Техас (АҚШ)лик шифокор кўрикка келган соғлом кишиларга сурункали касалликлар ташхисини қўйгани учун қамоқ жазоси олди, деб ёзади Oddity Central манбаси.
68 ёшли ревматолог Хорхе Замора-Кесада соғ-лиқни сақлаш соҳасидаги фирибгарлик схемасида иштирок этгани учун 10 йилга кесилган. Шифокор ўз қабулида бўлган юзлаб одамларга аслида зарур бўлмаган қиммат ва хавфли муолажаларни тайинлаш учун бўғимлар яллиғланишига оид сурункали касалликлар ташхисини ёлғондан қўйиб, уларни алдаган.
Унинг бу ҳаракатлари молиявий фойда олишга йўналтирилган бўлиб, фирибгарлик натижасида 30 миллион долларга яқин пул ишлаган. Шу йўл билан топилган бойлик ортидан шифокор ҳашаматли турмуш тарзини қурган: у 13 та кўчмас мулк, шахсий самолёт ва қимматбаҳо автомобиль сотиб олган.
Суд жараёнида бошқа ревматолог мутахассислар аввал айнан Хорхе Замора-Кесада томонидан бўғимлар яллиғланиши ташхиси қўйилган юзлаб кишиларни кўрикдан ўтказганликлари ҳақида гувоҳлик беришган. Аммо уларнинг ҳеч бири айтилган касалликдан азият чекмаган. Шунга қарамай, улардан кўпчилигига жиддий ёндош таъсирни келтириб чиқарувчи кучли дорилар буюрилган.
Суд шифокор ҳаракатларини ўта кетган шафқатсизлик ва ғаразли деб топган. Ўз жинояти учун озодликдан маҳрум қилинганидан ташқари, унга фирибгарлик йўли билан орттирган 28 миллион долларни қайтариш мажбурияти ҳам юкланган.