Интерпол терроризмга қарши курашишга қаратилган махсус операция доирасида сунъий интеллект (СИ) технологияларидан фойдаланиб, унинг ёрдамида гумон остида бўлган 126 нафар кишининг шахсига аниқлик киритди. Бу ҳақда ташкилотнинг матбуот учун расмий баёнотида сўз борган.
«Сунъий интеллект рақамли маконда террорчилик тармоқларига қарши курашишга қаратилган ноёб операция давомида ушбу жиноятда гумон қилинаётган шахсларни аниқлаш учун қўлланилди. Ҳозирга қадар 126 нафар жангарининг шахси аниқланди», дейилади баёнотда.
Интерпол томонидан мувофиқлаштирилган «Shams II» операцияси 11 мамлакатдан келган мутахассислар иштирокида беш кун давом этган. Экспертлар жангари гуруҳлар томонидан тарқатилган 108 мингдан ортиқ тасвирни таҳлил қилган. Бунда маълумотларни қайта ишлаш жараёнини автоматлаштириш мақсадида махсус ишлаб чиқилган сунъий интеллект агентлари ва дастурий скриптлардан фойдаланилган. Улар ёрдамида бир хил тасвирлар аниқланиб, такрорий нусхалар олиб ташланган, шунингдек, суратлар сифати яхшиланган.
Натижада дастлабки маълумотлар ҳажми 6300 та ноёб ва юқори сифатли тасвирга қисқартирилган. Улар кейинчалик Интерполнинг юзни таниб олиш тизимига киритиш учун тайёрланган.