Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар инсонлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Янгиликлардан хабардор бўлиш, зарур билим ва кўникмаларини ўзлаштиришда турли каналлар, саҳифалар, таълимий видеолар, онлайн курсларнинг аҳамияти катта. Ўз ўрнида, ижтимоий тармоқлар вақт беҳуда совуриладиган, нотўғри ахборотлар ва зарарли контентлар ёйиладиган воситага айлангани ҳам бор гап.
Шундай экан, ушбу майдонни сифатли ва фойдали контентлар билан тўлдириш зарур. Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими томонидан айни шу мақсадда вилоят мусиқали драма театри ижодкорлари билан ҳамкорликда долзарб мавзуларда роликлар тайёрланмоқда.
Жумладан, оилавий қадриятлар, ижтимоий тармоқларнинг ёшлар маънавиятига таъсири, гиёҳвандлик иллатининг мудҳиш оқибатлари, инсон ва жамият муносабатлари, вақтдан унумли фойдаланиш каби мавзуларда роликлар тасвирга олинди.
Бугун Қарши шаҳридаги Маънавият масканида ўтган тадбирда вилоят мусиқали драма театри ижодкорлари билан учрашув ўтказилиб, галдаги вазифалар белгилаб олинди. Фаоллик кўрсатаётган актёр ва актрисаларга Марказ вилоят бўлимининг эсдалик совғалари топширилди.
Б.САЙФИЕВ
Суратда: тадбирдан лавҳа.