Қашқадарё газетаси Жамият Педагогликдан Бош вазирликкача
Жамият

Педагогликдан Бош вазирликкача

Қашқадарёга оид

Қашқадарё вилоятидан етишиб чиққан, турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган, юксак даражада эътироф этилган ва этилаётган инсонлар кўп. Жумладан, собиқ иттифоқ даврида бошқарув ишида қатнашган айрим шахслар ҳаёти ўрганишга ва ибрат олишга лойиқ.

1912 йилда Қамаши туманида туғилган Раҳмонқул Қурбонов собиқ иттифоқ даврида ҳозирги Бош вазир лавозимига тенг мансабда ишлаган.

Асли унинг дастлабки фаолияти педагогликдан бошланган. Сўнг Термиз ижроия комитети биринчи котиби бўлиб ишлаган.

1943 йилда Қашқадарё вилояти ижроия комитети биринчи котиби этиб тайинланган. 1946-1949 йилларда – Олий партия мактаби тингловчиси сифатида сиёсий сабоқлар олган.

1949-1951 йилларда Чинобод тумани, 1951-1952 йилларда Избоскан тумани, 1952-1956 йилларда Қашқадарё вилояти, 1956-1961 йилларда Андижон вилояти ижроия комитетлари биринчи котиби бўлган. 1961-1971 йилларда Ўзбекистон ССР Министрлар совети раиси вазифасида фаолият кўрсатган. 1971-1975 йилларда Ўзбекистон ССР совхоз министри ўринбосари бўлиб ишлаган.

Раҳмонқул Қурбонов қаттол шўро сиёсатининг  бегуноҳ қурбони бўлиб, сохта айблов билан 1976 йилда 8 йилга қамалган 1979 йилда Олий Суд қарори билан оқланган.

1979 йилдан «Қаршиқурилиш» бошқармаси «Қаршицелинхлопок» трести директорининг 1-ўринбосари вазифасида фаолият кўрсатган.

Раҳмонқул Қурбонов Ўзбекистон Министрлар советига раислик қилган даврда Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда обрў-эътибори ортишида, миллионлаб гектар янги ерлар ўзлаштирилишида, Тошкентда юз берган зилзила оқибатларини тугатишда унинг ҳиссаси залворли бўлган. Бу инсоннинг босиб ўтган ҳаёт йўли ҳақида Озод Пармонов ва Поён Равшановнинг «Бош вазир қиссаси» китоби чоп қилинган.

Шароф Рашидов билан ёнма-ён

Атоқли давлат арбоби Ўлжа Отақулов 1930 йилда Қарши туманидаги Тахтапул қишлоғида таваллуд топган. Бошланғич таълимни Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўз қишлоғидаги ва қўшни ҳудуд мактабларида олади. Қарши шаҳридаги мактаб-интернат кечки бўлимида ўқийди.

1949 йилда Қарши ўқитувчилар тайёрлаш институтига ўқишга киради. 1950 йил февралда ҳарбий-денгиз флотида хизмат қилиш учун  Калининград (Кёнигсберг) шаҳрига юборилади. Ҳарбий тайёргарликдан сўнг Ленинград шаҳридаги ҳарбий қисмга жойлашади ва батальон старшинаси лавозимида фаолият юритади. 1951 йилда Ленинграддаги Жданов номли ҳарбий-денгиз флотининг Олий сиёсий қўмондонлигига ўқишга киради.

1953 йилда Москва яқинидаги Владимир шаҳрида фаолиятини давом эттиради ва ўша йили ҳарбий хизматни якунлаб, туғилиб-ўсган Тахтапул қишлоғига қайтади. Шундан сўнг, Қарши ўқитувчилар тайёрлаш институтидаги таҳсилни давом эттиради.

Билими, иқтидори ва ҳаракатчанлиги билан эътибор қозонган Ўлжа Отақулов 1956 йилда Қарши шаҳар комсомол комитети бўлим бошлиғи лавозимига тайинланади.  Самарали фаолияти эътироф этилиб, Республика Комсомол марказий комитетига ишга таклиф этилади ва ташкилий бўлим инструктори лавозимида фаолият бошлайди. Бир муддатдан сўнг Бухоро вилоятига куратор (масъул) этиб тайинланади. Шу орада Тошкент давлат педагогика институтида сиртдан таҳсил олади.

Масъулиятлилиги ва тиришқоқлиги ўша вақтда  Ўзбекистон Компартияси биринчи секретари Шароф Рашидов эътиборига тушиб, Ўлжа Отақулов партия ташкилий бўлими инструктори лавозимига тайинланади. 1965 йилда Ўзбекистон Республикаси Марказий Комитети ташкилий бўлими инспектори лавозимида фаолиятини давом эттириб, Самарқанд вилоятига куратор (масъул) сифатида қўйилади.

Ўлжа Отақулов 1970 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Марказий Комитети ташкилий бўлим бошлиғининг биринчи ўринбосари этиб тайинланади. Ташкилотчилик қобилияти ва ақлий салоҳияти унинг 1977 йилда Наманган вилояти ташкил этилиши муносабати билан Наманган обком партияси бўлим бошлиғи лавозимида самарали ишлашига имкон беради.

1979-1985 йилларда Ўлжа Отақулов Ўзбекистон Республикаси Марказий Комитети партия комиссияси раиси лавозимида меҳнат қилди. 1992-1994 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат назорат  комитетида бош инспектор лавозимида, 1994-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Мулк қўмитаси умумий бўлимида ишлади. 15 йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси Марказий Комитети аппарат бюроси аъзоси сифатида фаолият олиб борди.

Ўлжа Отақулов республикамиздаги кўплаб давлат арбоблари ва раҳбарларнинг устоз-маслаҳатчиси сифатида эътироф этилади.

2017 йилда Тошкент шаҳрида вафот этган.

Нефть-газ саноати дарғаси

1945 йилда Ғузор туманида туғилган Қаюм Ҳаққуловнинг бутун фаолияти мамлакатимиз нефть-газ саноати билан боғлиқ. У иш фаолиятини 1967 йилда «Қаршинефтгаз» қидирув трестида оддий ишчиликдан бошлаган. Кейинроқ пармаловчига ёрдамчи, пармаловчи, пармалаш устаси ва катта муҳандис каби вазифаларда самарали меҳнат қилган. Ўзининг билими,  тиришқоқлиги, изланиш ва интилишлари билан жамоада эътибор қозонган.

Айнан шу йиллар Қаюм Ҳаққуловнинг кейинги фаолияти учун том маънода тамал тоши бўлган дейиш мумкин.  У бу ерда нефть-газ саноати ишини энг қуйи тизимидан бошлаб амалда ўрганди, соҳада етарли тажриба тўплади.

1974 йилдан 1991 йилга қадар Қаюм Ҳаққулов нефть-газ саноати тизимидаги турли ташкилотларда масъул вазифаларда ишлади.

1992 йилда эса Қаюм Ҳаққулов Президент қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кабинети раисининг ўринбосари вазифасига тайинланди. 1993 йилдан эса «Ўзбекнефтгаз» концерни раҳбари вазифасида иш бошлади. Бу вазифа Бош вазир ўринбосари мақомида ҳисобланарди.

Қаюм Ҳаққуловнинг нефть-газ соҳасида хизматлари ҳукуматимиз томонидан юқори эътироф этилиб, у давлатимизнинг бир қатор юксак орден ва унвонлари билан тақдирланган.

Қашқадарёлик биринчи профессор ва ректор аёл ким?

Нортош Ўлжабоева Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари хотин-қиз профессор-ўқитувчиларидан биринчи бўлиб профессор илмий унвонига (1991 йилда) сазовор бўлган ҳамда Қарши давлат университети (собиқ педагогика институти) тарихида ректор этиб тайинланган дастлабки аёл саналади.

У 1940 йилда Қарши туманидаги Ертепа қишлоғида туғилган. Меҳнат фаолиятининг дастлабки даврларида, яъни 1963-1980 йилларда Қарши давлат педагогика институти тарих кафедрасида катта ўқитувчи, кафедра доценти вазифаларида меҳнат қилган. 1980-1987 йилларда институтнинг илмий ишлар бўйича проректори, 1987 йилдан 1992 йил февралгача Қарши давлат педагогика институти ректори ва шу йилнинг июнь ойигача Қарши давлат университетининг биринчи ректори бўлиб фаолият кўрсатган. Шу билан бирга, 1988-1998 йилларда Республика болалар жамғармаси вилоят бўлимига раҳбарлик қилган.

Нортош Ўлжабоева 1974 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Тарих институтида «1946-1970 йилларда Ўзбекистонда халқ таълимининг ривожланиши» мавзусида тарих фанлари номзоди диссертациясини ҳимоя қилган. Ўзбекистонда маориф, фан, маданият ва маърифатни ривожланишига, суғориш тизимлари ва суғорма деҳқончилик тараққиёти муаммоларига бағишланган 100 дан ортиқ илмий, илмий-назарий ва илмий-амалий мақолалар, илмий-услубий қўлланмалар, тавсиялар муаллифидир.

Нортош Ўлжабоева 1992-1993 йилларда вилоят ҳокимлигида миллатлараро муносабатларни  мустаҳкамлаш, нуронийлар, ёшлар ва дин вакиллари билан ишлаш масалалари бўйича мутахассислар гуруҳи ишини бошқарган. Нортош Ўлжабоеванинг фидокорона меҳнатлари муносиб тақдирланиб, давлатимизнинг қатор мукофотларига сазовор бўлган. Ўзбекистон Республикаси халқ маорифи аълочиси. 1983-1994 йилларда халқ депутатлари Қашқадарё вилояти ва Қарши шаҳар кенгашларига депутат этиб сайланган.

Кўп йиллик изланишлари ҳамда кузатувлари туфайли 250 дан ортиқ турли касалликлар ва  хасталикларни халқ табобати усуллари билан даволашга бағишланган «Халқ табобати хазинасидан жавоҳирлар» китобини нашрдан чиқарган.  Шунингдек, Нортош Ўлжабоева Ўзбекистон халқ табобати академиясининг ҳақиқий аъзоси, 2009 йилда академиянинг «Абу Али ибн Сино» олтин медали билан мукофотланган.

Самбо бўйича ўзбеклардан чиққан биринчи чемпион

Ўзбек курашининг ёрқин намояндаси, ўзбеклардан самбо бўйича биринчи СССР чемпиони, биринчи халқаро классдаги спорт мастери (устаси) Хушвақт Рўзиқулов 1943 йилда Китоб туманидаги Яккатут қишлоғида туғилган.

Армия хизматини ўтаганидан кейин спортга бўлган қизиқиш уни Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти спорт секциясига бошлайди. Бу ерда мураббий В.П.Гуляев унга кураш сирларини ўргатади. Хушвақт Рўзиқулов қурилишда ишлаш билан бирга, кечаси самбо машғулотлари билан шуғулланарди.

1967 йилда Ригада самбо бўйича биринчи расмий халқаро турнир бўлиб ўтади, унда Болгария, Югославия, Мўғулистон, Япония спортчилари қаторида собиқ иттифоқ терма жамоаси таркибида  Хушвақт Рўзиқулов ҳам иштирок этиб, куч ва маҳоратини намойиш этади.

Хушвақт Рўзиқулов 1969-1970 йилларда ўтказилган собиқ иттифоқ биринчилигининг илк ўзбек совриндори бўлган. Самбо кураши бўйича 1968 йилги собиқ иттифоқ чемпиони. Самбо бўйича I ва II халқаро турнирлар ғолиби.

Хушвақт Рўзиқулов 1972 йилда Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасида спорт инструктори, 1973 йилда Китоб тумани «Пахтакор» спорт жамияти спорт инструктори бўлиб ишлаган. У 1979 йилда касаллик туфайли оламдан ўтган.

Улкан тажриба, тиришқоқ ва ғалабага бўлган юксак ирода кучига эга полвон сифатида эътироф этилади.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version