31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни
Мустабид совет тузумининг қатағон сиёсати ҳақида сўз бораркан, асосан 1937-1938 йиллардаги қирғин, 50-йиллар бошидаги қама-қамалар ва 80-йиллардаги «пахта иши» сиёсати ёдимизга келади. Дарҳақиқат, ушбу қатағонлар миллат устунларини йўқ қилиб, қолганларни маънан мажруҳ, ҳақиқатга тик қарай олмайдиган аҳволга келтириб қўйганди.
Аслида мустабид тузум ҳукм сурган барча йил, барча кунни қатағон даври дейиш мумкин. Босқинчиларга бўйин эгишни истамаган не-не инсонлар жабр-жафо чекмаган дейсиз.
Ғузордаги Абдулмалик тўра қўрғони ҳақида эшитгансиз. Ғузордарё соҳилидаги тепаликда жойлашган ушбу қўрғонда бекнинг яшаш жойи, маъмурий идораси бўлган. Сал наридаги чорбоғга элтадиган ер ости йўли ҳақида ҳам эшитган бўлсангиз керак.
Абдулмалик тўра ким? Унинг қатағон мавзусига қандай алоқаси бор? Айни дам шу ҳақда сўз юритамиз.
«Қашқадарё воҳаси тарихидан лавҳалар (истиқлол учун курашганлар ва қатағон қурбонлари)» китобидан тарихчи Дилнавоз Раҳматованинг Абдулмалик тўра ҳақидаги мақоласи ҳам ўрин олган.
Қайд этилишича, 1848 йилда туғилган Абдулмалик тўра манғитлар сулоласининг саккизинчи ҳукмдори амир Музаффарнинг тўнғич ўғлидир.
1865 йил май ойи охирида Тошкентни босиб олган рус аскарлари Бухоро амирлигига қарашли Самарқанд шаҳрига таҳдид сола бошлайди. Амир Музаффар ёш бўлса ҳам ҳарбий ишни, лашкар бошқаришни яхши ўзлаштириб олган, отасига садоқатли фарзанд Абдулмалик тўрани Самарқанд мудофаасига масъул қилиб тайинлайди. У кўҳна шаҳарни руслар тажовузидан ҳимоя қилиш учун ўз аскарларида ватанпарварлик туйғусини кучайтиради, истилочиларни енгиш учун пухта, ишончли тадбирларни ишлаб чиқади. Ўша пайтда Самарқанд ҳокими бўлиб ишлаб турган Шерали иноқ эса жоҳил ва калтабин одам эди. У Абдулмалик тўранинг шаҳарни мудофаа қилишга қаратилган чора-тадбирлари моҳиятини тушунмайди, шу туфайли ёш лашкарбоши ва бек ўртасида муносабат кескинлашади. Шерали иноқ ота-бола орасида нифоқ чиқариш учун амирга Абдулмалик ҳақида бўҳтон гапларни етказади, «Унинг асл нияти сиздан ҳокимиятни тортиб олиш», деб амирни қўрқитади. Бунга ишонган амир Музаффар ўғлидан ҳақиқатни билиб олмай, унга нисбатан адолатсиз қарор чиқаради. Абдулмалик тўрани Самарқанд мудофааси бошлиғи лавозимидан четлатиб, Ғузорга бек қилиб юборади. Амир ва тахт вориси ўртасидаги зиддият шундан бошланади.
Амир Музаффар Самарқанд мудофаасини яхши ташкил этолмайди, қўшинни ягона мақсад йўлида бирлаштиролмайди, шу боис чор аскарлари ҳужумига дош бера олмайди. Дастлаб Чўпонота тепалигида ўрнашиб олган Бухоро қўшинлари 1868 йил май ойида тор-мор этилади, кейин Зирабулоқ тепалигида ҳал қилувчи жанг бўлиб ўтади, бунда ҳам амир қўшинлари мағлуб бўлиб, рус қўшинлари Самарқанд шаҳрига кириб боради. Амир Музаффар мағлубиятини тан олиб, фон Кауфман талаби асосида Туркистон генерал-губернаторлигининг янги чегаралари ҳақидаги таклифни қабул қилишга мажбур бўлади.
Сулҳ шартномасига мувофиқ амирликнинг қарам ўлкага айланиб қолганлиги оддий одамларда ҳам норозилик ҳаракатларини кучайтиради. Амир Музаффарнинг обрўси пасайиб, Абулмалик тўранинг нуфузи ошиб кетади. Китоб беги Жўрабек, Шаҳрисабз беги Бобобек, манғит бекларидан Худоёр, Ибодуллабек тўқсабо, Бухоро амирлигига қарашли қатор бекликлар бошлиқлари уни озодлик курашида йўлбошчи деб билади. 1868 йилнинг баҳоридан тўранинг қароргоҳи бўлмиш Ғузор беклигига мустақиллик ва озодлик тарафдорлари саф-саф бўлиб кела бошлайдилар.
1868 йилнинг май ойида Абдулмалик тўра катта қўшин тўплаб, Россия қўшинлари томонидан эгалланган Самарқандга юриш қилади. Бу вақтда Самарқанд аҳолиси ҳам чор босқинчиларига қарши бош кўтарган эди. 2 июнь куни улар биргаликда рус қўшинлари жойлашган шаҳар қалъасига ҳужум қилишади. Қамалда қолган қўшин қўмондони ёрдам сўраб генерал-губернатор фон Кауфманга чопар юборади. 4-7 июнь кунлари халқ лашкарлари билан босқинчи кучлар ўртасида шиддатли жанглар бўлади. 8 июнда қамалдаги чор аскарларига ёрдам кучлари етиб келгач, жанг истилочилар фойдасига ўзгаради. Натижада халқ ҳимоячилари Самарқанддан чиқиб, тоғ томон чекинишга мажбур бўлади.
Катта тўра давлат мустақиллигини сақлаб қолиш учун ўз тарафдорлари билан фидойилик кўрсатаётган бир пайтда амир Музаффар уни қўлга киритиш ва жазолаш ҳаракатида бўлади, аммо ўз режасини амалга ошира олмайди. Шундан сўнг уни тутиб беришни Китоб беги Жўрабек ва Шаҳрисабз беги Бобобекдан илтимос қилади. Аммо улардан шундай жавоб олади: «Тўра жаноби олийларининг тўнғич ўғли ва ҳукмдоримиз фарзандидир. У бу ишларни амиримизга хайрихоҳ бўлган, давлат заволига йўл қўймаслик мақсадида дин байроғини кўтаришга бел боғлаган баъзи олижаноб кишилар даъвати билан қилмоқда… Тўра ўзини қутқариш учун бизнинг ҳудудда мақом топибдур. Одамийлик ва ориятни сақлаш важҳидин меҳмоннинг оёқ-қўлини боғлаб, мухолифга топшириш ярамайдир».
Абдулмалик тўрани ёқлаётганлар, амирдан юз ўгираётганлар сони тобора ошиб боради. Тўранинг иттифоқчиси Содиқ ўз гуруҳи билан Кармана ва Хатирчини эгаллайди. Косон, Қарши, Ғузор бекликларида тўра ўз ҳокимиятини тиклайди. Амирнинг жияни Саид Абдуллахон ҳам тўра қўшинига келиб қўшилади. Амирлик маҳкамасида хизмат қилувчи бир қанча кишилар Абдулмалик томонига ўтиб кетади. Абдулмалик тўра 1868 йил июль-август ойларида амирлик ҳудудида халқ тан олган ягона курашчи раҳбарга айланади. Бухоролик тарихчи Мирза Абдулазим Сомий таъбири билан айтганда, амирнинг «ёлғиз Аллоҳдан бошқа суянчиғи қолмаган эди, зеро, барча юрак-юракдан тўрага интилаётган эди».
Абдулмалик тўра Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсаройда Бухоро амири деб эълон қилинади. Қарши шаҳри амирлик маркази этиб белгиланади. 1868 йил сентябрь ойида Абдулмаликнинг тез орада Бухорони эгаллаши аён бўлиб қолади.
Абдулмалик тўранинг озодлик ҳаракати ўз тахтидан ажралиб қолишдан хавфсираётган амир Музаффарни ва Туркистон генерал-губернаторлигини ташвишга солади, чунки унинг таъсири руслар қўл остида бўлган ерларда ҳам акс садо бераётганди. Амир яқин амалдорлари билан маслаҳат-машварат ўтказиб, унда генерал-губернатордан Абдулмалик тўра ва унинг атрофида тўпланган истиқлол кучларини йўқ қилишда ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат этишга қарор қилинади. Амир мурожаатидан сўнг Зарафшон округи бошлиғи, генерал Абрамов рус ҳарбийларини Жомга йиға бошлайди. Унинг мақсади ватанпарварларнинг қароргоҳи Қарши шаҳрига ҳужум қилиш эди. Ниҳоят, генерал Абрамов қўшини ва амир юборган Ёқуб қушбеги бошчилигидаги отряд Қарши томон отланади. Абдулмалик тўра бундан воқиф бўлиб, жангга жиддий тайёргарлик кўра бошлайди ва умумий чақириқ эълон қилади. Қашқадарё бўйидаги Чортоқ деган жойда истеҳкомлар барпо этилиб, жангга ҳозирлик кўрилади.
1868 йил 21 октябрда чор қўшинлари билан абдулмаликчилар ўртасида ҳаёт-мамот жанги бошланади. Султон Содиқ, Жўрабек, Бобобек ва бошқа лашкарбошилар Қарши остонасидаги жангда саркардалик маҳоратини яна бир бор намоён этадилар. Чор армияси ва амир қўшини ҳарбий тайёргарлик, техник жиҳатдан озодлик курашчиларидан устунлиги жанг давомида яққол кўзга ташланади. Шунинг учун 1868 йил 23 октябрда Қаршидаги қўзғолончилар тор-мор этилиб, Абрамов шаҳарни эгаллайди. Қўзғолончилар қаттиқ жазоланиб, уй-жойлар ва шаҳар бозори таланади. Абрамов шаҳарни Ёқуб қушбеги қўлига топширади. Қаршига келган амир Музаффар Абдулмалик тўра оиласини асирга олади.
Абдулмалик тўра 200 нафар киши билан она Ватанини тарк этади. Дастлаб у оз сонли сафдошлари билан Хива хонлигида бўлади, сўнгра Афғонистонга ўтади. 1877 йилгача Қашқар ҳокими хизматида бўлади. Ёқуббек унга иззат-икром кўрсатиб, қизини тўрага никоҳлаб беради, 40 минг кишилик қўшинга лашкарбоши этиб тайинлайди. Аммо Қашқар Хитой томонидан эгаллангач, тўра Бухорода ҳокимиятни эгаллаш мақсадида иттифоқчи излаб бир қанча мусулмон мамлакатларига йўл олади. Шундан сўнг Буюк Британия тасарруфидаги Ҳиндистонга келади. Ўз ниятини амалга ошириш учун Буюк Британияга мурожаат қилади. 1886 йил май ойида Калькуттада туркистонлик мухолиф кучлар вакиллари инглиз қироличасининг вакили билан музокаралар олиб боради. Абдулмаликнинг саъй-ҳаракатларига афғон амири Абдураҳмон ҳам хайрихоҳлигини билдиради. Аммо турли хил сиёсий ва бошқа сабабларга кўра чет элдан ҳарбий ёрдам ололмайди. Россия империяси маъмурлари тўранинг чет элдаги фаолияти ва амирликда унга хайрихоҳ бўлган шахслар устидан қаттиқ назорат ўрнатади.
Бухоро амирлигини 24 йил бошқарган амир Музаффар 1885 йилда вафот этгач, унинг ўрнига ўғли Абдулаҳадхон ўтиради. «Абдулаҳадхон замонида, – деб ёзган эди Абдурауф Фитрат, – Россиянинг Бухорога таъсири ва роли анча мустаҳкам бўлган эди. Абдулаҳадхон қайси ишни режалаштирмасин, ўзининг ҳимоячиси бўлган Россиянинг нуфуз ва ролини инобатга олишга мажбур эди».
Абдулмалик тўра ҳамма уринишлари зое кетгани, азиз юрти, тупроғи истилочилар, уларнинг гумашталарига қолганидан умрининг охиригача азият чекиб яшайди. Унга Ватанга қайтиш насиб этмайди, чет элда – Покистонда муқим яшаб қолади. 1909 йили 61 ёшида Пешовар шаҳрида вафот этади.
Бекзод САЙФИЕВ