Қашқадарё газетаси Жараён Реновация дастури: 2 қаватли эски уйлар ўрнига 7 қаватли замонавий турар жой мажмуалари барпо этилади
Жараён

Реновация дастури: 2 қаватли эски уйлар ўрнига 7 қаватли замонавий турар жой мажмуалари барпо этилади

Реновация дастури доирасида Ғузор туманида бундан 62 йил олдин қурилган, бугунги кунда эса ҳам жисмонан, ҳам маънан эскириб, авария ҳолатига келиб қолган икки қаватли кўп квартирали уйлар ўрнига замонавий кўп қаватли уй-жойлар қурилади. Эски уйлардаги хонадон эгаларига янги қуриладиган уйлардан «калити билан топшириш» шарти асосида ўзлари яшаб келган квартираларнинг майдонидан кам бўлмаган миқдорда хонадонлар тақдим этилади.

Маҳаллий Кенгашларда

Бу ҳақда халқ депутатлари Ғузор тумани Кенгаши томонидан жорий йил 9 август куни қабул қилинган қарорда сўз юритилади. Ҳужжатда қайд этилишича, мамлакатимиз Президентининг 2025 йил 7 февралдаги «Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «йўл харитаси»да воҳада 2025-2026-йилларда 2 қаватли 100 та эскирган уй ўрнига реновация асосида янги замонавий кўп қаватли уй-жойлар қуриш белгиланган.

– Бугунги кунда туман марказидаги Наврўз маҳалласида 1963 йилда қурилган 4 та ва Обод маҳалласида 1963 йилда қурилган 6 та кўп қаватли уйдаги 178 та хонадонда 756 нафар аҳоли яшаб келмоқда, – дейилади Кенгаш қарорида. – Ушбу кўп қаватли уйлар жисмонан ва маънан эскириб, авария ҳолатига келиб қолганлиги сабабли таъмирлаш имконияти бутунлай йўқолган. Хонадонлар табиий газ билан таъминланган бўлсада, марказлашган иситиш тизими мавжуд эмас, шунингдек, ушбу уйларда канализация тармоғи бўлмагани туфайли хонадонларда ҳожатхона ва ювиниш хоналари йўқ.

Шундан келиб чиқиб, туман ҳокимлиги, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги  бўлими, «Шуҳрат уйсоз сервис» бошқарув сервис компанияси ҳамда Обод ва Наврўз маҳалла фуқаролар йиғинлари «еттилиги» томонидан 1963 йилда қурилган 10 та кўп қаватли уй ўрнига босқичма-босқич реновация асосида замонавий кўп қаватли уй-жойлар қуриш таклифи билдирилган. Тафсилотларга кўра, реновация қилинадиган уйлар негизида 10 та етти қаватли уй қурилиши натижасида 540 та оила янги уй-жойларга эга бўлади.  Шунингдек, янги уйларнинг биринчи қаватида жами 50 та янги тадбиркорлик субъекти ва шунинг ҳисобидан 150 та янги иш ўрни ташкил этилиб, ҳудудда яшаётган аҳоли учун ҳаётий зарур бўлган кўплаб қулайликлар яратилади.

Шунингдек, туманга ажратилаётган бюджет ссудаси (7 миллиард сўм) ҳисобидан Наврўз маҳалласи ҳудудида ичимлик суви тизимини барпо этишга 2,5 миллиард сўм, Наврўз ва Обод маҳаллаларида ички йўлларни асфальтлаштириш, пиёдалар йўлакчаси ва болалар майдончасини қуришга 4,5 миллиард сўм миқдорида маблағ йўналтирилади.

Халқ депутатлари Ғузор тумани Кенгаши реновация дастури асосида юқорида қайд этилган бунёдкорлик ишларини амалга ошириш тўғрисидаги таклифларни маъқуллар экан, ҳудуддаги мутасадди ташкилот ва идоралар, масъул шахслар зиммасига тегишли вазифаларни ҳам юклади. Бу топшириқлар, хусусан, Наврўз ва Обод маҳаллалари ҳудудида реновация асосида кўп қаватли уй-жойларни қуришга салоҳиятли қурилиш корхоналари ва малакали ишчиларни жалб қилиш, реновация дастурини амалга ошириш комиссиясини тузиш, комиссия аъзолари ва тадбиркорлик субъектлари томонидан эски уйларда истиқомат қилувчи аҳоли ва  биринчи қаватида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган ишбилармонлар билан суҳбатлашиб, биноларни мустақил баҳоловчилар томонидан баҳолаш ишларини амалга ошириш ва уларнинг бозор қийматини тўлаб бериш (компенсация қилиш), эски уйлардаги хонадон эгаларига янги қуриладиган уйлардан ўзлари яшаб келган квартираларининг майдонидан кам бўлмаган миқдордаги хонадонларни «калити билан топшириш» шарти билан тақдим этиш бўйича келишув битимларини тузиш ва нотариал тасдиқлашдан иборатдир.

Таъкидлаш жоизки, Президент қарорига мувофиқ вилоятимизда 2025-2026 йилларда реновация дастури асосида шаҳарсозлик талабларига жавоб бермайдиган 100 та  2 қаватли эскирган уй ўрнига 109 та кўп қаватли уй-жой, яъни 3 минг 264 та хонадон ҳамда биринчи қаватда ва ертўла қисмида 256 та савдо, хизмат кўрсатиш объекти қуриш, бу ишларни молиялаштириш учун  837,4 миллиард сўм, шу жумладан, тижорат банклари кредитлари ҳисобидан 680 миллиард сўм ва ташаббускорлар маблағи ҳисобидан 150 миллиард сўм йўналтириш, шунингдек, ташқи муҳандислик ва инфратузилма объектлари учун зарур пул маблағлари ажратиш режалаштирилган.

Ўз мухбиримиз

Exit mobile version