Ижтимоий тармоқ фойдаланувчисини Тунис президенти танқид қилинган постлари учун олий жазога ҳукм қилишди, деб ёзади Daily Mail манбаси.
Адвокат Уссама Буталжанинг маълум қилишича, 56 ёшли Сабер Шушан ижтимоий тармоқлардаги мамлакат президенти Кайс Саидни танқид қилган постлари учун ўлимга ҳукм қилинган.
«Набуль шаҳри судьяси менинг мижозимни тармоқлардаги чиқишлари учун ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу ҳайратланарли ва мисли кўрилмаган қарор», дея баёнот берган у ва ҳукм устидан аллақачон шикоят қилинганини қўшимча қилган.
Ҳимоя томони сўзларига кўра, Сабер Шушан сиёсий фаол ҳисобланмайди – у ҳибсга олингунга қадар шунчаки президент сиёсатидан норозилигини билдирган саводи ҳаминқадар ишчи.
«Биз шундоқ ҳам қашшоқликда яшаяпмиз, энди эса унга зулм ва адолатсизлик ҳам қўшилди. Бунга ишонгимиз келмайди», деган маҳкумнинг акаси.
Тунисда ўлим жазоси камдан-кам чиқарилади ва 30 йилдан ошибдики, амалда ижро этилмаган. Бироқ бундай қарор қабул қилинишининг ўзи ижтимоий тармоқларда норозилик тўлқинини юзага келтирди. Кўплаб тунисликлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари буни режим танқидчиларини қўрқитишга уриниш сифатида баҳолаган.