Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин тўққиз нафар юқори мартабали ҳарбий амалдорни ишдан бўшатди. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри мамлакат мудофаа вазирлиги вакили берган маълумотларга таяниб хабар тарқатган.
«Хитойда мамлакат етакчиси армияда коррупция ва хиёнатга қарши курашни кучайтириши фонида ўзининг мавқеи бўйича иккинчи ўринда турувчи ва яна саккиз нафар юқори мартабали ҳарбий командирини ишдан бўшатди», дейилади хабарда.
Манба маълумотларига кўра, ўз ваколатларини топширган амалдорлар ичида мамлакатда катта таъсирга эга бўлган генераллардан бири Хэ Вэйдун ҳам бор. Унинг ишдан бўшатилишига «жиддий интизомий қоидабузарликлар ва ҳокимиятни суиистеъмол қилиш» сабаб бўлган.
Аввалроқ Bloomberg манбаси Хитой раиси ҳарбий раҳбарият орасида оммавий тозалаш бошлагани ва унинг доирасида ишдан бўшатилганлар сони аллақачон Мао Цзэдун даврида кузатилган кўрсаткичга етгани ҳақида ёзганди. Журналистлар ҳисоб-китобига кўра, август ойи охиригача Си Цзиньпин ўзи тайинлаган генераллардан қарийб бешдан бирини ишдан бўшатган.