Янги китоб
Нега китоблар ёзилади ва уларни ўқишади? Кўрганмиз, биламиз: китоб деса, эсноғи тутадиган, бироқ бинойидай яшаб юрганлар ҳам кўп. Моддий манфаат бермаса, боз устига, уларда ўзгалар кечмиши акс этса-ю, нега баъзи кишилар учун мутолаа ҳаётнинг ажралмас узвига айланади? Китобларда не сир-синоат яширинки, одам энг бебаҳо неъматни ўқиш учун сарфлашдан ҳузур туяди? Минг йиллик масалага ечим топиб, миллион долларлик мукофот пулини рад этган ва «Мен коинот тузилиши сирини биламан, миллион долларинг нима бўпти?!» деган телба даҳо сингари билим олдида дунё ўз қийматини йўқотармикан?
Шуниси аниқки, китоб инсонга ўзини, ўзлигини танитади, ҳаётига маъно, мақсадига мазмун беради, бинобарин, Ҳаққа яқинлаштиради.
Дунёда битикдан ками борми, бу қисқа умрда қай китобни ўқиш кераг-у, қай биридан юз бурган маъқул? Вақт ва ўқувчи ҳукмидан ўтган барча китоб ҳам ўқишга яроқлими?
Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими томонидан нашрга тайёрланган «Сирли салтанат жавоҳирлари» китоби орқали нимани ўқиш ва ўқимаслик борасидаги фикрларни аниқлаштириб олиш имкони бор, десак, асло муболаға эмас.
Тошкент шаҳридаги «Академнашр» нашриётида 1000 нусхада чоп этилган ушбу тўпламда сирли салтанат саналмиш адабиётнинг ўзига хос жавоҳирлари: жаҳон ва ўзбек сўз санъатида эътироф этилган 70 та машҳур асардан сараланган ҳикматлар, тагига чизиб ўқиладиган сатрлар жамланган.
Мутолаа асносида «Жиноят ва жазо», «Телба», «Зардўшт таваллоси», «Жараён», «Бегона», «Мартин Иден», «Уста ва Маргарита», «Доктор Живаго» каби мумтоз асарлар, «Мазахчини ўлдириш», «Қўзичоқлар сукунати», «Жон», «Парфюмер», «Япон зобити» каби янги таржима этилган асарлар, «Илон авровчи», «Сариқ аждар ҳамласи», «Шедевр ёзаман», «Ҳеч», «Танҳолик тантанаси» каби юксак савияли, бироқ ҳали ўзбек адабиётида у қадар оммалашмаган романлар ҳақида мулоҳаза ва иқтибосларни кўриш мумкин.
Китоб муқовасини таниқли дизайнер Баҳриддин Бозоров ишлаган. Унда «Одам ўлади – фикр эса абадий» деган маъно рамзий ифодасини топган.
Яна бир эътиборли жиҳати, китобдаги барча тақриз ва иқтибослар «Qashqadaryo» газетаси саҳифаларида эълон қилинган. Шу маънода «Сирли салтанат жавоҳирлари» тўплами 500 дан зиёд китоблар орасидан сараланган, қарийб 10 йиллик меҳнат маҳсули эканлиги билан ҳам эътиборлидир.
БЕКЗОД