиб турган Николай ҳукуматига вассал бўлса-да, янги усул мактаблари очиш, рус тилини ўрганиш бўйича ҳеч бир иш қилмаётганига у чидаб туролмайди.
* * *
Маҳмудхўжа Ҳинд халқининг йўлбошчиси Ганди сингари мухторият ишларини, яъни ҳурриятни тинч, сулҳ йўли билан ҳал қилишни ёқлаган эди. У “муҳораба ва муқотала” – жангу жадални, қирғинни мухторият сиёсатига ёт деб билади.
* * *
Туркистон мухториятининг қонга ботирилиши, Самарқанд, Тошкент ва Фарғонада большевиклар ўзига тўқ, бою бадавлат кишиларни талагани, отгани, ҳамиятли кишиларнинг қочиб Бухородан паноҳ топганлиги, миллат шаъни деб камарбаста бўлганлар раҳнамоси Беҳбудий ҳазратларини янги бир йўл, чора топишга ундамаслиги илождан холи эди. Вазиятни тўғрилаш учун Самарқанддан Тошкентга боради. Совет идораларида бўлади, раҳбарлар билан сўзлашади.
* * *
Шаҳрисабз беклигида Саййид Амир Олимхонга амаки, Саййид Амир Музаффарнинг ўғилларидан бўлган Мир Акромхон тўра (халқ тили билан “Тўрам бадавлат”) ҳокимлик қилар эди. У бир вақтнинг ўзида Ғузор тўраси ҳам эди. Ф.Колесов хуружидан кейин “Ёш шаҳрисабзликлар”ни, уларга хайрихоҳ бўлган кўпдан-кўп кишиларни қатл эттириб, молу мулкини девоний қилганлиги сабаб Шаҳрисабз элининг норозилик исёни кўтарилган. “Тўрам бадавлат” деб одамлар заҳарханда билан лақаблаган бу бек ўзи билан олиб келган 11 умаросига Шаҳрисабзни қирғин ва талон қилишда катта йўл очиб берган. Исёндан чўчиб қолган Бухоро тезликда золим ва мечкай ўн бир амалдорни шаҳардан чиқариб, зулм ўчоқларига сув сепган бўлади.
* * *
Ҳалим Сайиднинг аниқлашича, Беҳбудийнинг “ғойиб бўлиши” ҳақида дастлабки хабар воқеадан бир ой ўтар-ўтмас, яъни 1919 йилнинг 23 апрелида “Меҳнаткашлар товуши” газетасида босилиб чиққан. Сўнг у “Иштирокиюнь”га кўчириб босилган. Мақола муаллифи Ҳожи Муин бўлиб, у халқ орасида тарқаган миш-мишларни йиғади ва уларнинг тагига етишга уринмаётган ёшлардан зорланади. Унда келтирилишича, шу йил март ойининг охирларида самарқандлик 4 киши (Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мардонқул Шоҳмуҳаммадзода, Муҳаммадқул Ўроқбой ўғли ва турк муаллими Наим афанди) “Москвага ёки бир ерга бормоқ қасди ила йўлға чиққанлар”, “от билан Бухоро тупроғидан ўтаётганларида Қарши шаҳрида қўлга олинганлар, айрим маълумотларга қараганда, ваҳшиёна ўлдирилганлар. Чамаси, бу миш-мишлар яна кўпайиб борди ва ушбу “Меҳнаткашлар товуши” 1919 йил 30 ноябрь сонида Истанбулда ўқиётган самарқандлик Темурхон деган кишининг маълумотларини ва унга Ҳожи Муин шарҳини эълон қилади.
* * *
Тараққийпарвар, миллатни озод кўришни, юртининг мустақиллигини бутун вужуди билан хоҳлаган, Туркистон мухторияти эълон қилинган ва 72 кун яшаган кунларда Маҳмудхўжа Беҳбудий Қўқонда бўлиб, ғоявий ишларга етакчилик қилиб турган эди. Қўқон советлар томонидан тўпларга тутилиб, пулемётлардан қирғин этилганда, унинг мухторият раҳбарияти таркибига кирмаганлиги (холислиги), эҳтимол, ўлимдан сақлаб қолгандир. Мухторият раҳбари Заки Валидий қочиб қутулган, раҳбарлардан кўпчилиги ўлдирилган эди.
Беҳбудийни советлар мухториятга боғлаб, қатл этиш учун унинг “Ҳуррият” газетаси 1918 йил 26 январда босилган мақоласидаги қуйидаги сўзлар тўлиғича кифоя қилган бўлур эди:
“Мухторият-да олинур, лекин берилмас. Яъни мухториятни Туркистон болаларининг ўзи бирлашиб, ғайрат ила олурлар. Албатта, бошқалар тарафидан берилмас. Бошқаларнинг қўлидан келса, бермаслар…”
* * *
Шўролар ҳукумати амир қўли билан миллатнинг фидойи фарзандини қатл қилди. Сўнг эса, ёшлар ёнида туриб, Беҳбудийга кўз ёш тўкди. Ва ўз мақсадига эришди. Биринчидан, амир ва унинг салтанатига ёшларда ғазаб, нафрат уйғотишга муваффақ бўлди. Иккинчидан, Шўролар ҳукумати ўзининг ақлли, жасур ва ғоят эътиборли душманидан қутулди.
* * *
Беҳбудийнинг амирлик ҳудудида тутилишида сотқинлик қўли борлигини инкор қилиб бўлмайди. Уткин эмас, Миллер бўлса-чи? Беҳбудийнинг босган қадами кузатилганлиги, унинг Қашқадарёга қадам қўйиши билан ҳибсга олиниши советларнинг амирликка қилган чақуви, хоинона маълумот бериши билан боғлиқ эмасмикан? Бегали Қосимов вақтида жуда тўғри бир гапни айтган экан: “Беҳбудийнинг соғлиги ва тирикчилиги билан боғлиқ муаммолардан ташқари ҳам жиддий гаплар бўлиши керак”. Мана, сизга жиддий гапнинг ўта жиддийи! Беҳбудий ҳазратлари атрофидаги хавфли сиёсий ўйин доираси кенгайиб, советларни огоҳсиз қолдирдим, деган ўйлар акси ўлароқ, ГПУ нинг ҳамиша ҳозиру нозир шарпаси алломани ҳар сонияда таъқибда ушлаган ва Бухорони, Аркни “беминнат” хабар билан сийлаган.
* * *
Советлар Беҳбудий қатлини бир ярим йилга яқин кутди. Амирлик босиқлик билан бу ҳақда жимлик сиёсатига оғишмай амал қилди. Беҳбудийни зиндон эмас, собиқ жадид – 1918 йилда ўлдириб юборилган жадид Шариф Қозижоннинг мусодара этилган, Қарши қалъаси ичидаги Кўҳна Чорсу 21-уйда ҳамроҳлари билан қаттиқ назоратда сақлади.
Урушга баҳона излаган советлар Беҳбудий қатли, улар кутганидек, амалга ошмагач, 1920 йил сентябри бошида Бухорога урушни эълон қилмасдан бошлаб юборишди. Энди уларга Беҳбудийнинг кераги қолмаган эди. Шу боисдан Қарши қўлга киритилган 1920 йилнинг 28 августидан 7 сентябрга қадар ҳали ҳаёт бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудийни қутқариш хаёлга ҳам келмайди.
* * *
Беҳбудий соғинчи, буюк тараққийпарвар Инсоннинг ўрни мана бир асрдирки, яққол билиниб туради. Халқини деган, унга яхшилик истаган, бу йўлда ҳукмронларни ҳам инсофга чақирган, озодликнинг ҳақ йўлида мустаҳкам турган, бу йўлда жонини нисор қилган фарзандини эл мутлақо унутмайди. Унинг шарафли исми асрлардан асрларга ўтиб, миллати қалбида яшашда давом этади.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.