Ҳиндистонда Уттаракханд штатидан бўлган коррупционер амалдор олган порасини ютиб юбориб, ноодатий усулда далилларни йўқ қилишга уринди. Бу ҳақда News9Live манбаси маълум қилган.
Дехрадун округи маъмурияти ходими Ғулом Ҳайдер маҳаллий фуқарога яшаш жойи ва тоифасига оид маълумотнома расмийлаштириб бериш учун «пуллик хизмат» таклиф этган. Мурожаатчи бу ҳақда дарҳол полицияга хабар қилган ва мансабдор икки минг рупияни (299 500 сўм атрофида) пора сифатида олаётган вақтда жиноят устида қўлга олинган.
Қизиғи, полиция порахўрнинг хонасига кириб келганида у далилларни яширишга уриниб, тезкор ходимлар кўз ўнгида тўртта 500 рупиялик қоғоз пулни оғзига тиққан ва ютиб юборган. Уни шифохонага олиб боришган, бироқ шифокорлар қимматли қоғозларни чиқариб олишнинг уддасидан чиқмаган.
Суд амалдорни 14 кунга ҳибсда сақлаш тўғрисида қарор чиқарган. Далиллар йўқ қилинганига қарамай, иш якунланмаган. Терговчилар қўлида эркакнинг айбини исботловчи бошқа материаллар қолган.